Таълим 21.06.2019 216

ИҚТИДОРЛИ ЎҚУВЧИЛАРГА ОЛТИН ВА КУМУШ МЕДАЛЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Ёшлар - келажагимиз

Қарши шаҳридаги "Ватанпарварлар боғи"да вилоятимиздаги умумий ўрта таълим муассасаларининг 206 нафар иқтидорли битирувчисига олтин, яна 283 нафарига эса кумуш медаллари топширилди.

Вилоят ҳокимлиги ва халқ таълими бошқармаси томонидан ташкил этилган тантанали маросимга соҳа етакчилари, фахрий ўқитувчилар, ота-оналар таклиф этилди.

Тадбирда сўз олганлар юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ва мамлакатимиз ҳукуматининг  тегишли қарорига асосан тасдиқланган "Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида"ги Низом моҳияти ҳамда 2018-2019 ўқув йилида вилоятимиз ёшлари томонидан қўлга киритилган ютуқлар ҳақида сўз юритишди.

- Синфдошларим Зулайҳо Маматқулова, Дилфуза Аҳмедова, Лазиз Усмонов, Азизбек Икромовни табриклагани келдим, - дейди Ғузор туманидаги 34-мактаб ўқувчиси Асилбек Мирзаёров - Улар мактабимизнинг иқтидорли ўқувчилари. Келажакда бири ўқитувчи, қолганлари шифокор, техник-муҳандис ва учувчи бўлишни ният қилишган.

- Қизим Гулноза Қамбарова Чироқчи туманидаги 6-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати битирувчиси, - дейди Хосият Абдуллаева. - Олтин медалга 10- ва 11-синфларда барча фанлар бўйича якуний назоратлар, чораклик ва йиллик баҳолари аъло бўлгани, намунали хулқ-атвори ва жамоат ишларидаги фаоллиги, шунингдек, фан олимпиадаларидаги яхши натижалари сабаб эришди. Ишонаманки, бу медаль Гулнозанинг ўзига бўлган ишончини ошириб, келажакда яна кўплаб ютуқ ва муваффақиятларни қўлга киритишига асос бўлади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2018-2019 ўқув йилида вилоятимиздаги 1 минг 117 та мактабда 32 минг 501 нафар ўқувчи 11-синфни тамомлади.

Сожида АЛЛАЁРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.