Қишлоқ хўжалиги 12.04.2019 317

ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТ, ҚИММАТ КОНСТРУКЦИЯ ВА БЕЧОРА ТОМОРҚАЧИ

Муаммо, мулоҳаза, муносабат

Яхши яшаш яхши. Бироқ бунинг учун осмондан чалпак ёғишини кутиб ўтириш ярамайди. Ҳаракат қилиш керак, бор имкониятни ишга солиш айни муддао. Аҳамиятли жиҳати, бугун одамлар бу ҳақиқатни чуқур англаб етаяпти. Кимдир имконини қилиб товуқ, кимдир қўй, сигир боқаяпти, шунинг ортидан қўшимча даромад олаяпти. Айниқса, томорқа ерига эга кўпчилик аҳоли уни асосий даромад манбаига айлантирган. Саккиз ёки ўн сотихлик ҳовлидан йигирма, ўттиз миллионлаб даромад олаётган оилалар кўп.

Таъкидлаш жоиз, ҳозир томорқада иссиқхона ташкил этишга қизиқиш ҳам ҳар қачонгидан ортган. Яхши-да, шу усулда ердан йилига уч, тўрт маротаба ҳосил олишнинг манфаати ҳам шунга яраша бўлади. Оиланинг бир неча аъзосининг доимий иш билан бандлиги таъминланади. Шу боис, қудрати етган ўз маблағи эвазига, етмагани банк кредити ёрдамида томорқасида иссиқхона барпо қилаяпти. Энг муҳими, томорқачиларнинг бу интилиши давлат томонидан ҳам қўллаб-қувватланаяпти.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари асосида аҳоли, айниқса, доимий иш билан банд бўлмаган меҳнаткашларга иссиқхона қуриши учун имтиёзли кредитлар берилиши йўлга қўйилган.

Мана натижа: сўнгги 12 ойда 2 минг 624 нафар воҳадошимиз  иссиқхона қуриш учун тижорат банкларидан жами 55 миллиард 698 миллион сўм имтиёзли кредит олишган. Аммо бу кўрсаткич аҳолиси сони 3 миллиондан ортиқ, уларнинг тенг ярмидан кўпроғи қишлоқ жойларда яшайдиган Қашқадарё учун жуда-жуда камдай, чамамда. 

Нега, иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитга эҳтиёжи борлар топилмаяптими? Жавоб қатъий: бор, етарлича. Унда нима муаммо?

Аввало, тижорат банклари томонидан иссиқхона қуриш учун ажратиладиган имтиёзли кредит тўғридан-тўғри мижозга эмас, балки хизмат кўрсатувчи корхонага берилади. Таъминотчи корхоналар эса нархни анча ошириб олишган. Масалан, бугунги бозор шароитида 1 сотих ерда иссиқхона барпо этиш учун фаолияти турдош усталар 3-3,5 миллион сўм ҳисоб-китоб қилаётган бир пайтда, таъминотчи корхоналар бу хизмат учун 6,5-7 миллион сўм сўраётгани тез-тез  қулоққа чалинади.

- Белгиланган тартибга кўра, кредит олиш учун фуқаро аввалига ўз маҳалласида ташкил этилган кичик ишчи гуруҳга мурожаат этиши лозим, - дейди АТБ "Агробанк" вилоят бошқармаси оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Алишер Ҳаққиев. - Ишчи гуруҳ томонидан унинг имкониятлари ўрганилиб, агар кредитга  тавсия этилса, зарур ҳужжатлари тайёрланиб, шаҳар ёки туманлар ҳокимликларида ташкил этилган ҳудудий ишчи гуруҳларига юборилади. Улар томонидан ижобий тавсифланган лойиҳалар эгалари ҳудудда фаолият юритаётган таъминотчи, яъни хизмат кўрсатувчи  корхоналардан бирини танлаб, тегишли шартнома имзолаши мумкин. Шундан сўнг барча ҳужжатлар тўпланиб,  вилоят ҳокимлиги қошида ташкил этилган ташкилий мувофиқлаштирувчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилади ва маъқулланган лойиҳалар ҳудудий ишчи гуруҳларга таъминотчи ва тижорат банк филиалларига тақдим этиш учун юборилади. Ана ундан кейин...

Банк масъул ходимининг тушунтиришича, иш битгунга қадар яна қатор талаб ва босқичлар бор. Менимча имтиёзли кредитга эга бўлиш, иссиқхонани битириб олишгача қанча вақт, қанча қоғоз, қанча расмиятчилик зарур бўлишини тасаввур қилиш учун шунинг ўзи етарли.

Нишон туманида учта субъект - "Нишон томорқа хизмати", "Бойқўрғон Шаҳрисабз" МЧЖлари ҳамда "Миршароб" хусусий корхонаси томонидан имтиёзли кредит олган оилаларга иссиқхона қуриб бериш хизмати кўрсатиларкан. Бошқасига банк кўнмайди. Имтиёзли кредит керакми, улардан бири билан шартнома тузишга мажбурсиз.

- Аввалдан ҳам иссиқхонада сабзавот маҳсулотларини етиштириш фаолияти билан шуғулланиб келаман, - дейди туманнинг Пахтазор маҳалласида яшовчи Жонибек Холмуродов. - Жорий йилда банкдан имтиёзли кредит олиб, яна битта иссиқхона қурдик.

Ушбу 1 сотихлик иссиқхона Жонибекка 7 миллион сўмга тушибди. Унинг қўшниси бўлган Тўйчи Қаюмов эса банк томонидан берилган 13 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига 2 сотихлик иссиқхона барпо эттирган.

- Албатта, мижоз билан тегишли шартнома тузишдан олдин унинг жойи, иссиқхонанинг қандай шаклда ва ўлчамда бўлиши, қандай материаллар ишлатилишига қараб ўртача нархни ҳисоблаб чиқамиз ва ўз таклифимизни айтамиз, - дейди "Нишон томорқа хизмати" МЧЖ раҳбари Дилмурод Мусурмонов. - Ҳозирги кунда энг яхши металлдан, сифатли қилиб қуриб берадиган 1 сотихлик иссиқхоналаримиз ўртача 6,5 миллион сўмдан тушмоқда. Ишлатиладиган ашёлар, транспорт харажати, ишчи кучи ва бошқа тўловларни ҳисоблаб чиқсак, бизга ҳам кўп фойда қолмайди.

Таъминотчи корхона раҳбари  айтган иссиқхоналарни ҳам кўрдик. Таърифлангани каби эмаслиги шундоқ кўриниб турибди. Бунча пулга ундан анча яхшироғини қуриш мумкин.

Мана, ўрганишларимизга кўра, 1 сотих майдонда худди "танлаб олинган" таъминотчи корхоналар томонидан қуриб берилаётгандек иссиқхона барпо этиш учун зарур металл ашёларга тахминий ҳисоб-китоб бўйича кўпи билан 2 миллион 500 минг сўм зарур бўлади. Уни  ёпиш учун 400 минг сўмга целлофан сотиб олиш лозим. Пайвандчи уста металл  конструкциясини йиғиб бергани учун ўртача 400-500 минг сўм хизмат ҳақи олсин. Яна 700 минг сўмни сим, металл устунлар  тагини мустаҳкамлаш учун бетон ишлари ҳамда транспорт хизматларига сарфласак, умумий харажатлар 4 миллион сўмнинг нари-берисига боради. Бунга нима дейсиз?

Энди ўйлаб кўринг,  кимдир ўз ёнидан пул сарфлаб, 4 миллион сўмга 1 сотих ерда бинойидек иссиқхона қуриб олаётган бир пайтда, эҳтиёжманд оилага бунинг 6,5 миллионга тушаётгани нечоғлик адолатдан? 2-3 сотих ерда қурмоқчи бўлса-чи? Бунга кредит фоизи ва югур-югурлар учун кетган харажатни ҳам қўшиб қўйсангиз қанчага тушади? Мақсад нима, эҳтиёжманд оилани муқим даромад манбаига, иш ўрнига эга қилишми ёки ҳафсаласини пир қилиш? Мутасаддиларнинг бу саволларга қандай асослантирилган жавоби бор?

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ