Жараён 14.05.2019 200

"ИБРАТЛИ ОИЛА" КЎРИК-ТАНЛОВИ ҒОЛИБИ АНИҚЛАНДИ

15 май - Бутунжаҳон оила куни

Қарши шаҳрида 15 май - Бутунжаҳон оила куни олдидан Ўзбекистон Миллий гвардияси таркибида фаолият олиб бораётган ҳарбий хизматчиларнинг оила-аъзолари ўртасида "Ибратли оила" кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Миллий гвардияси Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоят бўлинмаларидаги хизмати давомида ҳурмат-эътибор қозонган, маҳалладаги қўни-қўшнилар билан яқин муносабат ўрнатиб, фарзанд тарбиясида бошқаларга ибрат бўлаётган ҳарбийлар оилалари учта шартда - таништирув, эркин мавзуда саҳна кўриниши ҳамда интеллектуал салоҳиятни синовдан ўтказиш бўйича беллашишди.

Иштирокчи оилаларнинг ҳар бир чиқишини ҳакамлар ҳайъати танлов низомида белгиланган мезонлар асосида баҳолаб борди. Якунда вилоятимиз номидан қатнашган Назаровлар оилавий жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг навбатдаги босқичига йўл олди.

Танлов доирасида концерт дастури ва кўргазмали китоб ярмаркаси ҳам ташкил этилди.

С.АЛЛАЁРОВА