Таълим 18.10.2018 126

ҚИШЛОҚДАГИ БОҒЧАДА РАҚС ТЎГАРАГИ ОЧИШМОҚЧИ

Хусусий сектор

ҚИШЛОҚДАГИ БОҒЧАДА РАҚС ТЎГАРАГИ ОЧИШМОҚЧИ

Маълумотларга қараганда, ўтган йилгача Ғузор туманида фаолият кўрсатиб келган мактабгача таълим муассасалари сони 30 тага ҳам етмаган. 25 та атрофида давлат боғчаси ишлаб турган, холос.

Албатта, бу кўрсаткич реал эҳтиёжга сира мос келмайди, мактабгача ёшдаги болаларни тўлиқроқ қамраб олиш имконини бермайди. Мамлакатимизда таълимнинг ушбу тизимида кенг қамровли ислоҳотлар бошлангани эса мазкур ҳудуд учун ҳам муҳим аҳамият касб этди. Аввало, мактабгача таълим соҳасида хусусий сектор иштироки фаол қўллаб-қувватланиши натижасида туманда ҳам нодавлат боғчалар сони кўпайди. Шу билан бирга, ўсиб келаётган ёш авлодга малакали тарбия ва таълим бериш сифати ошишига ҳам кенг замин ҳозирланди.

Эътиборлиси, туманда қисқа фурсат ичида 10 га яқин хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил этилди. Уларнинг мавжуд талаблар асосида тўлақонли фаолият кўрсатишига барча шароит ҳозирланган. Янги Ҳаёт маҳалласи ҳудудида очилган “Билимдон кичкинтойлар” деб номланган ясли ҳам ўз ишини шу йил баҳорда бошлаганди. 50 ўринга мўлжаллаб қурилган боғчада ҳозир бўш жой топиш амри маҳол.

- Биринчи навбатда бундан маҳалламиздаги ота-оналар хурсанд бўлишди, - дейди боғча мудираси Юлдуз Зарипова. – Чунки ҳудудда шу пайтгача бирорта ҳам мактабгача таълим муассасаси йўқ эди. Боғчамиздаги шароитлар уларга маъқул бўлмоқда. Муассасамиз замонавий кўринишга эга, барча зарур инвентарлар билан жиҳозланган. Болалар 2 нафар тарбиячи ва яна шунча энага қўлида тарбияланаяпти. Боғчамиз асосан рус тилини чуқур ўргатишга ихтисослашган. Мулоқот жараёнида инглиз тилидан ҳам фаол фойдаланилади.

Мудиранинг билдиришича, муассаса қошида бир қанча амалий тўгараклар ишлаб турибди. Яна қизлар учун рақс ва бадиий гимнастика тўгарагини очиш мақсад қилинган. Бунинг учун малакали мутахассислар жалб қилинади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.