Маънавият 08.10.2019 217

ГИТЛЕР ҚЎЛЛАШГА ЭРИШМАГАН НОЁБ ҚУРОЛ СИРИ

Охирги мақола

Нацистларнинг махфий сирлари келгусида лазер, телевизор ва уяли алоқа воситаси ихтиросига имкон туғдирган!

Агар "Шкода" фабрикаси директори Вильгельм Фосснинг сўзларига ишонадиган бўлсак, 1945 йил апрель ойининг охирларида нацистлар коинотдан Москва, Лондон ва Нью-Йоркка зарба беришни режалаштиришган.

Қойилмақом "қўнғироқ"

Обергруппенфюрер Каммлернинг бош лойиҳаси "Die Glocke" деб аталган, таржимаси "қўнғироқ". Мазкур қурол билан нацистлар Иккинчи жаҳон уруши якунида тарихни ўзгартириши лозим бўлган. "Қўнғироқ" ва "ҳамроҳ объектлар"нинг тажрибалари ўша пайтларда Германияга тегишли Бреслау ҳудуди, яъни Польшанинг ҳозирги Вроцлав шаҳрига яқин жойда ўтказилган. Махфийлик даражаси шу қадар бўлганки, "Die Glocke" устида ишлаган барча 60 нафар олим отиб ташланиб, қардошлар қабристонида дафн этилган.

Якунда "қўнғироқ"нинг "отаси" (яқин кишилари ва "Шкода"нинг директори Вильгельм Фосс билан биргаликда) АҚШ разведкасига етказилган. "Мўъжиза-қурол"нинг (Пльзень ва Вроцлавдаги) ҳужжатлари ва чизмалари собиқ иттифоқ махсус хизматлари ихтиёрида қолган.

- "Die Glocke" устидаги ишлар 1940 йилда бошланган. Уни Пльзен шаҳридаги "Шкода" фабрикаси "SSнинг ақлий маркази" конструктори Ганс Каммлер бошқарган, - дейди поляк журналисти ("Вундерваффе" ҳақидаги ҳақиқат" китоби муаллифи) Игорь Витковский. - Даставвал "мўъжиза-қурол"ни Бреслау терварак-атрофида тест режимида синаб кўришган. Кейин, 1944 йилнинг декабрида Вацлав шахтаси ичкарисидаги ер ости лабораториясига (умумий майдони 10 км2) олимлар гуруҳи кўчириб келинди. Шубҳасиз, улар "қўнғироқ"ни такомиллаштириш устида иш олиб боришган. "Die Glocke" ҳужжатларда улкан қўнғироқ шаклида, қаттиқ металлдан тайёрланган, кенглиги 3 метр атрофида, баландлиги тахминан 4,5 метр ўлчамда тасвирланади. Бу мослама икки қўрғошинли цилиндрдан иборат бўлиб, тескари йўналишда айланадиган ва шартли равишда "Xerum 525" дея номланган номаълум субстанция билан тўлдирилган. "Die Glocke" ишга туширилиши натижасида шахтани хира бинафша ранг ёритади. Шахсан мен учун "Қўнғироқ" - ядровий физика, плазма, гравитация ва магнит майдони асосидаги тажрибалардан таркиб топган шунчаки жаҳаннам қоришмаси.

Масофага симсиз қувват узатишга эришилганмиди?

Игорь Витковский ўз талқини ишончли эканига далил сифатида кўплаб давлатларнинг архив ҳужжатлари қайдларидан мисоллар келтиради. Булар - SSнинг группенфюрери Якоб Шпорренбергнинг Польшадаги тергов протоколлари, америкаликларга асир тушган "Шкода" директори Вильгельм Фосснинг кўрсатмалари ҳамда 1945 йилнинг май ойида Буэнос-Айрес шаҳрига "қўнғироқ" лойиҳасининг бир қисмини олиб келган немис самолётлари қўнгани ҳақида гувоҳлик берадиган, 1993 йили ошкор этилган Аргентинанинг мудофаа вазирлиги маълумотлари эди.

Шпорренберг польшалик терговчиларга "Die Glocke"нинг синовлари натижаларини шахсан кузатгани ҳақида сўзлаб берган. Группенфюрернинг сўзларига қараганда, "қўнғироқ" чиқарган электр нури икки километргача радиусда тарқалган, тажриба учун келтирилган ҳайвонлар нобуд бўлган (каламуш ва қуёнлар танасида кристаллар пайдо бўлиб, уларнинг қони қуюлиб кетган). Ўсимликлар эса хлорофилл (ўсимликка яшил ранг бериб турувчи модда)дан айрилган, рангги оқариб, 8-10 соатдан сўнг парчаланиб кетган. Бироқ "қўнғироқ"нинг қуввати атом бомбасига ўхшаш вазифани бажармаган, аксинча, SS олимлари тарқаладиган нурнинг ажал келтириш даражасини камайтиришга уринишган. Уруш охирига келиб эса уни зарарсизлантиришнинг уддасидан чиқишган.

Хўш, унда бу қурол нима учун керак бўлган?

Витковский "Die Glocke" космик технологиялар йўналишида юксак даражага етгани, анча ҳақиқатга яқин талқинга кўра, "қўнғироқ" юз минглаб  "учар ликопча"лар учун қувват манбаи ишлаб чиқарганига юз фоиз ишонади. Бу диск кўринишидаги учар мосламалар экипажи бир-икки нафардан иборат бўлган. "Ликопча"лар (эҳтимол, масофадан таъминлаб турилган қувват билан) сониялар ичида вертикал тарзда ҳавога кўтарилишга, душманга қарши яшиндек тез ҳужум қилишга, коинотдан лазер ёрдамида нишонни уришга қодир бўлган. Агар "Шкода" фабрикасининг директори Вильгельм Фоссга ишонадиган бўлсак, 1945 йилнинг апрелида нацистлар бу ускуна ёрдамида "Иблис найзаси" операциясини амалга оширишни, яъни Москва, Лондон ва Нью-Йоркка зарба беришни режалаштиришган.

Дарҳақиқат, 1000 дона атрофидаги тайёр "ликопча"ларни америкаликлар кейинроқ Чехия ва Австриянинг ер ости заводларидан топишди.

 

Тадқиқотчи Жозеф Фаррелл 1965 йили Пенсильваниядаги Кексбург шаҳарчаси ўрмонига Ганс Каммлер намунаси бўйича мудофаа вазирлиги буюртмасида тажриба тариқасида ясалган "ликопча"га ўхшаш нотаниш учар жисм қулаганини қайд этади.

Ҳақиқатан шундайми? Эҳтимол. Чунки, бундан бир мунча вақт илгари АҚШнинг миллий архиви 1956 йилдан кейинги махфий ҳужжатларни ошкор этганди, улар "учар ликопча" устидаги тадқиқот ишлари "1794 лойиҳаси" доирасида олиб борилганини тасдиқларди.

Норвегиялик тарихчи Гудрун Стенсен Каммлернинг камида тўртта учувчи диски Совет армияси томонидан Бреслаудаги фабрикада қўлга киритилган, деб ҳисоблайди. Аммо Сталин "ликопча"га эътибор қаратмади, уни фақатгина ядровий бомба қизиқтириб қўйганди.

Ақлга сиғмас талқин

- "Die Glocke" космик аппарат бўлмаган, - дея таъкидлайди АҚШлик ёзувчи, "Гитлернинг қуроли - ҳали ҳам сирли!" номли китоб муаллифи Генри Стивенс. - У махсус модда - қизил симоб ишлаб чиқарган ва бу фантастик даражада самарасини берган. Америка разведкасига Вацлав ертўласидаги тажрибаларга гувоҳ бўлганлар "қўнғироқ"нинг юқори қисмидаги ботиқ кўзгу синов пайтида шахтадаги олимларнинг ҳаётидаги ўтган воқеаларни кўришга имкон берган" дея кўрсатма беришган. Шуни инкор этмаслик лозимки, бу вақтлар бўйлаб саёҳат қилиш орқали келажакни нацистлар фойдасига ўзгартиришга уриниш бўлганди.

Бу талқин қанчалик ақлга сиғмаслиги фаҳмига етиб турибман, бироқ, уруш охирида Берлинга совет жангчилари яқинлашганида Гитлер нима лозим бўлса, барчасига ишонишга тайёр эди.

Польша махсус хизмати Витковскийнинг тадқиқотини тасдиқлаш ёки нотўғрилигини исбот этишдан бош тортмоқда: SS группенфюрери Шпорренберг сўроқ қилингандаги протоколлар сири ҳозирга қадар ошкор этилгани йўқ. Ваҳоланки, Витковский Ганс Каммлер "қўнғироқ"ни Жанубий Америкага олиб борганига астойдил ишонади. Бошқа тадқиқотчи - британиялик ракетачи Ник Кук ўз китобида "Die Glocke"ни АҚШга кўчиришгани, айнан шунинг учун америкаликлар физика ва ракетасозликда шу қадар катта силжишга эришгани ҳақида ёзади.

Шундай қилиб, Учинчи рейхнинг "мўжиза-қурол"и ҳақидаги асл ҳақиқат ҳозирча ошкор бўлмади.

Нацистлардан нималарни тортиб олишган?

Телевизор: дастлабки телевизорлар (мазкур модификациядаги телевизорлар кейингилари ривожига асос бўлган) 1938 йили Берлиндаги кўргазмада намойиш этилган.

Лазер: 1934 йили нацистлар ишлаб чиқишни бошлаган душман ҳарбий ҳаво кучлари учувчилари кўзини сўқир қиладиган "лазер нури" ускунаси уруш тугашига бир ҳафта (!) қолганида яратилган.

Вертолёт: 1942 йили Германияда жаҳондаги илк жажжи "Колибри" вертолёти устида махфий синов олиб борилган. Бироқ кенг кўламдаги ишлаб чиқариш тўхтаб қолган.

Уяли телефон: Пльзендаги Ганс Каммлернинг бюроси 1945 йил февралдан ўнлаб лойиҳалар орасида "жажжи" кўчма алоқа мосламаси устида тадқиқот олиб борган.

Тарихчи Гудрун Стенсен "эҳтимол, Каммлернинг марказидаги чизмаларсиз айфонлар бўлмаган бўлармиди. Одатий кўринишдаги уяли телефонни яратиш эса кам деганда 100 йил орқага чўзилган бўларди", дея таъкидлайди.

Георгий ЗОТОВ

Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси.