Сўнгги янгиликлар 05.02.2019 259

ИИВ АКАДЕМИЯСИ БОШЛИҒИ ҚАШҚАДАРЁ АКАДЕМИК ЛИЦЕЙИДА БЎЛДИ

Ёшлар ва давр

ИИВ АКАДЕМИЯСИ БОШЛИҒИ ҚАШҚАДАРЁ АКАДЕМИК ЛИЦЕЙИДА БЎЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов академиянинг бир гуруҳ ўқитувчилари билан Ички ишлар вазирлигининг Қашқадарё академик лицейида бўлди. Ташриф давомида лицейдаги ўқув жараёни, ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишилиб, педагоглар билан давра суҳбати ўтказилди.

Суҳбат давомида ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ички ишлар органлари учун зарур бўлган маънавий-ахлоқий фазилатлар, дастлабки касбий билим ва кўникмаларни шакллантириш ҳамда ақлан ва жисмонан етук ёшлар этиб тарбиялаш борасида сўз борди.

Қайд этиш жоиз, айни пайтда академик лицейда 520 ўқувчи таҳсил олмоқда. Жорий ўқув йилида 3 мингга яқин талабгор ушбу таълим муассасасида ўқиш истагини билдирган. Махсус-профессионал танлов асосида уларнинг 936 нафари танлаб олиниб, сўнг тест синовларига киритилди. Улар ичидан энг муносиб 230 ўғил-қиз ўқишга қабул қилинди. Кўриниб турибдики, таҳсил олаётганларнинг аксарияти кейинги ҳаётини ҳарбий соҳа, ички ишлар тизими билан боғлаш ниятида бўлган ёшлардир. Янги илмий ва бадиий адабиётлар билан бойитилган ахборот-ресурс маркази, замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланган синф хоналари, барча қулайликларга эга спорт зали ўқувчиларнинг чуқур билим олишлари, соғлом ва баркамол бўлиб улғайишларига хизмат қилмоқда.

Академия бошлиғи академик лицей ўқувчилари билан учрашиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Ўқувчи-ёшлар томонидан Ватанни, юрт посбонларини мадҳ этувчи шеърлар ижро этилди.

Меҳмонлар академик лицейда ташкил этилган ички ишлар органлари тарихи музейида ҳам бўлиб, экспонатлар, Қашқадарё милицияси фаолиятидан ҳикоя қилувчи лавҳалар, фотосуратлар билан танишдилар.

Суҳроб ҚАЛАНДАРОВ,

вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ходими