Маънавият 23.08.2019 155

ИНСОННИНГ ИККИ ДУНЁДАГИ САОДАТИ АЙНАН АҚИДАСИГА БОҒЛИҚ

Шахс ва дин

Ақида (арабча "ақд" - бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш, кўплиги - ақоид) - балоғатга етган киши эътиқод қилиши, имон келтириши, ислом динининг заруратлари шаклида тасдиқ қилиши, қалбига маҳкам боғлаб олиб ундан ажралиши мумкин бўлмаган шаръий эътиқодий ҳукмлардир. Инсоннинг икки дунёдаги саодати эса айнан ақидасига боғлиқ. Агар ақидаси пок бўлса, йўли тўғри бўлади, қилган барча амаллари қабул бўлади ва бандалик билан содир этган баъзи гуноҳлари афв этилади. Агар ақидаси соф бўлмаса, бузуқ бўлса, йўли нотўғри бўлади, қилган амаллари беҳуда кетади ва охирати ҳам шунга яраша бўлади.

Ақида масаласи ўта муҳим бўлганидан ҳам, Одам Атодан бошлаб, охирги пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)гача бу масалани Аллоҳ таолонинг ўзи кўрсатиб берган. Шу боис азалдан то ҳозиргача ақида масаласи бир хил бўлиб келган.

Ислом ақидаларининг асоси Қуръонда берилган, ҳадислардаги кўрсатмалар негизида ишлаб чиқилиб, тартибга солинган. Исломнинг суннийлик йўналиши илоҳиётда эътироф этиладиган ақидалар ёки имон талаблари 7 та: Аллоҳнинг ягоналигига, фаришталарга, муқаддас китобларга, пайғамбарларга, охиратга, тақдирга ва қиёмат куни барчанинг қайта тирилишига ишониш.

Аслида бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш, бунинг учун аввало ўша нарсани идрок қилиш керак. Кейин эса ўша ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда ақидага айланган бўлади. Демак, ақида илмга асосланган бўлиши лозим.

Ақида исломнинг асоси бўлгани учун ҳам уни бузишга ҳаракатлар ҳар доим бўлиб келган. Хусусан, катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақидавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Тобеъинлар даврига келиб ҳолат янада жиддийлашди. Чунки бу пайтда мўътазилий, қадарий, хорижий каби кўплаб бузуқ ақидадаги тоифалар тарқалиб бўлган эди. Бундан ташқари, динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилганлар ҳам кўпайгандан кўпайган эди. Ана шундай оғир пайтларда соф ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар дунёга келди ва бу зотлар вазифаларини муносиб бажардилар. Улар аҳли сунна вал жамоа ақидасининг муносиб ҳимоячилари бўлиб, бу йўлда жуда машаққатли ишларни бажардилар. Бу борада имом Ашъарий ва имом Мотуридийни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.

"Аҳли сунна вал жамоа" - Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг йўлларида юрадиган ҳамда қиёмат кунигача уларга эргашган мусулмонлар жамоаси деганидир. Ушбу мазҳабни маҳкам ушлаш зарурлиги ақоид китобларимизда қатъият ила таъкидланган. Хусусан, имоми Таҳовийнинг Ақоид китобига ёзилган шарҳда шундай дейилган: "Суннатга ва жамоатга эргашамиз. Нодир ва хилоф масалалардан ва тафриқадан четда бўламиз".

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларида шундай деганлар: "Сизлардан ким мендан кейин яшаса, кўп ихтилофларни кўрадилар. Бас, сизлар менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларнинг суннатини маҳкам тутинглар. Уларни маҳкам ушлаб, тиш билан тишлагандек тутинглар" (Имом Байҳақий, имом Абу Довуд ривоят қилган).

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: "Ким жамоатдан бир қарич ажралса, батаҳқиқ бўйнидан ислом бўйинбоғини ечган бўлади".

Юқоридаги оят ва ҳадисларга қўшимча қилиб айтиш мумкинки, мусулмон инсон соф ақида ва эътиқодда бўлиши ва уни асраб-авайлаши учун уламоларимиз қуйидагиларни ҳам таъкидлаб ўтишган.

1. Динимизни ўрганишда ўтган солиҳ мусулмон аждодлар изидан боришимиз, динни кўрингандан олавермай, маълум сифатларга эга уламо зотлардан олишимиз зарур.

2. Уламоларни ҳурмат қилиш ва уларга эргашиш. Чунки Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомда қўйилган.

"Албатта Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар", дейилган ("Фажр" сураси 28-оят).

3. Фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш. Уларни қаровсиз қолдириб, тарбиясини ҳаммага ҳам ишониб топширмаслик. Чунки бунинг оқибати қандай тугаши яхши маълум.

Охирги йилларда ёшларимизнинг соддалиги, динга бўлган қизиқиши, саводини оширишга бўлган интилишларидан ўз ғараз мақсадларида фойдаланмоқчи бўлганлар кўп бўлди. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) "Мўмин одам ўзини бир ковакдан икки марта (илон чиқиб) чақилмоғига йўл қўймас", деганлар.

4. Турли тоифа, фирқа ва ҳизблардан эҳтиёт бўлиш керак. Аллоҳ: "Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирор хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса) олиб келган хабарларни аниқлаб, текшириб кўринглар" ("Ҳужурот" сураси 6-оят) деб буюрган.

5. Пайғамбар (с.а.в.)  "Эшитган гапини (текширмасдан) бошқаларга етказиш кишининг каззоблиги (ёлғончилигига) етарли далилдир", деганлар. Демак, кимнингдир ғояларини текшириб кўрмай, унга эргашиб кетавериш динимизга зид, бундай ишлар фирқаланиш ва фитнага олиб келади.

6. Кишилар ўртасида аҳил-иноқлик ва дўстликни мустаҳкамлаш.

7. Ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қилиш. Исломнинг соф ақидасига зид ўтмиш уламолар меросига мувофиқ бўлмаган мусулмонлар орасида фитна ва бўлинишга олиб келадиган ҳар қандай "янгилик" ва бидъатларга чек қўйиш лозим. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) "(Диндаги) ҳар қандай янгилик бидъат, ҳар бир бидъат - залолат, ҳар бир залолат эса дўзахдадир", деганларида ҳам диний ишларга киритиладиган ўзгартиришларни назарда тутганлар.

Юқоридаги гаплардан кўриниб турибдики, аҳли сунна вал жамоа ақидасининг   бошқа оқимлардан фарқи шундаки, унинг биринчи навбатда Пайғамбар (с.а.в.)нинг, саҳобаи киромларнинг ва ўтган улуғ мужтаҳид олимларнинг йўлини маҳкам тутганлигидадир.

Қолаверса, аҳли сунна вал жамоанинг барча ишларда, хусусан, ақидавий масалаларда васатия, яъни - ўртачалик йўлини тутганлиги унинг бошқа оқимлардан фарқи ва афзаллигини кўрсатиб туради. Зеро, аввалу охир ақидавий бўлинишлар ва ундаги адашишларнинг асоси соф ислом ақидасидан четга чиқиш ва ғулувга кетиш ҳисобланиб келган.

Раҳматилло УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби