Сўнгги янгиликлар 30.11.2018 132

ИККИТА БИРИНЧИ ЎРИН ВА ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИГА ИККИ ЙЎЛЛАНМА

Бокс

ИККИТА БИРИНЧИ ЎРИН ВА ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИГА ИККИ ЙЎЛЛАНМА

Жорий йилнинг 21-28 ноябрь кунлари Фарғона вилоятида 2003-2004 йилларда туғилган ёш спортчилар ўртасида бокс бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.

Мазкур мусобақада вилоятимиздан ҳам 12 нафар ёш боксчи муносиб иштирок этиб, совринли ўринларга даъвогарлик қилишди.

Жумладан, 60 килограмм вазн тоифаси баҳсларида иштирок этган Азизбек Тожиев барча рақибларини ишончли тарзда мағлуб этиб, шоҳсупага кўтарилган бўлса, яна бир ёш боксчимиз Азизбек Самадов 70 килограмм вазн тоифасида кечган баҳсларда рақиблари устидан яққол устунликка эришиб, биринчи ўринни эгаллади.

Ҳар иккала боксчи Қарши ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг бокс бўлими ўқувчилари.

- Бу менинг иккинчи бор қўлга киритган ишончли ютуғим бўлди, - дейди Азизбек Самадов. - Ўтган йили Термиз шаҳрида ўтказилган кубок баҳсларида ҳам иштирок этиб, 66 килограмм вазнлилар орасида ғолиб бўлган эдим. Бу галги мусобақа давомида 5 нафар рақибимни тезкор ҳужумда ушлаб туриб, натижада мағлуб қилишга эришдим. Кейинги мусобақаларда ҳам ана шундай ютуқни такрорлаш учун ҳаракат қиламан.

  Аҳамиятлиси, ҳар иккала ёш боксчимиз республика терма жамоаси аъзоси сифатида  Осиё чемпионатига йўлланмани ҳам нақд қилиб қўйди.

Дилфуза ЖУМАЕВА