Жараён 28.05.2019 100

ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

Халқ билан мулоқот

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Хатамов аҳоли муаммоларини ўрганиш ва халқ билан яқиндан мулоқот қилиш мақсадида вилоятда сайёр қабул ўтказди. Дастлаб Касби, сўнг Яккабоғда ушбу ҳудудлар ва унга ёндаш туманлар аҳолиси қабул қилинди.

Қайд этиш лозим, халқимизнинг миллий ва азалий қадриятлари, анъаналаридан келиб чиққан ҳолда одамларни ҳаётдан рози қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни атрофлича ўрганиб, бартараф этиш устувор вазифалардан бирига айланди. Албатта, бундай хайрли ва савобли ишлар фуқароларда дахлдорлик ҳиссини кучайтириб, бу орқали жамият тараққиёти янада жадаллашади.

Мулоқот давомида Касби тумани Комилон қишлоғида яшовчи Г.Жўраева узоқ вақтдан буён шифохоналарда даволанганига қарамай соғлиги тикланмаётгани, ишлай деса саломатлиги кўтармаслиги, боз устига қизи ҳам ишсизлиги, шунинг учун ногиронлик нафақаси тайинланиши ва фарзандининг иш билан таъминланиши бўйича амалий ёрдам сўради.

Мурожаат атрофлича ўрганилиб, фуқарога вилоят соғлиқни сақлаш  бошқармаси томонидан даволаниш учун ордер, туман ҳокимлиги томонидан энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида моддий ёрдам пули ажратилди ҳамда қизи мактабгача таълим муассасасига ярим ставка асосида ишга жойлаштирилди.

Фазли қишлоғилик Ш.Қурбонова 2009 йилда қишлоқ врачлик пунктига ишга кириб, 2013 йилда туғруқ таътилига чиққан.  2018 йилда ишга чиқиш учун туман тиббиёт бирлашмасига ариза билан мурожаат этганда, унга малака ошириш курсида ўқиб келиш лозимлиги айтилган. Малака ошириш курсида ўқиш учун эса 1 миллион 900 минг сўм контракт пули тўланиши лозим. Ш.Қурбонова ортиқча сармояси йўқлиги боис ўқишга боролмаган.

Вазир ўринбосарининг тавсияси асосида ҳомийлар томонидан Ш.Қурбонованинг контракт пули тўлаб бериладиган ва у ўқишни тугатиб ўз ишини давом эттирадиган бўлди.

Яккабоғ тумани Пахтакор қишлоғида яшовчи Д.Раҳимова тикувчилик касбини ўргангани, лекин маблағи йўқлиги сабабли тикув машинаси ололмаётгани, агар бу амалга ошса, келгусида фаолиятини кенгайтириб, қишлоқ қизларига ҳам бу касбни ўргатишини баён этди. Ташаббус ҳомийлар томонидан қўллаб-қувватланиб, унга тикув машинаси берилди. Бундай имкониятга туманнинг Уламжи, Айғиркўл, Алакўйлак, Каттабоғ қишлоқларида яшовчи Х.Эшқобилова, Ў.Шернаева, Г.Эгамбердиева, Ф.Ғузорова сингари аёллар ҳам эга бўлишди.

Тингланган 215 мурожаат суд, прокуратура, ички ишлар органлари фаолиятига оид, соғлиқни сақлаш, нафақа, уй-жой ва ер билан таъминлаш, ишга кириш, афв этиш, мактаб таълими, кредит олиш, коммунал соҳалар, йўл қуриш, қурилиш соҳаси, моддий ёрдам ва бошқа йўналишлар бўйича бўлди. 54 мурожаат жойида ҳал этилди. 133 кишига муаммоси бўйича  бошқа органга мурожаат этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. 7 фуқарога ногиронлик аравачаси, 3 кишига таянч воситалари, бир кишига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Бир фуқарога фермер хўжалиги учун ер майдони ажратиш бўйича ҳоким қарори чиқарилди. Маблағ ва вақт талаб этадиган мурожаатлар тегишли мутасадди идораларга юборилди, ижроси бўйича муддатлар белгиланиб, назоратга олинди.

Эътиборли жиҳати шундаки, кейинги пайтда фуқаролар қабулга фақат ариза ва шикоят билан эмас, балки ўз миннатдорликларини баён этиш учун ҳам келмоқда. Жумладан, Косон тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи Ш.Қурбонов ўғли ўз билими ва салоҳияти билан профилактика инспекторининг ёрдамчиси лавозимига ишга киргани, танлов очиқ ва холис ўтгани учун ИИВ ва вилоят ИИБ раҳбариятига ўз миннатдорлигини баён этди.

Якунда мурожаатлар жамланиб, таҳлил этилди ва секторлар раҳбарларига рўйхатга олинган муаммоларни бартараф этиш мажбурияти юкланди.

Н.ХЎЖАЕВ