Таълим 17.05.2019 204

ҚИШЛОҚ МАКТАБИГА КИТОБ СОВҒА ҚИЛИНИБ, АҲОЛИ УЧУН САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗИЛДИ

Эзгу ташаббус асосида

Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ташаббуси билан Миришкор туманидаги Гулшанбоғ қишлоғида жойлашган 18-мактаб кутубхонаси фондига 500 дона ўзбек ва тожик тилларида чоп этилган бадиий адабиётлар тақдим этилди.

Маълумки, жорий йилнинг 19 март куни ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан ёшларни кенг тафаккурли, билимли ва баркамол қилиб тарбиялаш, маънавиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича долзарб вазифалар белгиланган эди. Шу асосда бугун мактаб кутубхоналари фондини бойитиш мақсадида турли даражадаги раҳбарларнинг китоб совға қилиши давом этмоқда.

Гулшанбоғдаги 18-умумий ўрта таълим мактабида бугунги кунда 367 нафар ўқувчи таълим-тарбия олиб келмоқда, таълим ўзбек ва тожик тилларида олиб борилади.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида мактаб ҳовлисида вилоят ҳокими бошчилигида туман ҳокимлиги ҳамда тегишли ташкилот раҳбарлари иштирокида Гулшанбоғ қишлоғи фуқаролари учун сайёр қабул ҳам ўтказилди.

Унда ҳоким фуқаролар билан юзма-юз суҳбатлашиб, мурожаатларни бирма-бир тинглади ва муаммолар бўйича сектор раҳбарлари, ҳокимият вакиллари, тегишли мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.

- Қишлоқда мактабгача таълим муассасасига эҳтиёж бор, бу ҳақда вилоят ҳокимига мурожаат қилдик, - дейди Асад Ҳамроев. - Бунга жавобан яқин кунларда қишлоқда фойдаланилмай турган бинода боғча фаолияти йўлга қўйилиши айтилди. Бундан ташқари, қишлоғимизнинг аянчли ҳолга келиб қолган, 6 километр йўли текисланиб, шағал ётқизиладиган, босқичма-босқич асфальт қилинадиган бўлди.

Тадбир сўнгида воҳа санъаткорлари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Муродулла КОМИЛОВ олган суратлар.