Иқтисодиёт 23.08.2019 104

ИШ БЕРУВЧИ ҲАМ, ИШЧИ ҲАМ МАНФААТДОР ҲАМКОРЛИК

Миришкор туманида ҳам аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, кам таъминланган оилаларнинг қўшимча даромад олиш имкониятларини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Худди шу мақсадда, жорий йил доимий иш билан банд бўлмаган 100 нафардан ошиқ хотин-қизга имтиёзли кредит асосида тикув машиналари берилган эди. Уларнинг бир қисми бу имкониятдан унумли фойдаланиб, мустақил равишда ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган бўлса, бир қисми бу ишда қийналгани ҳам бор гап. Кимда  маҳсулотни тайёрлаш, яна кимда уни реализация қилиш осон кечмади.

Шу боис, туман ҳокимлиги, туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан бу муаммо ўзгача усулда ҳал этилди.

Энди ўз тикув машинасига эга бўлган 80 нафар хотин-қиз туманда фаолият юритаётган "Юксак Нигинабону" масъулияти чекланган жамиятига касаначилик асосида бириктирилди. Эътиборли томони, улар маҳсулотни уйда эмас, балки барчаси бир жойда, ҳудуддаги "Меҳнат роҳати" гузарида ташкил этилган тикувчилик цехида ўтириб тайёрлашади.

- Керакли мато таъминотчи корхона томонидан етказиб берилади, - дейди ишчилардан бири Дилдора Файзиева. - Биз эса буюртма қилинган маҳсулотларни тайёрлаб берамиз. Масалан, ҳозир ҳар хил турдаги кийим-кечаклар, фартук, сочиқ, чойшаб каби буюмларни тикаяпмиз. Ишимизга қараб ҳақ тўлашади. Фаолиятдан жуда ҳам мамнунман.

Бу ерда ходимларнинг бемалол ишлаши учун зарур шарт-шароит яратилган. Таъминотчи  корхона томонидан ҳар куни  тушликка иссиқ овқат ташкил этилади. Ишчиларнинг туман марказидан келиб-кетишлари учун автобус ажратилган. Натижада иш берувчининг ҳам, ишга олинган хотин-қизларнинг ҳам манфаатдорлиги таъминланаяпти.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.