Тиббиёт 04.10.2019 135

ИЛК БОР КАТАРАКТАНИ ДАВОЛАШНИНГ "ОЛТИН СТАНДАРТИ" ҚЎЛЛАНИЛДИ

Тиббиёт ва ислоҳот

Вилоят кўз касалликлари шифохонасида республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан замонавий факоэмульсификатор аппарати ёрдамида илк бор  катарактани даволашнинг  "олтин стандарти" қўлланилди.

Икки кун давомида мастер-класс тарзида 17 та жарроҳлик амалиёти бажарилди. 41 бемор амбулатор кўрикдан ўтказилиб, аниқ ташхис қўйилди, зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.   

- Шу пайтгача шифохонамизда кўзга сунъий гавҳар қўйиш амалиёти асосан қўлда бажарилган, - дейди шифокор Шокир Лутфуллаев. - Бунда шоҳ парда 12 миллиметр кесилар эди. Бу эса табиийки, каттагина кесим жароҳатига сабаб бўларди. Факоэмульсификаторда шу кесим 2-2,8 миллиметрни ташкил этади. Мазкур ускунани амалиётда ишлатиш орқали кесим жароҳати кичраяди, жароҳат тез битади, жарроҳлик амалиёти вақти, беморнинг стационарда қолиш давомийлиги қисқаради, уни амбулатор шароитда даволаб, бир кунда жавоб бериш имконияти юзага келади. Бу дунё офтальмологиясида катарактани даволашнинг "олтин стандарти" ҳисобланади. Энди беморлар бу "операция" учун пойтахтга қатнаб юришларига ҳожат қолмади.

- Бир муддат аввал ўнг кўзим хиралашиб, кўрмай қолди, - дейди Чироқчи туманининг Кўктош қишлоғилик Абдурасул бобо Кенжаев. - Шифохонага текширтиргани келсам, янги аппарат ёрдамида операция қиламиз, дейишди. "Операция" ўн дақиқа ҳам давом этгани йўқ. Барака топишсин, бир зумда гавҳар қўйишиб, муаммони ҳал қилишди.

Ҳа, бир пайтлар ўта мураккаб ва қиммат бўлган, фақат хорижлик мутахассислар томонидан бажарилган бу жарроҳлик амалиёти учун энди дўхтирлару беморлар ҳазил-чин аралаш қайд этишаётганидек, "лампочка" алмаштирганча ҳам вақт сарфланаётгани йўқ". Бемор ҳам дарров оёққа тураяпти.   

- Шифохонамиздаги навбатдаги янги аппарат "ОСТ" - оптик когерент томография, яъни кўз томографияси ускунаси  бўлиб, кўз тубидаги ўзгаришларни, тўқималарнинг микроскопик даражадаги гистологик ҳолатини кўрсатиб беради, - дейди шифокор Шоҳиста Файзиева. - Шу орқали аниқ ташхислаш имкони яратилади. Кўзнинг тўрпарда касалликлари, глаукомани, шунингдек, гипертония, қандли диабет ва ирсий касалликларда кўриш ўткирлигининг пасайиши билан боғлиқ барча касалликларни босқичма-босқич аниқлайди. Даволаш жараёнида кўз ҳолатини мунтазам назоратга олиш имконини беради. 

Шифохона мутахассисларининг қайд этишича, келтирилиши кутилаётган яшил лазер ускунаси булардан-да яхши имкониятлар яратади. Бу орқали кўз тубида бўладиган миопия касаллиги асоратлари, тўрпарданинг қисман кўчиши ва ёрилиши, тўрпарда қон томир касалликларида, қандли диабетнинг кўз тўрпардасидаги ўзгаришларида, глаукома, иккиламчи катарактада лазер жарроҳлик амалиётлари қон кетишсиз, оғриқсиз, қисқа муддатда (20 дақиқагача бўлган вақтда) амалга оширилади. 

Шоҳиста БОЗОРОВА

* * *

Суратларда: жарроҳлик амалиётидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.