Иқтисодиёт 20.11.2018 87

ГЛОБАЛ ТАДБИРКОРЛИК ҲАФТАЛИГИ

Ёшлар ва давр

ГЛОБАЛ ТАДБИРКОРЛИК ҲАФТАЛИГИ

воҳамиз ёшлари учун янги имкониятлар эшигини очди

Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам ўтказилган "Глобал тадбиркорлик ҳафталиги" тадбирлари ёрқин таассуротларга бой бўлди. Унда бизнес доираларининг таниқли  вакиллари, хорижий мутахассислар, фаол ва ташаббускор ёшлар иштирок этишди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши матбуот хизмати.

Ҳафталик доирасида "Dekos" компанияси асосчиси Ҳасан Мамасаидов, "Deli" компанияси асосчиси Ҳусан Мамасаидов, "Edu Action" асосчиси Умиджон Ишмуҳаммедов, "Ground Zero Kitob olami" компанияси асосчиси Темур Умаров,  португалиялик тадбиркор Нунес Рэй, эстониялик ишбилармон Прем Триин сингари  малакали эксперт ва мутахассислар тадбиркорликка энди қадам қўйган йигит-қизлар учун маҳорат дарсларини ўтишди. Жонли  мулоқотлар давомида ёшлар аудиторияси қошида тадбиркорлар олдидаги тўсиқларни бартараф этиш, муаммоларга ечим топишда халқаро тажрибадан фойдаланиш, хизмат кўрсатиш соҳаси ва иқтисодиётимизнинг бошқа тармоқларини юксалтириш, аёллар ҳамда ёшлар тадбиркорлигини жадал ривожлантириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Маҳорат дарсларида илк бор Португалия ва Эстониядан таклиф этилган мутахассислар иштирок этишгани ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Улар ёш ҳамкасблари билан фикр алмашиб, кўпгина амалий таклифларни ўртага ташлашди.

- Португалиялик тадбиркор Нунес Рэйнинг ўз ҳаётий тажрибалари асосидаги сабоқлари мени қизиқтириб қўйди, - дейди Қарши давлат университети талабаси Амиржон Жўраев. - Эндиликда менда ҳам у каби  давлат ташкилотларида ишлаш билан бир қаторда қўшимча тадбиркорлик билан машғул бўлиш истаги пайдо бўлди.

Бундай мулоқотлар ёш стартапчиларни қўллаб-қувватлаш, воҳамизда бизнес соҳасида янги авлоднинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

А.ҚОБИЛОВ