Сўнгги янгиликлар 14.06.2019 166

ИҚБОЛ АРАЛОВА - ЭНГ ЯХШИ РУС ТИЛИ ЎҚИТУВЧИСИ

Танлов

Халқ таълими вазирлиги, “Sharq Ayoli” халқаро аёллар жамоат фонди ҳамда Россиянинг “Русская гуманитарная миссия” (“Рус гуманитар миссияси”) ташкилоти томонидан  юртимиздаги рус тили ва адабиёти фани ўқитувчилари ўртасида “Энг яхши рус тили ўқитувчиси” танлови  ўтказилди.

Ўқитувчилар малакасини ошириш, рус тили ва адабиётини ўқитишнинг янги педагогик усулларини таълимга жорий этиш, шунингдек, педагогларнинг касбий ва коммуникатив кўникмаларини ошириш мақсадида ташкил этилган бу танловда саралаш босқичларида аввалги босқичда ғолибликни қўлга киритган 36 нафар киши иштирок этди. Улар 4 та шарт - тест синовлари, ёзма иш, дарс машғулоти, замонавий АКТ ёрдамида дарс ишланмаси тайёрлаш бўйича беллашишди. Якунига кўра, 10 нафар иштирокчи танлов ғолиби деб топилди.

Ғолиблар орасида Деҳқонобод туманидаги 85-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Иқбол Аралова ҳам бор.

- Ушбу танловда билим ва маҳоратимизни синовдан ўтказдик, - дейди Иқбол Аралова. – Шунингдек, хориждан келган мутахассисларнинг тавсиялари, ўтказилган маҳорат дарслари, семинарлар кейинги фаолиятимизда янгиликлар киритишимиз учун асос бўлди. Бундан ташқари, мазкур танлов Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган ҳамкасблар билан тажриба ва маҳорат алмашиш борасида ҳам қулай имконият яратди.   

Ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланган танлов ғолиблари Россия Федерациясига беш кунлик саёҳат қилиш имкониятини ҳам қўлга киритдилар.

 С.АЛЛАЁРОВА