Таълим 11.01.2019 176

ИЛМ-ФАН ВА ТАЪЛИМ РАВНАҚИ - ТАРАҚҚИЁТ ТАЯНЧИ

Муносабат

ИЛМ-ФАН ВА ТАЪЛИМ РАВНАҚИ - ТАРАҚҚИЁТ ТАЯНЧИ

Президентимиз Мурожаатномасида 2019 йил - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида барча жабҳаларда тараққиётга эришиш учун амалга ошириладиган вазифалар қаторида илм-фан, замонавий ва узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Зеро илм-фан ва таълимни ривожлантирмасдан туриб тараққиётни таъминлаб бўлмаслиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

Давлатимиз раҳбари бу борада олий таълим тизимида таҳсил олиш учун тенг имконият яратишга қаратилган ишларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратди. Қайд этилганидек, Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус таълим масканлари битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш ўтган даврда 9-10 фоиз даражасида бўлиб келаётган эди. Сўнгги икки йилда кўрилган чора-тадбирлар туфайли бу рақамни 15 фоиздан оширишга эришилди.

Кейинги йилларда тест жараёнини ташкил этиш борасидаги хайрли ўзгаришлар, махсус сиртқи ва сиртқи олий таълимнинг жорий этилиши, ҳудудларда олий ўқув юртлари филиалларининг очилиши сингари бир қатор янгиликлар халқимизни, айниқса, ёшларимизни беҳад мамнун этди, уларнинг таълим олиш ҳуқуқларини янада кенгайтиришга хизмат қилди. Яна қувонарлиси, жорий йилнинг ўзида биргина воҳамизнинг ўзида учта олий ўқув юрти филиалининг очилиши мўлжалланмоқда. Шу йилда  мамлакатимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 20 фоизга етказиш ва келгуси йилларда ошириб бориш кўзда тутилмоқда.

Ёшларимизга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имкониятини бериш, олий таълим муассасаларига реал имкониятлардан келиб чиққан ҳолда қабул квоталарини мустақил белгилаш тизимини жорий этиш, бакалавриат йўналишида таҳсил олаётган талабаларга хорижда ўқишни давом эттириш имкониятларини кенгайтириш жамиятимизда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассисларнинг кўпайишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

"Биз мамлакатимизда инвестицияларни фақатгина иқтисодиёт тармоқларига эмас, балки илмий ишланмалар "ноу-хау"лар соҳасига ҳам кенг жалб қилишимиз керак", деб таъкидлади Президентимиз парламентга  Мурожаатномасида. Институтимизда бу борадаги фаолият икки йўналишда амалга оширилмоқда. Биринчидан, халқаро патентлар олиш, иккинчидан жаҳоннинг нуфузли олий ўқув  юртлари билан ҳамкорликда  халқаро грант лойиҳалари ва дастурларида иштирок этиш орқали инвестицияларни жалб этиш кўзда тутилаяпти. Хусусан, кафедрамиз мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган муқобил энергия манбаларини қўллаш асосида энерго-самарадор иссиқхоналар яратиш борасидаги ишланмаларимизга Россия Федерацияси патентини олиш тараддудидамиз.

Ғулом УЗОҚОВ,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти иссиқлик энергетикаси кафедраси мудири, техника фанлари доктори, профессор