Маънавият 27.09.2019 129

ЎҚИТУВЧИ КИТОБ ЎҚИМАСА...

Бугуннинг гапи

Илмни ким воситаи жоҳ этар,

Ўзни-ю халқини гумроҳ этар.

Алишер НАВОИЙ

1

Ўқитувчи ва китобхонлик.

Аслида бу икки тушунча эгизакдек. Негаки ўқитувчилик биргина ўқув дарсликлари билан чегараланиб қолмасдан бевосита китоб, бадиий адабиёт билан чамбарчас боғлиқ. Лекин бу қараш ҳамма вақт ҳам ўзини оқлайвермайди. Бир гал аниқ фанлар ўқитувчилари шуъба йиғилиши иштирокчиларининг бадиий адабиёт соҳасидан қай даражада билимдонлигини синаб қўриш учун адабий жамоатчилик ўртасида катта шов-шувга сазовор бўлган ўнлаб асарларни тилга олганимда, кўпчилиги музтар тортган, ораларидан дадилроғи эса юзимга ғалати разм солиб:

- Ака, сиз адашдингиз, биз адабиётчи эмасмиз, - деди.

Аслида суҳбатдошим сира иккиланмасдан бошқа соҳа ўқитувчиси эканлигидан китобхонликка эътиборсизлигини хаспўшлаш воситаси сифатида фойдаланган, аммо ўзи сезмаган ҳолда "қовун тушириб" қўйганди. Ахир муаллим деган номнинг ўзи бу касб соҳиби зиммасига ўқувчидан кўра кўпроқ ўқиш, изланиш мажбуриятини юкламайдими? Қолаверса ҳар бир ўқитувчи болага нафақат билим, балки тарбия ҳам бериши лозимлиги унинг бевосита бадиий адабиётга яқин бўлишини тақозо этмайдими?

Масала моҳиятига чуқурроқ кириб бориш учун "адабиёт" ва "тарбия" сўзларининг тагзаминига назар ташлайлик. Ҳар икала сўз ўзаги арабчадан олинган. "Адаб" - одоб бирлик, "ият" эса "лар" кўплик қўшимчаси бўлиб, тўғридан-тўғри таржима қилинганда "одоблар мажмуи" деган маънони англатар, ўзаги "арба" (тўрт) сўзидан ясалган "тарбия" тушунчаси маънавий, ахлоқий, руҳий, жисмоний тарбия беришни ўз ичига қамраб олар экан.

Шу ўринда бир мулоҳаза - сўз кўрки бўлган мақолларни, аждодларимиз томонидан мерос қолдирилган ибратли ривоят ва ҳикоятларни, жаҳон ва ўзбек мумтоз ҳамда замонавий асарларини ўқиб ва уқиб олмасдан, улардан айнан мисоллар келтирмасдан қандай қилиб ёш авлодни тарбиялашдек муҳим вазифани бажариб бўлади?

Саволлар кўп ва оғриқли. Таълим тизимида ишловчи ҳар бир мутахассис китоб ўқишни, китобхонликни кундалик эҳтиёжига айлантирмас экан, мазкур саволларга шунчаки жавоб қайтариш қийинлигича қолаверади.

2

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган бир хабар эътиборимни тортди. Унда ёзилишича, Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқулов Пахтачи маҳалласида жойлашган, ўқувчиларининг ўзлаштириш даражаси паст бўлган 68-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, 10-синф ўқувчиларига дарс ўтган.

Ҳокимнинг мактабга бориши, дарс ўтиши бугун ҳеч кимни ажаблантирмаслиги мумкин. Негаки мамлакатимиз Президенти янги ўқув йили арафасида ўтказган мулоқотда вазирлардан тортиб барча даражадаги раҳбарлар мактабларга ойида камида уч маротаба бориб, дарс ўтиши тўғрисида аниқ кўрсатмалар берганди.

Энди бояги хабарга қайтайлик: "Ҳоким соатида Зоир Алиқулов ўқувчиларнинг бадиий адабиётларга қизиқиши, асосан қайси китобларни ўқиётгани билан ҳам қизиқди.

30 нафар ўқувчи қатнашган дарсда ўқувчиларнинг бирортаси ҳам бадиий адабиёт ўқимагани маълум бўлди. Энг ёмони ҳоким билан мулоқот чоғида мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Ражаб Хидиров ҳамда адабиёт фани ўқитувчиси Фахриддин Кўчаровнинг ҳам бадиий адабиётдан йироқлиги ошкор бўлди...

...Ҳоким ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг ушбу ҳаракатсизлигига жавобан, ўқишнинг аҳамияти, келажакда инсон ҳаётида муҳим ўрин тутиши ҳақида сўз юритди... Туман ҳокими ўқувчиларга бир ҳафта вақт бериб, шу муддат ичида бирор бир бадиий асарни тугатиб келиш ва асар бўйича савол-жавоб қилишини билдирди".

Бугун китобхонликни кучайтиришга, бадиий адабиёт тарғиботига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Мамлакатимизда ҳар йили уч ёш йўналишида ўтказилаётган "Ёш китобхон" танлови ғолиблари "Спарк" автомашинаси билан тақдирланаётгани, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев Миришкор туманидаги 32-мактабнинг буюк туркман шоири Махтумқули шеъриятини деярли ёд олган 5-синф ўқувчисига шахсий планшетини тортиқ қилгани, мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилган "Жонажон мактабимга китоб совға қиламан" акцияси иштирокчилари сони кун сайин ортиб бораётгани фикримизнинг яққол далилидир.

Мени бир савол қийнайди: сўнгги уч йилдирки, Президент томонидан китобхонлик нафақат илм-маърифатни, маънавиятни юксалтиришнинг асоси бўлиб қолмасдан, мамлакат иқтисодий равнақини таъминловчи бош омил эканлиги қайта-қайта уқтириб келинаётган бўлса-да, аксаримизни китоб, китобхонликка панжа орасидан қараш кайфияти нега тарк этмаяпти? 

3

Қанчалик ачинарли бўлмасин, тан олиш керак, таълим тизимида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи, мураббийларнинг ҳаммаси ҳам ёш авлод онгида китобга, адабиётга ҳавас руҳини уйғотаяпти, дейиш ноўрин. Қўлига матбуот нашри ёки китоб олса, эсноғи тутиб қоладиганлар кўплаб топилади. Кўп йиллик педагог, ижодкор сифатида қайси таълим масканига йўлим тушмасин, ишни шу маскан кутубхонаси билан танишишдан бошлайман. Тўғри, кейинги йилларда кутубхоналар фондини бадиий адабиётлар билан бойитишга анча эътибор қаратилаяпти. Аммо бу соҳадаги ишларимизни етарли деб бўлмайди. Кутубхоналарга келтирилаётган аксар асарлар бир ёки икки нусхагина холос. Фараз қилинг, камида юз нафар ўқувчи таҳсил олаётган мактаб учун етарли миқдорми бу?

Бундан ҳам ачинарлироғи, мактабларда фаолият кўрсатаётган  бошқа фан ўқитувчиларини қўя турайлик, аксар она тили ва адабиёти фани мутахассислари ҳам бугунги адабий жараёндан бехабар. Шахсий фикри ожизимча, адабиёт фани дарсликлари ўқитувчи зиммасига адабий жараёндан бохабар бўлиб туриш мажбуриятини юклай олмаётгандай.

5-синфдан 11-синфгача бўлган адабиёт дарсликларидан маълум бир давр адабий муҳитини атрофлича ёритадиган мавзулар деярли ўрин олмаган. Бунинг устига хронологик изчилликка ҳам эътибор қаратилмаган. 5-синф дарслиги ибтидосидан "Адабиёт - сўз санъати" деб номланган мавзу ўрин олган. Ундан кўзланган асосий мақсад ёш авлодга сўз санъати деб аталмиш муҳташам қасрда илк тетапояларни қўйдириш. Сўз санъати, унга бобо-момоларимиз узун кечалар айтиб берган эртаклар орқали кириб келишимиз тасвиридан сўнг адабиётнинг "шеърият", "наср", "драматургия" турларига (жанрларига) қисқача изоҳ берилади.

Ҳар бир элнинг адабиёти пойдеворини халқ оғзаки ижоди ташкил қилади. Шу нуқтаи назардан дарсликнинг илк боби "Ҳикмат дурдоналари" деб аталиши, қисмдан "Мақоллар", "Топишмоқлар" каби мавзулар ўрин олгани жуда ўринли. Аммо халқ оғзаки ижодини ўрганиш шу билан вақтинча якун топади.

Бизнингча эса мазкур бошланғич "Эртаклар", "Ривоят, ҳикоят ва афсоналар", "Достонлар", "Эпослар", "Халқ қўшиқлари" кўринишида давом эттирилса, ўқувчининг адабиёт оламига сафарида изчиллик таъминланган бўларди. Тўғри, Имом Бухорий, Эзоп каби мутафаккирлар ҳаёти ва ижодига бағишланган мавзулар изидан дарсликнинг иккинчи боби - "Эртаклар оламида" бошланади. "Уч оға-ини ботирлар","Ҳикоя", "Сусамбил" эртаклари ўрганилгач, Ҳамид Олимжон ва Мақсуд Шайхзода томонидан болалар учун яратилган "Ойгул ва Бахтиёр", "Искандар Зулқарнайн" эртак-достонларига ўрин берилиши эса хронологик изчилликни мутлақ бузиб қўяди. Ҳар иккала улуғ шоиримиз йигирманчи асрда яшаб, ижод қилишган, халқ оғзаки ижодининг яратилиши эса минг йилликларга бориб туташади. Менимча, ушбу мавзулар бироз кейинга олиб қўйилиб, тиллардан тилларга кўчиб келаётган сўз санъати намуналари, хусусан, достон жанри тўлиқ ўрганиб чиқилгач, халқ оғзаки ижодининг ёзма адабиётга таъсири ҳақида тўхталиб, сўнгра юқоридаги мавзуларга мурожаат этилганда, фойдадан холи бўлмас эди.

4

Адабиёт дарсликларидаги номутаносиблик ҳақида истаганча сўз юритиш мумкин. Таъбир жоиз бўлса, бу алоҳида мавзу. Фақат адабиёт дарсликларида ҳар бир давр адабиёти алоҳида олинган муаллифлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш билан кифояланиб қолмасдан дастлаб ўша давр адабий жараёни обзор шаклида талқин этилса, ўқитувчи олдига дарслик билан чегараланмай, умумий обзорга киритилган бошқа асарларни ҳам ўқиш мажбуриятини юклаган бўларди.

Китоб ва ўқитувчи эса биз истаймизми-йўқми, эгизак тушунча бўлганича қолаверади. Бадииятдан йироқ ўқитувчи ҳамма томонлама ахборот маконида яшаётган ўқувчини қаноатлантира олмайди. Зеро Президент ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишни кўзлаб олға сурган беш ташаббуснинг ҳам бири китоб, китобхонликка йўналтирилгани бежиз эмас. Навоий ҳазратлари зикр этганидек, илмдан "воситаи жоҳ" ўрнида фойдаланмайлик, азиз ҳамкасблар.

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-мактаб директори