Жамият 15.02.2019 283

ИККИ НАЗОРАТЧИ СОХТА ДАЛОЛАТНОМАЛАР БИЛАН 58 ИСТЕЪМОЛЧИНИ ҚАРЗДОРГА ЧИҚАРДИ

Назорат ва натижа

 ИККИ НАЗОРАТЧИ СОХТА ДАЛОЛАТНОМАЛАР БИЛАН

58 ИСТЕЪМОЛЧИНИ ҚАРЗДОРГА ЧИҚАРДИ

 Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси органлари томонидан энергия ва сув ресурслари тармоқларига ноқонуний уланган истеъмолчиларни аниқлаш,    қарздорликларни бартараф этиш асносида кўплаб фирибгарлик ҳолатларига ҳам дуч келинмоқда.

Жумладан, муқаддам "Миришкортумангаз" филиалида абонент хизмати аҳоли назоратчиси лавозимида ишлаган Жўрабек Абдуллаев ва Фарҳод Турсунов хонадонларда хатлов ўтказмасдан, Янги Миришкор маҳалласида яшовчи 58 нафар фуқарога нисбатан ўзбошимчалик билан лойиҳадан ташқари "опуск" (жўмрак)дан фойдалангани ҳақида сохта далолатномалар тузишган. Ушбу далолатномаларда фуқароларнинг ҳар бирига 600 метр кубдан, жами 6 миллион 320 минг сўмлик газ сарфини тақсимлаб, сохта ёзув ва маълумотлар билан имзоларни қалбакилаштиришган. Сўнг газ сарфи ҳақидаги маълумотларни  ноқонуний равишда "Миришкортумангаз" филиалининг "Биллинггаз" дастуридаги истеъмолчиларнинг абонент ҳисоб рақамларига киритишга, асоссиз равишда табиий газдан истеъмолчилар ҳисобига  қарздорлик ҳосил қилишга эришадилар.

 Эътиборлиси, Жўрабек Абдуллаев 2018 йил 2 февралда ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 205-моддаси 2-қисми "а" банди, 209 моддаси 2-қисми "а" банди билан айбли деб топилиб, тегишли жазо олган эди. Афсуски, у қонунга зид қилмишидан тўғри хулоса чиқармади.

 Юқоридаги ҳолат юзасидан Ж.Абдуллаевга 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромадига ундирилган ҳолда 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, Ф.Турсуновга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

 Жиноятга албатта жазо муқаррар. У эртами-кеч, барибир очилади. Шунинг учун ҳар ким ўзига билдирилган ишончни оқлаб, вазифасига сидқидилдан ёндашса, эл-юрт олдида юзи қора бўлмайди.

 "ГИССАРНЕФТГАЗ" ҚЎШМА КОРХОНАСИ 1 ТРИЛЛИОН 349 МИЛЛИАРД СЎМЛИК МОЛ-МУЛКИНИ НЕГА СОТУВГА ҚЎЙДИ?

 Гап шундаки, корхонанинг 1 триллион 164 миллиард сўм солиқ қарзи ҳамда хўжалик юритувчи субъектлардан 507,9 миллиард сўм қарздорлиги мавжуд эди.

 Шу асосда 2018 йил сентябрь ойида қарздорнинг 25 миллиард 809 миллион сўмлик, кейинчалик 12 миллиард 936,3 миллион сўмлик ва декабрь ойида 16 миллиард 142 миллион сўмлик пул маблағлари ундирилиб, солиқдан бўлган қарздорлигига йўналтирилди.

 Ҳозирги кунда ушбу қўшма корхонанинг 39 турдаги (шундан 28 турдагиси автотранспорт воситалари) 1 триллион 349 миллиард 216 миллион сўмлик мол-мулклари электрон онлайн аукцион савдосига чиқарилган.

 ЧИРОҚЧИДА 694 КИШИ ЭНЕРГИЯ РЕСУРСЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАН

 Мажбурий ижро бюроси Чироқчи тумани бўлими томонидан 2018 йил давомида 694 нафар қоидабузар истеъмолчига нисбатан далолатномалар расмийлаштирилган бўлиб, давлатга етказилган 764 миллион 446 минг сўмлик зарар аниқланган. Шундан электр энергияси бўйича 674 нафар истеъмолчидан 716 миллион 758 минг сўм, табиий газ бўйича 19 нафар истеъмолчидан 33 миллион 207 минг ва сув таъминоти бўйича 1 нафар истеъмолчидан 14 миллион 580 минг сўм зарар ундириб олинган.

 Аниқ мисолларга тўхталадиган бўлсак, Хўжаобод маҳалласида яшовчи Сарвар Лапасовга тегишли савдо дўконида электр энергиясидан фойдаланиш аҳволи ўрганилганда, дўконда пластик картали ҳисоблагич ўрнатилган бўлса-да, уддабурон тадбиркор дўкон остидаги ертўлада ҳисоблагичга кирувчи симлар оралиғидан кабелларни арчиб, ноқонуний уланган ва электр энергиясидан фойдаланиб келган. Ушбу ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилиб, туман электр таъминоти корхонасига етказилган 4  миллион 505 минг сўм зарар тўлиқ ундирилган.

 Чорвадор маҳалласида яшовчи Шохзодбек Ойназаров эса ер ости магистраль газ қувурига ноқонуний уланиб, табиий газдан оҳак ишлаб чиқариш цехи учун фойдаланиб келган. Шунга кўра, туман газ таъминоти корхонаси фойдасига 11 миллион сўм зарар тўланиши таъминланган.

 Янги қурилиш маҳалласилик Қаролберди Худайназаровга тегишли маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси - чўмилиш ҳавзасида сувдан фойдаланиш қонунийлиги ўрганилганда, Яккабоғ-Муборак асосий магистраль ичимлик суви қувуридан ноқонуний, ҳисобга олиш асбобисиз тармоқ тортиб фойдаланиб келингани маълум бўлди. Натижада "Сувоқова" корхонасига етказилган 14 миллион 580 минг сўм зарар қоидабузардан тўлиқ ундирилган.

 Келгусида шу каби ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ва ижро этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, кундалик назорат олиб борилмоқда.

 Гулноза ДИЛМУРОДОВА,

 Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси катта инспектори

 ЁНИЛҒИ ҲИСОБЛИЮ, ЭЛЕКТР ЭГАСИЗМИ?

 Маълумки, энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши, тармоққа ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга Мажбурий ижро бюроси масъул саналади. Давлат раҳбарининг 2017 йил 29 майдаги фармони асосида  ташкил этилган мазкур тузилма ўтган давр ичида энергия узлуксизлигини таъминлаш имкониятларини оширди.

 Шундай экан, ҳар бир истеъмолчи энергия ресурслари, жумладан, электр, газ ва сувдан оқилона, қонунда кўрсатилган тартибда, тежамкорлик билан фойдаланмоғи керак. Афсуски, бу борада белгиланган тартибни онгли равишда бузишга уринадиган кимсалар ҳам учраб туради.

 Хусусан, бюронинг Яккабоғ тумани бўлими томонидан тумандаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида электр энергиясидан фойдаланишнинг  қонунийлиги ўрганилганда, "Жалол ота" МЧЖда электр энергиясидан ҳисоблагичдан ташқари ўзбошимчалик билан фойдаланиб келинаётгани аниқланди. Натижада тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, жамият электр тармоғидан ажратиб қўйилди. Ҳисоб-китобларга кўра, "Жалол ота" МЧЖ томонидан давлат манфаатларига 10 миллион 155 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

 Қонунга зид ишга қўл урганлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 101-моддасига асосан жавобгарликка тортилди ҳамда етказилган зарар ва жарима ундирилиши таъминланди.

 Мирзоҳид ЭШИМОВ,

 Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси катта инспектори

 БИР КУНДА ИККИ ОИЛА ЯРАШТИРИЛДИ

 Оила - муқаддас қўрғон, чунки унда келгуси авлод вояга етади. Эртаси ёруғ бўлишини истаган киши, жамият борки, оила мустаҳкамлигини таъминлашга ҳаракат қилади. Аммо бу - ҳаёт, у яхши-ёмон, ўнқир-чўнқир йўлларга бой. Нишонлик Жобир Қулманов ва Авазгул Элмуратова ҳам ана шу ўнқир-чўнқирларда чалкашди, охир-оқибат уларнинг никоҳ билан боғланган йўллари айри тушди. Бироқ орада 3 нафар вояга етмаган фарзанд ҳам бор эди. Шу сабабли фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2015 йил 18 февралдаги ижро ҳужжатига асосан Жобир Қулмановдан Авазгул Элмуратова фойдасига фарзандларини моддий таъминлаш мақсадида алимент ундириш белгиланди.

 Албатта, алимент ундиришнинг у қадар қийин томони йўқ. Бироқ бу билан муаммо ҳал бўлиб қоладими? Ваҳоланки фарзандлар ҳар томонлама тўкис   вояга етиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун отанинг ҳам, онанинг ҳам алоҳида ўрни, вазифалари бор. Содда айтганда, бола ота-онанинг тарбияси ва меҳрига бирдай муҳтож.

 Масаланинг ана шу жиҳатлари нишонлик эр-хотинларга атрофлича тушунтирилгач, икки томон орадан 4 йил ўтиб, ярашишга қарор қилди.

 Худди шундай МИБ Нишон тумани иш юритувида бўлган қарздор Аҳрор Зиёдовдан ундирувчи Лобархон Болтаева фойдасига бир нафар фарзанди учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати ҳам оила ярашгани муносабати билан тамомланди.

 Нафақат ярашган оилалар, балки жамият учун ҳам манфаатли бўлган бундай   хайрли ишлар давом эттирилмоқда.

 Руҳиддин ШАРИПОВ,

 Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси катта инспектори