Қишлоқ хўжалиги 03.05.2019 273

ГУЛЧИЛИК БИЛАН ҲАМ БОЙИШ МУМКИНМИ?

Томорқа - хазина

Ғузор тумани Гулшан маҳалласида яшовчи Ҳамза Ҳакимовнинг рўзғори тўкин, фаровон ва бунинг боиси шу ҳудуд аҳлига яхши маълум. Мазкур хонадон вакиллари яхши яшаш учун имкониятни аввало ичкаридан қидиришган, тасарруфидаги томорқадан оқилона фойдаланишган. Ҳар мавсумда оила бюджетига келаётган 10-15 миллион сўм даромад ҳам шу саъй-ҳаракат ортидан.

- Гулчилик билан шуғулланиб ҳам бойиш мумкинми, дейишса, албатта, деб жавоб берган бўлардим, - дейди уй бекаси  Венера Ҳакимова. - Ҳар йили мавсумда 500 донадан зиёд гул ўстириб сотамиз. Улар орасида баҳоси 40-50 минг сўмга етадигани ҳам бор. Харажатни йўқ, деб ҳисобласа ҳам бўлади. Фақат меҳнат бор. Гулларни уруғидан, яна қаламча қилиб етиштирамиз. Бу ўсимликлар асосан тувакларда, хонадон шароитида парвариш қилишга мўлжалланган. Харидор ҳам кўп. Сотилмай қолмайди. Гуллар тури 20 хилдан ошади, нави эса бундан ҳам кўп.

Дарҳақиқат, хонадон фаолияти билан танишиш асносида гувоҳ бўлдикки, ҳовлида гул қўйилмаган жой деярли йўқ. Оила аъзоларининг асосий иш жойи - 2 сотих майдонни эгаллаган иссиқхона. Меҳнатни фақат катталар қилмайди, уларга фарзандлар ҳам яхшигина ёрдамчи бўлиб қолган. Ёшларда ҳам ишбилармонлик кўникмаси шаклланаяпти, суяги фойдали ишда қотаяпти. Бугун маҳаллада бу оиладан ўрнак оладиган кишилар ҳам талайгина.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сурат муаллифи Собир НАРЗИЕВ.