Таълим 18.04.2017 1146

ИЛМ - НУР, ИЛМСИЗЛИК - ЗУЛМАТ

Дин ва дунё

ИЛМ - НУР, ИЛМСИЗЛИК - ЗУЛМАТ

Бугунги кунда мамлакатимизда маънавий қадриятларимиз ва миллий манфаатларимизга асосланган, тезкор тараққий этаётган замонага муносиб таълим тизимини яратиш, юксак маънавиятли, билим ва салоҳияти илғор, ҳар томонлама баркамол ёш авлодни тарбиялаб, вояга етказиш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланган.

Шунга монанд, таълим соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар бошланганидан бери юртимизда олий ўқув юртлари сони 2 марта ошди, Ўзбекистонда Европа ва Осиёнинг бир қатор етакчи олий ўқув  юртлари филиаллари фаолият юрита бошлади. Минглаб истеъдодли ёшларимиз Япония, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, Франция каби мамлакатларнинг нуфузли университетларида таълим олмоқда, ўз навбатида, бу уларнинг билим ва малакасини оширишда кенг имкониятлар очиб бераяпти. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда юртимизда таълимга йўналтирилаётган харажатлар давлат бюджетининг 35 фоиздан ортиғини ташкил этади. 2012 йилда Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон айни пайтда жаҳондаги 141 мамлакат орасида таълим тизимини ривожлантириш бўйича бешинчи ўринни эгаллаб турибди.

Пайғамбаримизга нозил қилинган Қуръони каримнинг биринчи ояти каримасида ҳам “Ўқи!” дея амр қилинган. Аллоҳ таоло каломида бу тўғрисида яна шундай дейилади: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Ҳадиси шарифларнинг бирида пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бешикдан қабргача илм изла”, деган бўлсалар, бошқа бир ҳадисда эса: “Илм Чинда (Хитойда) бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз”, деб таълим берганлар. Дарҳақиқат, инсонларни дунё ҳаётию охират диёрида қадри баланд, мартабаси улуғ, азизу мукаррам, ҳурматга сазовор қилгувчи нарса илм эканига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Зеро, инсон дунёда ҳам, охиратда ҳам эгаллаган, ўрганган илми сабаб азиз бўлади.

Ҳозирги пайтда тараққиёт ва ривожланишни илм-фансиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бирор соҳа йўқки, у илмсиз равнақ топган, юксалган бўлса. “Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир” деган ҳадиси шарифга амал қилинган юртимиздан довруғи дунёни тутган улуғ олимлар, фан  дарғалари, атоқли имомлар етишиб чиққан. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий каби буюк олим ва мутафаккирларнинг  бой илмий мероси жаҳон маданияти ҳамда тамаддунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилган.

Юртимизда таълим олиш учун улкан имкониятлар яратилган бир пайтда ота-оналар ўз фарзандларига тўғри маслаҳатлар бериб, уларни илм-маърифатга йўналтиришлари, бу йўлда доимо қўллаб-қувватлаб туришлари керак. Чунки кўпинча ёши катталарнинг лоқайдлиги, калтабинлиги ва бепарволиги туфайли айрим фарзандлар турли бўлмағур йўлларга кириб қолади, енгил-елпи яшашга ўрганади. Илмсизлик ва жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боради. Дунёнинг ободлиги, бардавомлиги ва бахт-саодати ҳам илм-маърифат билан чамбарчас боғлиқлиги ҳаммамизга яхши маълум.

Илм - нур, илмсизлик эса зулматдир. Илм излаш ёшлар дунёқарашини кенгайтириш билан бирга муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калит ҳамдир. Зеро, кўп ўқиган, билимдон инсоннинг ҳар соҳада бошқаларга нисбатан имконият доираси кенгроқ бўлади. Мисол учун, иккита тилни билган одам битта тилни билган одамдан икки баравар кўпроқ имкониятга эга. Табиийки, учта тилни биладиган одамнинг эса иккита тилни билувчи одамдан имконият доираси каттароқ бўлади ва ҳоказо.

Ҳазрати Али ҳам ҳар бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ўрганиш зарурлигига ишора қилиб, “Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар”, деганлар. Ул зотнинг яна бир фикрлари илм фазилати ҳақидадир: “Эй Камил, илм сени қўриқлайди. Молни эса сен қўриқлайсан. Мол сарфлаш билан тугайди, илм эса сарфлаш билан кўпаяди”. Инсоннинг келажакда етук ва баркамол инсон бўлиб етишиши, аввало, унинг ёшлигида олган одоб-ахлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқ. Шу боис ҳам пайғамбаримиз “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, деб марҳамат қилганлар.

Бугунги кунда мамлакатимизда жорий этилган 12 йиллик барча учун мажбурий ва бепул таълим имкониятларидан ёшларимиз унумли фойдаланмоқдами? Илм олиш учун жуда қулай шарт-шароитлар яратилган ҳозирги пайтда ўз фарзандининг таълим олиши, хоҳлаган йўналиши бўйича мутахассисликка эга бўлиши учун ота-оналар томонидан зарур шароитлар яратиб берилаяптими? Фарзандларимиз бошини силаб, “хоҳлаганингча ўқи, излан, ҳунарли, олиму фузало бўл”, деб жон куйдираётган ҳукуматимиз, давлатимизнинг ғамхўрлигига муносиб жавоб берилмоқдами? Ахир фарзандимиз ўқиса, баркамол шахс сифатида шаклланса, энг аввало кимнинг обрўси? Оиланинг, ота-онанинг, Ватаннинг обрўси, шарафи эмасми? Бу шараф соҳиби бўлиш ўз қўлимизда-ку. Тўғри, бола ёшлик қилиб илмнинг аҳамиятини тушунмаслиги мумкин. Шунинг учун ота-оналар ўз фарзандларини ёшлик чоғларидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб бориши зарур.

Зеро, халқимиз азал-азалдан илм-маърифатга интилган, китоб ўқишга муҳаббатли бўлган ва фарзандларини ҳам комил инсон қилиб тарбиялаш йўлида бор куч-ғайратини сафарбар этган.

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти мудирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари