Маънавият 29.01.2019 318

ИККИ СУЛТОН САДОҚАТИ

Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги олдидан

ИККИ СУЛТОН САДОҚАТИ

Тарихий асарларда, адабиёт дарсликларида улуғ мутафаккир Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро дўстлиги ҳақида кўп ва хўб ёзилган. Навоийнинг буюк шоир бўлишида Ҳусайн Бойқаронинг ўрни, Бойқаронинг маърифатли, адолатли подшо бўлишида дўстининг кўрсатган хизматлари ҳақида далиллар, аниқ маълумотлар келтирилади.

Алишер Навоий ҳақида, ул муҳтарам зотнинг султон Ҳусайн Бойқаро билан муносабати борасида тарихчи Хондамир "Макоримул-ахлоқ" ("Яхши  хулқлар") тарихий асарида "олий мартабали, соф ниятли, салтанат суянчиғи, мамлакат устуни, хоқония давлатининг ёрдамчиси, султон ҳазратларининг яқини", деб маълумот берса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур "Бобурнома" асарида "Алишербек беги эмас,  мусоҳиби эди", дея таъкидлайди.

Хондамир ўз асарида шундай ёзади: "Фазл ва камол доирасининг маркази бўлган ул зот (Навоий) ёши тўртдан ўтганда унинг тарбиясини осмон мактабига муаллим бўларлик Аторуд каби кўнгли равшан бир адибга топширди. Улуғ мартабали соҳибқирон (Ҳусайн Бойқаро)  билан биргаликда мактабга бориб дарс ўқишга киришди". Шу мактаб сабоғи  жараёнида, соф болалик даврида бошланган дўстлик шоир ҳаётининг сўнгигача   давом этиб, муҳим ижтимоий ҳолатни касб этди. Бу дўстлик замирида аслида  манфаат ҳам, агар ҳаёт, вазият тақозаси ҳисобга олинмаса, ғараз ҳам йўқ.  Бу дўстлик ўз даврида муҳим  ижтимоий-сиёсий, тарихий, маданий ва маърифий аҳамиятга эга бўлиб, минглаб  шахслар тақдири, салтанат тақдирига ҳам таъсир этмай қолмади. (Ахир Алишер  Навоийнинг заковати, тўғри маслаҳатлари Ҳусайн Бойқарони адолатга  ундагани ва у муҳтарам зотга Ҳусайн Бойқаронинг қулоқ тутгани сабаб салтанатдаги не-не чигаллар оқилона ҳал қилинган, исёнлар тўхтатилган, мамлакатда адолат устувор бўлган. Ота-бола низолари шу буюк шоир тадбири  туфайлигина кўпинча бартараф этилган).

Шунингдек, Алишер Навоий асарларидаги эътирофларидан англашиладики, шоир ўз дўсти Ҳусайн Бойқарога жуда қаттиқ меҳр қўяди. Дўстнинг меҳри самимий, ҳеч қандай тамага ўрин йўқ. Шоир "Вақфия" асарида: "... ул  ҳазратнинг қуллуғин иртикоб қилурда (бажаришда) ҳеч навъ ўз ғараз ва маслаҳатим (ўзимга яхшилик қилиш) мутасаввар эрас эрди, балки хос тенгрилик учун, дағи ўзининг (Султон Ҳусайн мирзонинг) хотири учун, дағи мусулмонлар маслаҳати учун эрди..."

  Адолатли ва маърифатли шоҳ образи Алишер Навоийнинг улкан ва эзгу орзуси эдики, болалик чоғиданоқ шу истаги ижобатини Ҳусайн Бойқаро тимсолида кўради. Шоир тожу тахт талашлари  даврида оиласи билан сарсон кезганда ҳам, ғариб талабалик кезларида ҳам ватан, халқ осойишталиги, фаровонлиги раҳномаси сифатида умид кўзини шу дўстига   тиккан бўлса керакки, дўсти Ҳиротда Хуросон тахтини эгаллаганданоқ "Қасидаи Ҳилолия" муборакномасини ёзиб, Самарқанддан Ҳиротга, дўсти   ҳузурига ошиқади. Орзулари ижобатини кутади. Бу орзулар бежиз, беҳуда эмас эди,  албатта. Султон Ҳусайн Бойқаро шахсида шоир ва шоҳ мужассам эди. Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаронинг назмий  қобилиятига   юксак  баҳо  берган.

   Маълумки, Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврида Ҳиротда, умуман  Хуросонда катта адабий  муҳит бўлиб, бошида Абдураҳмон Жомий, Алишер  Навоийдан сўнг подшоҳнинг ўзи турган. Алишер  Навоий Ҳусайн Бойқарони  замонасининг энг яхши шоирларидан ҳисоблаган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам "Бобурнома" асарида: "Ҳусайн Мирзо  каримут-тарафайн (ота-онаси томонидан подшоҳликка ҳақли) асил подшоҳ эди...  Таъби назми бор эди. Девон ҳам тартиб қилиб эди. Туркий айтур эди. Тахаллуси  "Ҳусайний". Баъзи байтлари ёмон эмастур", деб таъриф беради.

   Алишер Навоий "Мажолис ун-нафоис" асарида Ҳусайн Бойқарога алоҳида  "мажлис" (боб) ажратади. Туркийгўйлиги, бошқаларни ҳам шунга даъват этиши, маърифатпарварлиги, унинг ҳукмронлиги даврида Хуросонда илм-фаннинг, айниқса, адабиётнинг гуллаб-яшнаганини таъкидлайди. Навоий тасвирида Ҳусайн  Бойқаро подшолик осмонида жаҳонни безатувчи қуёшгина эмас, балки "фасоҳат" (гўзал услубда маъноли ва чиройли фикр айтиш) оламида нозик мушоҳадалар билан мўъжизакорлик кўрсатувчи ҳамдир. Муаллиф бунга  мисоллар келтиради. Алишер Навоий, Мавлоно Лутфий ва бошқа шоирлар Амир Хисрав Деҳлавийнинг бир байтини жуда қойил қолиб мақташади. Байтда  маҳбуба ёмғир ёққанда лойга тойиб йиқилади ва ғоят нозиклигидан ёмғир  томчилари риштаси (ипи)га осилиб ўрнидан туради. Бу ўхшатиш барча  шоирларда ҳайрат уйғотади, фақат Ҳусайн Бойқарогина бу байтнинг ожиз томонини топади. Яъни ёмғир томчилари пастга қараб ҳаракатлангани учун   унга осилиб туриб бўлмаслигини айтади.

"Мажолис ун-нафоис"да Алишер Навоий шундай ёзади: "...ул ҳазрат бу эътирозни нақл қилғоч, фақир билдимки, мен ва ҳар кишики бу маънини эшитиб, таҳсин қилибдур, биз-барча ғалат қилғон эрмишбиз. Қулоқ тутиб, ўз нуқси таъбимга муътараф бўлдим (ўз дидимда  нуқсон борлигини бўйнимга олдим). Андан сўнг ул ҳазрат дедиларким, бу байт андоқ воқе бўлибтурки, эътироз маҳалли йўқтур (ўша байт бундай бўлса  эътирозга ўрин қолмайдур)ким:

Заъфдин кулбамда қупмоқ истасам айлар  мадад 

Анкабуте ришта осқон  бўлса ҳар деворга.

(Касаллигимда уйимда турмоқ истасам ҳар деворга ўргимчак осган "тола"  мадад беради, яъни шунчалик озиб, нозуклашиб кетганманки, ўргимчакнинг арқони  мени кўтара олади)".

Алишер  Навоий султон Ҳусайн Бойқарога шу қадар ихлос қўядики, нафақат дўст, балки меҳрибон отадай, ғамхўр акадай нохушликлардан  эҳтиётлаган. Камчилигу хатолардан пок, мусаффо ҳолда кўришни истаган. Ҳатто   рақиблар туфайли орага низо тушиб, Астрободга сургун қилинганда ҳам  шоҳни, дўстини авайлайди. Мактублар ёзиб, подшоҳлик ишларида маслаҳатлар беради. Навоийнинг "Муншаот" асари шундан шоҳидлик беради: "Қуллуқ арзадошт улким, бир неча сўз хотирға келиб эрди, арз қилмоғи вожиб кўринди. Аввал улки, илтизом қилилсаким, эрта  уйғониб намоз ўқилса... Яна улким, алассабоҳ (эрталаб) ҳарамдан чиққач, девонда ўлтириб додхоҳ  сурулса (кишилар арзлари эшитилиб, адолат ўрнатилса)... Яна улким, мулк  ва  мол  ишидан, бас, додхоҳ  ишидан   фароғат ҳосил  бўлса (тинчлангандан сўнг) китобхонага  кирилса, кутубхон  аҳли билан машғуллиқ қилилса... Яна улким, Ироқ мамлакатига фаҳмлиқ, ҳушлиқ  кишилар юбориб, доим хабар тутила  турилса... Яна улким, мажлис қуруб чоғир ичарга (майхўрликка кўп ҳирс кўрсатилмаса)...".

Шунингдек, султон Ҳусайн Бойқаронинг Алишер Навоийга эътиқоду  ҳурмати, муҳаббати бошқа ичкиларига, амирларига нисбатан ўзгача бўлган. Фақат Алишер Навоийгагина подшоҳнинг ўринсиз буйруғига қарши сўз айтиш имкони берилган экан. Агар Ҳусайн Бойқаро ўз фикрида қатъий турса-ю бу буйруқ ёки фармон халққа фойдасиз, низо чиқаришга боис бўлиши мумкин бўлса, Алишер Навоий 9 мартагача шоҳнинг фикридан қайтариш учун арз қилиши мумкин экан. "...Илгимдан келганча зулм тийғин ушотиб, мазлум  жароҳатиға интиқом  марҳамин қўйдим. Ва илгимдан келмаганини ул ҳазрат  арзига еткурдим...".

Султон Ҳусайн Бойқаро "Рисола" асарида ўзининг  подшоҳлик даврида Хуросонда маданий ҳаёт юксалганидан, ижод ва санъат  аҳли кўплигидан ғурурланади. Дўсти Алишер истеъдодига ва асарларига юксак баҳо беради: "...Ва лекин маъний келинчакларига бу кунгача  ҳеч ким туркона кийим кийгизмаган ва у нозанинларни бу гўзал сарпо билан безатиб,  юзага чиқармаган эди... То бу бахтиёр замонда ва қутлуғ давронда ҳақ  сўз айтишнинг қаҳрамони, яъни Навоий тахаллуси билан   машҳур Мир Алишер  турк тилининг ўлган жасадига Масиҳ нафаси билан руҳ-жон киргизгунча... Ва бу кун назм дунёсининг рубъи маскунида қаҳрамон удир ва уни бу  мамлакатни қўлга киргизган соҳибқирон деса бўлади".

  Алишер Навоий Ҳусайн Бойқарога бағишланган "Хамса" асарини  тугаллаб, дўстига тақдим этганда, султон ўзининг оқ отига шоирни миндириб, ўзи жиловидан тутиб етаклайдики, бу Алишер Навоийнинг жаҳон адабиётининг   энг буюк асарларидан бирини яратганига таҳсин ва эътироф, улкан бир  мамлакат ҳукмдорининг улуғ шоирга эъзозининг, ҳурматининг, ижодкорнинг  ўзидан устун ижодкорга сидқидилдан эҳтиромининг, дўстнинг дўст ютуғидан  чексиз ва чинакам қувончининг зоҳири эди.

Шоҳ Ҳусайн Бойқаро ва шоир Алишер Навоий -  бири  мамлакат султони, бири ғазал мулкининг султони бўлмиш икки қутблар ўртасидаги ажиб ва нажиб   дўстлик ҳақида қанча тарихий асарлар яратилган, ривоятлар тўқилган. Бу  тарихий ҳақиқат беш ярим асрки, аждоду авлодлар тилида гўзал афсонадир.

Заҳириддин Бобурнинг "Бобурнома"сида таъкидланишича, Навоий мансабли иш фаолияти давомида маош олмаган. Аксинча, даромадининг бир қисмини салтанат харжига эҳсон қилиб турган: "Алишербек Мирзо (Ҳусайн Бойқаро)дин нима олмас, балки йилда куллий (катта) маблағлар пешкаш қилур эди".

Икки султон (бири Хуросон салатанати, иккинчиси - Ғазал мулкининг султони),  икки буюк шахс ҳаётидаги хайрия ишлари, саховатпешалик, инсонпарварлик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлари бугунги авлод вакиллари учун ҳам юксак ибрат намунасидир.

Момохол  ЭЛМУРОДОВА,

Ўзбекистон  Ёзувчилар  уюшмаси аъзоси