Жараён 27.10.2018 169

ИСЛОҲОТЛАР ЖАРАЁНИДА НАФАҚАТ ИШТИРОКЧИ, БАЛКИ ТАШАББУСКОР ВА АСОСИЙ ИЖРОЧИ ҲАМ БЎЛИШ ДАРКОР

1 ноябрь – Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топган кун

ИСЛОҲОТЛАР ЖАРАЁНИДА НАФАҚАТ ИШТИРОКЧИ, БАЛКИ ТАШАББУСКОР ВА АСОСИЙ ИЖРОЧИ ҲАМ БЎЛИШ ДАРКОР

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар электорат манфаатлари ҳимоясида муҳим ўрин тутади. Шу асосда ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муҳим масалаларга ечим топиш ҳамда қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назорати олиб борилаётир. Хусусан, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида партия гуруҳлари 21 масалани сессиялар кун тартибига киритган бўлса, доимий комиссияларда 52, партия гуруҳлари йиғилишларида 57 масала муҳокама қилинди. Шунингдек, 12 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботлари эшитилди.

Айни пайтда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар томонидан тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарларига 150 та депутатлик сўрови юборилиб, уларнинг 72 таси ижобий ҳал этилган ва қолганларининг ижроси назоратга олинган.

Ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, одамлар билан елкама-елка туриш, уларни рози қилиш – энг муҳим масалалардан бири. Фуқароларни нима ўйлантираяпти, улар кўпроқ нимага эҳтиёж сезаяпти? Ушбу саволларга сайёр қабуллар  давомида жавоб топилмоқда. Айтиш керакки, партия тизимида ушбу йўналишда муайян тажриба тўпланган. Электорат вакилларига ҳуқуқий маслаҳат бериш, улар манфаатларини ҳимоя қилишда партия кенгашлари қошида фаолият кўрсатаётган Жамоатчилик қабулхоналари муҳим аҳамият касб этаётир.

Мазкур қабулхоналарга шу йилнинг 9 ойида 476 та мурожаат тушди. Уларнинг катта қисми коммунал хизмат, ишга жойлашиш, соғлиғини тиклаш, ер ажратиш масалалари билан боғлиқ. Шу пайтга қадар мурожаатларнинг 71 фоизи ижобий ҳал этилиб, қолганлари бўйича ҳам тегишли ташкилотлар билан ишлар олиб борилмоқда.

Партия ташаббуси билан “Ҳар бир инсонга меҳр-мурувват кўрсатиш – бурчимиз!” лойиҳаси доирасида имконияти чекланган кишилар, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ҳолидан хабар олиниб, уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашилаяпти. Хусусан, лойиҳа асосида    “Соғлом авлод” халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 98 та маҳаллада тиббий кўрик акциялари ташкил этилди. Унда 52 мингдан зиёд хотин-қиз тиббий кўрикдан ўтказилиб, 1709 нафарига даволаниш учун йўлланмалар берилди. Ўз навбатида 34 мингдан ортиқ бола ҳам тиббий кўрикдан ўтиб, уларнинг 1287 нафари даволаниш йўлланмасини олди. 172 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қиз ҳолидан хабар олиниб, уларга 139 та масала бўйича зарур ёрдамлар кўрсатилди.

Бундан ташқари, 153 хотин-қизнинг ишга жойлашишига, 127 нафарининг касаначилик меҳнатига жалб қилинишига, 134 хотин-қиз кредит олишига, 76 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлашига кўмаклашилди.

Ногиронлиги бўлган шахслар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис этишлари учун уларнинг турмуш шароитлари мунтазам ўрганилиб, зарур ёрдам кўрсатилаяпти. Жумладан, Касби тумани Қўнғирот қишлоғида яшовчи 1-гуруҳ ногиронлари – Файзулла бобо Эсонов ва Норхол момо Холмуродованинг ҳолидан хабар олиниб, уларнинг эҳтиёжига кўра ногиронлик аравачалари етказилди. Ўрганишлар асосида Муборак тумани Қарлиқ маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Каромат Маллаевада ҳам ногиронлик аравачасига эҳтиёж борлиги аниқланиб, ушбу муаммо тезда ҳал қилинди. Китоб тумани Қайнар маҳалласида яшовчи ногиронлиги бўлган Фотима ва Зуҳра Ёқубовалар партия кўмаги билан Тошкент шаҳридаги махсус мактаб-интернатга жойлаштирилди.

Бошланғич ташкилот — партиянинг халққа энг яқин бўғини. Бошланғич бўғини мустаҳкам бўлсагина партия жамият ҳаётига чуқур кириб бора олади, унинг ғоя ва ташаббуслари одамлар кўнглидан ҳам жой олади. Бугунги кунда халқ хў-жалигининг турли соҳаларида Ўзбекистон ХДП вилоят кенгашининг 802 та бошланғич партия ташкилоти фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар ишини тизимли ташкил этиш, етакчилар фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Вилоятда партияга аъзо ёшлар сони 12 минг 425 нафарни ташкил этади. Уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтириш ишлари партия гуруҳлари ҳамда    “Истиқбол” ёшлар қаноти етакчилари, фаоллари билан ҳамкорликда бажарилмоқда.

“Ёшлар – келажагимиз” Давлат  дастури ижросини таъминлаш мақсадида партиянинг ёшлар билан амалга ошириладиган Стратегияси қабул қилинди. Унга асосан туман ва шаҳарлар кесимида сенаторлар, партия  фаоллари, “Истиқбол” ёшлар қаноти аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларидан иборат ишчи гуруҳлар тузиб олинди. Ишчи гуруҳ аъзолари маҳаллаларда Давлат дастурини кенг тарғиб этиш орқали ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, кредит олишларига ёрдам    бериш, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида тарғибот ишларини олиб боради.

Қолаверса, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда партия тизимида ўтказиб келинаётган “Ёш сиёсатчи” кўрик-танловининг ўрни катта.

Бугунги кунда республикамизда кечаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий жараёнларда хотин-қизлар фаоллиги ортаётир. Вилоятда партияга аъзо хотин-қизлар сони 15 минг 192 нафарни ташкил этади.

Жойларда инновацион ғоя ва таклифларга эга хотин-қизлар таркибини аниқлаш, режаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва рағбатлантириш мақсадида 98 нафар хотин-қизнинг рўйхати шакллантирилди. Уларнинг 83 нафари олий ва 15 нафари ўрта махсус маълумотга эга бўлиб, 7 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, 10 нафари халқ депутатлари вилоят Кенгашига ва 81 нафари халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига депутатликка номзодлар захираси рўйхатига киритилди.

Шунингдек, хотин-қизларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнидаги фаол иштирокини юксалтириш,  сиёсий ва ҳуқуқий билимини янада оширишда “Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли” кўрик-танлови муҳим ўрин тутади.

Бугунги давр партия ташкилотларидан ишга янгича ёндашишни    талаб этаяпти. Ушбу жараёнда аҳолини ўйлантираётган, ҳал қилиниши керак масалалар кўплиги   ойдинлашмоқда. Бугунги давр талаби, Президентимиз таъкидлаганидек, партия фаоллари ва депутатлардан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни талаб қилмоқда. Ана шундагина халқимиз дарди ва муаммоларини ҳал этишда амалий кўмак бериш имконига эга бўламиз.

Олим РАВШАНОВ,

Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия

гуруҳи раҳбари