Иқтисодиёт 03.05.2019 171

ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТ ТАДБИРКОР ИМКОНИЯТИНИ ОШИРДИ

Оилавий тадбиркорлик

Муборак туманилик Дилноза Ярашеванинг тадбиркорга айланганига ҳали ярим йил ҳам бўлмади. Фаолиятини 2018 йил охирида ЯТТ сифатида бошлаган ишбилармон эришиб улгурган натижалар ёмон эмас. Бир неча йил бошқа ишлаб чиқариш корхоналарида тажриба орттирган қаҳрамонимиз мустақил бизнес ташкил этиш қароридан бугун афсусланмайди.

- Ҳаммаси пулга бориб тақалгани сабаб жиддий силжиш бўлишига бироз кўзим етмаганди, - дейди у. - Мамлакатимизда оилавий тадбиркорлик қўллаб-қувватланаяпти, енгилликлар бисёр. Пухта бизнес-режаси бўлган кишиларга имтиёзли асосда кредит тақдим этилаяпти. Шу имкониятдан биз ҳам фойдаландик. Аввалига 10 миллион сўм молиявий кўмак олдик. Бунга ун қоргич ва пишириш печи харид қилдик. Ўз сармоямизни ҳам қўшиб, ижарага олинган бинони цех ва тамаддихона кўринишига келтирдик. Ҳозирда асосан қандолат маҳсулотлари тайёрлаяпмиз. Миллий ширинликлар тури 50 хилга етди. Асосан тўй-маросим ва тантаналар учун буюртма олаяпмиз. Қолаверса, харидорлар тасарруфимиздаги қаҳвахонада ушбу пишириқлардан баҳраманд бўлиши ҳам мумкин. Туман марказидаги бир қанча савдо дўконига маҳсулот тарқатишни йўлга қўйганмиз.

Дилноза Ярашева шу қисқа фурсат ичида қўлга киритган ютуқларидан янада руҳланган. Бундай дейишимизга сабаб ҳали ҳеч қанча вақт ўтмай тадбиркор тижорат банкидан бошқа бир мақсад учун 23 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишга улгурди. Ажратилган мазкур маблағ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини кенгайтиришга йўналтирилмоқда. Натижада ушбу оилавий бизнес субъекти четдан қўшимча ишчи кучи жалб этиш имконига ҳам эга бўлган.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Сурат муаллифи Собир НАРЗИЕВ.