Таълим 29.09.2018 125

ИЛМЛА БЕЗАЛГАН УМР ДАФТАРИ

Таълим

ИЛМЛА БЕЗАЛГАН УМР ДАФТАРИ

Шундай инсонлар бўладики, ўзи танлаган соҳа -йўналиш истиқболи учун бор куч-ғайратини аямайди.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти “Гидротехника иншоотлари ва насос станцияларидан фойдаланиш” кафедраси профессори Рустам Хўжақулов улардан бири десак, асло муболаға бўлмайди.

У умрининг асосий қисмини олий таълим соҳаси ривожи, юртимиз қишлоқ хўжалиги равнақига бағишлаган. Бугунги кунда ўзи таълим бераётган ёшлар ҳам жамиятга нафи тегадиган, эгаллаган мутахассислигининг чуқур билимдони бўлиб етишишини истайди. Ўз  навбатида у шунга сидқидилдан ҳаракат қилаяпти, бор илмини ёш авлод камоли йўлида сарфламоқда. Сўнгги вақтда мазкур соҳада сифат ўзгаришлари ясашга қаратилган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда бу педагог ҳам фаоллик, ташаббускорлик кўрсатмоқда, таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни жорий этишга муносиб ҳисса қўшаяпти.

Олимнинг қарийб 40 йиллик меҳнат фаолияти кўпчиликка ўрнак бўлади. Ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, ўша вақтда янги очилган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиалининг илк талабаси бўлди. Ушбу филиал одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган Қарши чўлини гулистонга айлантиришдек катта ва залворли мақсад билан ташкил этилган эди. 1980 йилда “Гидромелиорация” мутахассислигини эгаллаб, инженер-гидротехник квалификациясига эга бўлди ва мазкур олий таълим муассасаси (ҳозирги Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти)га ёш мутахассис сифатида  ассистент вазифасига ишга юборилди. 1986-1990 йилларда Москва гидромелиорация институти (ҳозирги К.А.Тимирязев номли Россия давлат аграр университети)нинг “Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш” кафедраси қошида кундузги мақсадли аспирантурада таҳсил олди ва илмий ходим бўлиб ишлади. 1990 йилда шу олий таълим муассасасида “Қарши чўлидаги суғориш тармоқларининг эксплуатация давридаги ишончлилигини ошириш” мавзусида “Мелиорация ва суғорма деҳқончилик”  ихтисослиги  бўйича номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, техника фанлари номзоди илмий даражасига ва 1994 йилда шу ихтисослик бўйича  доцент илмий унвонига эга бўлди.

Дастлаб институтнинг “Гидротехника иншоотлари” кафедрасида ассистент, доцент, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази директори, сўнгра академик лицей ва касб ҳунар коллежлари билан ишлаш бўйича, кейинчалик маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор  вазифаларида самарали фаолият олиб борди. 2017 йилдан бошлаб эса  шу институтнинг “Гидротехника иншоотлари ва насос станцияларидан фойдаланиш” кафедраси профессори вазифасида ишлаб келмоқда.

Рустам Хўжақулов фаолияти давомида 250 дан ортиқ илмий ва ўқув-услубий ишларга муаллифлик қилди. Шу жумладан, 2 та дарслик, 10 та ўқув қўлланма, 1 та илмий ихтиро, 2 та монография, 2 та илмий тавсия, 8 та рационализаторлик таклифларини яратди. 1 та ўқув қўлланмаси қорақалпоқ тилига таржима қилинган ва қайта 2-марта нашр этилган. Яқинда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошидаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан  “Гидротехника иншоотлари” номли 3 жилдли, ҳажми 123 босма табоқдан иборат ҳаммуаллифликда тайёрланган дарслиги кўриб чиқилиб, илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олиб қайта нашр этишга тавсия этилди. Олим томонидан яратилган ўқув-услубий ва илмий ишлар курс ишлари, битирув малакавий ишларини ҳамда магистрлик диссертацияларини тайёрлашда асос бўлиб хизмат қилмоқда ва ўқув жараёнида кенг фойдаланилиб келинмоқда.

Устознинг яна бир катта масъулиятли ишларидан бири кўплаб шогирдларни камолга етказганидир. У киши  нотиқлик санъатини пухта эгаллаган,  ҳар бир дарсига ўзгача ёндашадиган, уларни юқори савияда ўтадиган маҳоратли ўқитувчидир. Устознинг меҳнатлари, шубҳасиз, талабаларининг ютуқларида ҳам ўз аксини топган. Шогирдлари бир қатор нуфузли танловларда, республика олимпиадаларида олий ўринларни қўлга киритишган. Хусусан, унинг қўл остида таҳсил олган талаба Муҳиддин Жўраев Республика фан олимпиадасида биринчи ўринни, 2 нафар талаба эса 2016 йили бўлиб ўтган “Ўзбекистон Республикасининг жанубий ҳудуди сув ресурсларидан самарали фойдаланиш муаммо ва ечимлари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясида “Энг яхши маърузачи” номинацияси бўйича 2- ва 3-ўринларни эгаллашди. Устоз ёшлар билан ишлашдан ҳеч қачон чарчамайди. Доим уларнинг чуқур билим олишига, илмий ишларига бош-қош бўлиб туради.

Домланинг илмий фаолияти, соҳада эришаётган ютуқлари ҳам муносиб эътироф топмоқда. Ҳар йили республикамизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи” Республика танловининг 5 марта ғолиби бўлган. Ўтган йили “Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги” танлови республика босқичида иштирок этиб, ирригация ва мелиорация таълим соҳаси бўйича  “Энг яхши педагог-тадқиқотчи” номинациясида биринчи ўринни қўлга киритди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этди. Ушбу ҳужжатда мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг хорижда тажриба оширишини самарали йўлга қўйиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Бу талаб ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси томонидан 2017-2018 ўқув йилида чет элда малака ошириш бўйича танлов ўтказилди. Мазкур танловда устоз ҳам қатнашиб, ғолиб бўлди. Шундан сўнг жорий йилнинг май-июнь ойларида Россия Федерациясининг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири – Москва шаҳридаги К.А.Тимирязев номидаги Россия давлат аграр университетининг “Мелиорация,сув хўжалиги ва қурилиш” институтида малака  ошириб қайтди ва  халқаро сертификатга эга бўлди.

Олий таълим соҳасида кўп йиллик самарали меҳнати ва ёш авлодни тарбиялашда эришган ютуқлари ҳамда малакали мутахассисларни тайёрлашга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг 2018 йил 26 апрелдаги қарори билан унга “Мелиорация ва суғорма деҳқончилик” ихтисослиги бўйича профессор илмий унвони берилди.

Малака ошириш курсларида олган билимларини ва илғор хорижий тажрибаларни ўқув-услубий мажмуаларни такомиллаштиришда, услубий қўлланма ва кўрсатмалар ишлаб чиқишда ҳамда сув хўжалиги ташкилотларининг мутахассисларини ўқитишда қўлламоқда. Шунингдек, ўқув жараёнида замонавий ахборот ва педагогик технологияларни жорий этишда кенг фойдаланиб, бу борада институт профессор-ўқитувчилари учун бир неча бор семинарлар ва мастер класслар  ўтказиб келмоқда. Эришган муваффақиятлари учун, хусусан, рационализаторлик таклифлари учун ютуқлар кўргазмасининг кумуш медали, олий таълим соҳасидаги хизматлари учун “Хизмат кўрсатган доцент” фахрий унвони билан тақдирланган.

Иқтидорли олим намунали оила бошлиғи ҳамдир. Бу оилани ўқитувчилар оиласи, деса ҳам хато бўлмайди. Асли касби мактаб ўқитувчиси бўлган умр йўлдоши Қумрихон ая билан салкам қирқ йилдан буён тинч-тотув  биргаликда уч нафар фарзандини муносиб тарбиялаб, эл корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказишган ва ўнлаб набиралар оғушида умргузаронлик қилиб келишади. Тўнғич қизи Нигора магистратурани тамомлаб, ота-она касбини давом эттирмоқда, кейинги қизи Севара Беруний номли стипендия соҳибаси, айни пайтда Тошкент кимё-технология    институтида ўқитувчилик қилади. Кенжа фарзанд Ўктамжон Навоий номли стипендия соҳиби, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет эл стипендиатларининг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш “Истеъдод” жамғармаси Васийлик Кенгаши томонидан ўтказилган танловда PhD ва магистратура дастури бўйича қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди ва Буюк Британиядаги нуфузли хорижий таълим муассасаларидан  бирида таҳсил олмоқда.

Албатта, илм эгаллаш ва уни бошқаларга ҳам тарқатиш эзгу ва савобли амаллардан биридир. Олимлик эса машаққатли йўлдир. Ўз умрини шу фаолиятга бағишлаган инсон ҳаёт дафтарини гўзал ва чиройли саҳифалар билан безаган кабидир.

Ўроз Ҳайдар,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси