Қишлоқ хўжалиги 16.04.2019 138

ҚИММАТ ЕМ-ХАШАК - ЧОРВА РИВОЖИГА ТЎСИҚ

Тадбир

2019 йилнинг 1 январь ҳолатида вилоятимизда парваришланаётган йирик шохли қорамоллар сони 1 миллион 565 минг 700, қўй ва эчкилар 4 миллион 543 минг 200 бошни ташкил этган. Бу статистик рақам. Унда мавжуд чорванинг асосий қисми аҳоли ҳисобида эканлиги кўрсатилганиёқ қатор саволлар туғдиради. Бинобарин, аҳоли ихтиёридаги чорва бош сонини ҳеч ким бирма-бир санаб чиққан эмас.

Эътироф этиш жоиз, ҳудудда чорвачиликни ривожлантириш салоҳияти жуда юқори. Бунинг учун етарли шарт-шароит, аҳолида эса керакли кўникма ва тажриба бор. Гап имкониятлардан тўғри фойдаланиш, соҳага профессионал даражада хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш, ем ва озуқа таъминоти барқарорлиги, таннархнинг арзонлигига эришишда, холос.

Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасида ҳудудда чорвачиликни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда шу каби муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари хусусида сўз юритилди. Унда соҳа масъуллари, алоқадор ташкилотлар вакиллари, чорвачиликка ихтисослашган хўжаликлар раҳбарлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, чорвачилик тармоғини жадал ривожлантириш халқимизни   арзон гўшт ва сут маҳсулотлари билан   таъминлаш, айниқса қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган фуқароларнинг бандлигини ошириш ва даромадларини кўпайтиришда муҳим ўрин тутади. Аммо, тизимда кузатилаётган қатор омиллар сабаб соҳада ривожланиш кўрсаткичи жуда паст кечган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 мартдаги "Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳамда 2019 йил 28 мартдаги "Ветеринария ва чорвачилик соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида бўлаётган ўзгаришлар бу каби муаммоларни ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

- Ушбу ҳужжатларда чорвачилик билан шуғулланувчи аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ем-ҳашак етиштириш учун экин майдонларини доимий ёки узоқ муддатга ижарага бериш, имтиёзли кредитлар ажратиш, наслчилик ишларини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, соҳага илмий ёндашувни кенг жорий этиш ва бошқа қатор чора-тадбирларнинг амалга оширилиши белгиланган,  - дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик бўлими бошлиғи Ўктам Муродов. - Бугунги тадбирда йиғилганларга ана шулар ҳақида, тегишли қарор ва фармоннинг моҳияти юзасидан кенг тушунтиришлар берилди. Улар асосида келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда чорвачилик билан шуғулланиш, мавжуд фаолиятни ривожлантириш истагидаги аҳоли, тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзли кредитлар олиш, уларга яйлов ерларини ажратиш, вилоятимиз иқлим шароитига мос озуқа экинлари навларини танлаш масалалари юзасидан ҳам фикрлашилди.

Ж.БОЙМУРОДОВ