Иқтисодиёт 22.02.2019 105

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ХОРИЖИЙ САРМОЯ ҲИСОБИГА КЕНГАЙДИ

Саноат

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ХОРИЖИЙ САРМОЯ ҲИСОБИГА КЕНГАЙДИ

Китоб туманидаги "Сафит Карб" Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси бугунги кунда юртимиз қурилиш материаллари бозорини микрокальцит билан таъминлаб келмоқда. Маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур хом ашё эса ҳудуднинг ўзидан олинаяпти. Бу ерда табиий мармар тоши замонавий технологиялар асосида қайта ишланмоқда.

Аҳамиятлиси, тегишли лойиҳанинг самарали амалга оширилиши натижасида корхонада ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ошди. Эндиликда мавжуд қувват йилига 12 минг тоннадан зиёд микрокальцит тайёрлаш даражасига етди.

- Маҳсулдорликни оширишга катта миқдордаги хорижий сармояни ўзлаштириш эвазига эришдик, - дейди корхона иш бошқарувчиси Жамшид Рўзиев. - Ишлаб чиқаришга қарийб 456 минг доллар қийматида инвестициялар йўналтирилди. Хориждан тош майдалайдиган замонавий тежамкор ускуналар, хом ашё ташувчи юк машиналари харид қилинди. Ҳозирги пайтда тегишли қувватдан тўлалигича фойдаланиш ҳаракатидамиз. Ўтган йилдан эътиборан ички бозор билан кифояланмай, маҳсулотни экспорт қилишга ҳам киришдик. Қирғизистон ва бошқа мамлакатларга салмоқли ҳажмда микрокальцит етказиб беришнинг уддасидан чиқдик. Жорий йилда ҳам шу йўналишда фаол иш олиб боришни мақсад қилганмиз.

Мутасаддининг сўзларига кўра, яқин истиқболда мажмуа қошида янги маҳсулот - сувли эмульсион бўёқлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун амалий ишлар бошлаб юборилган. Ишбилармон маҳсулотни реализация қилиш борасида муаммога дуч келмайди. Боиси, ушбу қурилиш материалига ички ва ташқи бозорларда талаб катта.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.