Иқтисодиёт 09.04.2019 185

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ТАРМОҒИ КЕНГАЙДИ

Ёшлар тадбиркорлиги

Қарийб 3 миллиард сўм сармоя ўзлаштирилиб, 50 киши доимий, яна шунчаси мавсумий иш билан таъминланди. "Ёшлар - келажагимиз" давлат дастури доирасида Ғузор туманида 2018 йилда 14 та истиқболли лойиҳа амалга оширилиши шунга кенг имконият тақдим этди. Ёшлар ташаббуси қўллаб-қувватлангани, уларга зарур молиявий кўмак кўрсатилгани самараси бу.

Мана биргина мисол. Ҳудуддаги "Зайниддин Зафарович" фирмасига ёш ишбилармон Зариф Қулматов раҳбарлик қилмоқда. Корхона жамоаси саноат соҳасида ўзларини синаб кўрган, пишиқ ғишт ишлаб чиқариш қувватларига эга. Ўтган даврда тадбиркорлик субъекти фақат шу йўналиш билан чекланиб қолаётганди. Тадбиркор эса қулай фурсатни қўлдан бой беришни ўзига эп билмади. Бизнес-режа ишлаб чиқди. Анча оммалашган бўлса-да, иссиқхона хўжалиги юритиш фикрига тўхталди. Ҳисоб-китобга кўра, 200 миллион сўм атрофида маблағ талаб этилади. Лойиҳа тегишли жамғармага тақдим этилди. Ташаббус ўзини оқлашига шубҳа йўқ, шуни эътиборга олиб, тадбиркорга  дарҳол молиявий кўмак кўрсатилди.

- 5 йилга, унинг устига 1 йиллик имтиёзли давр билан 150 миллион сўм кредит ажратишди, - дейди Зариф Қулматов. - Қолган харажатни ўз ҳисобимиздан қилдик. Бултур кузнинг охирида 15 сотих майдонда иссиқхонани тўлиқ барпо этиб, ниҳолларни ҳам эккандик. Яқиндан бошлаб эса пишиб етилган маҳсулотнинг бир қисмини бозорга чиқардик. Шу чоққача 5 тонна сархил помидор ва 3 тонна бодрингни ҳудуд аҳолиси дастурхонига етказиб бердик. Ҳали ҳосил кўп. Ҳар сотихдан 3-4 тонна маҳсулот олиш мўлжалимизда йўқ эмас. Мен каби ёш тадбиркорларга бундай имконият берилгани айни муддао бўлди. Фаолиятимиз кенгайди, даромад салмоғи ошди. Қолаверса, қўшимча равишда 5 нафар ёш йигит-қиз фойдали меҳнатга жалб қилинди.

Кенг кўламли дастур доирасида атиги 14 та лойиҳа амалга ошиши катта бир туман учун мақтанарли рақам эмас, албатта. Чунки Ғузорда бугун бизнес бошлашга, жиддий тадбиркорликка қўл уришга чанқоқ ёшлар талайгина. Шу мақсадда 2019 йилда бу ҳудудда 50 дан ортиқ ташаббусни рўёбга чиқариш кутилаётгани ҳам бежиз эмас. Фақат шу йўналишга ажратилаётган имтиёзли кредит миқдори ҳам салмоқли - 12 миллиард 810 миллион сўм.  Лойиҳаларнинг муваффақиятли ишга тушиши 350 нафар инсоннинг даромад манбаига эга бўлишига шароит ҳозирлайди. Бу ташаббусларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ташкил этишга устувор аҳамият қаратилгани эса келгусида туманда шу тармоқлар равнақига туртки бериши аниқ.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ 

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.