Иқтисодиёт 05.04.2019 174

ИССИҚХОНА МАЙДОНИ 2 БАРОБАР КЕНГАЙДИ

Ёшлар тадбиркорлиги

 Муборак туманидаги "Эшқулова Гулхумор" масъулияти чекланган жамияти фаолияти асосан иссиқхона хўжалиги юритишга ихтисослашган. Ўтган йилнинг охиригача ушбу тадбиркорлик субъекти 40 сотихдан сал кўпроқ майдонда сабзавот маҳсулотлари парваришлаб келарди. Аммо ушбу кўлам мавжуд имкониятга мос эмас. Зарур шароит етарли бўлгани ҳолда қамровни кенгроқ олишга эҳтиёж пайдо бўлди. Натижада корхона раҳбари, ёш ишбилармон Зулфия Йўлдошева қўшимча ер олиб, иссиқхона барпо этишга қарор қилди.

- Хўжалигимиз махсус саноат ҳудудида жойлашган бўлиб, иссиқхонани иситиш учун энергия тежамкор усуллардан фойдаланиш имконига эгамиз, - дейди у. -  Ҳудуддаги иссиқлик манбаи ташкилоти керакли ҳароратдаги сув билан таъминлаб турибди. Бу эса сарф-харажатимиз камайишига замин яратаяпти. Қолаверса, маҳсулотимизга талабгор кўп. Ички бозордан мустаҳкам ўрин эгаллаганмиз. Бултур хориж мамлакатига ҳам қиймати 10 минг АҚШ долларидан зиёд помидор ва бодринг етказиб бердик. Шу каби омиллар фаолиятимизни янада кенгайтиришга ундади. "Ёшлар - келажагимиз" дастури доирасида ўтган йили лойиҳамизни тақдим этдик. Мазкур ташаббусимиз маъқулланиб, бизга тижорат банки томонидан имтиёзли асосда қарийб 430 миллион сўм кредит маблағи ажратилди. Шунингдек, бунга 160 миллион сўм ўз сармоямизни ҳам қўшдик.

 Тадбиркор ушбу истиқболли лойиҳани тез суръатда амалга оширишнинг уддасидан чиққан. Лойиҳа молиялаштирилгач, 50 сотихдан зиёд майдонда замонавий иншоот қуриб, жорий йил январидан эътиборан маҳсулот парваришига киришди.  Бугунги кунда хўжаликда помидор ва бодрингнинг серҳосил  навлари ўстирилмоқда. Маҳсулот яқин орада пишиб етилади ва сотишга тайёр бўлади. Бошқа бир муҳим жиҳат лойиҳанинг ижтимоий аҳамиятга эга бўлганидадир. Хўжаликда иш кўлами ошиши эвазига қўшимча 10 нафар ишчини меҳнатга жалб этиш зарурати пайдо бўлди.

 Суратда: иссиқхона фаолиятидан лавҳа.

 Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

 Собир НАРЗИЕВ олган сурат.