Қишлоқ хўжалиги 21.06.2019 92

"ИЮНЬ ГЎЗАЛИ", "САНТА МАРИЯ" ВА "АББАТ ФЕТЕЛЬ"

Қишлоқ хўжалиги

Сарлавҳани ўқиб, булар бирор аёлга таърифу тавсиф, киши номлари деб ўйлашингиз ҳам мумкин. Аммо қуйида сўз юритмоқчи бўлаётганимиз умуман бошқа нарса.

 

Ўзига хос таъм ва кўринишга эга нок дарахти навларининг аталиши шундай. Европа мамлакатларида анча кенг  тарқалган, севиб истеъмол қилинадиган ушбу мева навлари бугун юртимизда ҳам алоҳида эътибор билан парваришланмоқда. Китоб туманидаги "Абдувоҳид Каримов" фермер хўжалиги боғбонлари аллақачон бу борада яхши тажриба тўплашган.

- Бу ишга 2011 йилда қўл урганмиз, - дейди фермер Алишер Каримов. - Сербиядан 2 минг тупдан ортиқ яримпакана нок кўчати келтиргандик. 2 гектар жойда интенсив боғ барпо этдик. Дарахтлар учинчи йилданоқ ҳосилга кирди. Мазкур навлар айрим хусусиятлари билан бир-биридан фарқ қилади. Масалан, ўз номи ҳам айтиб турганидек, "Июнь гўзали" ёзнинг илк ойида ғарқ пишади. Бу навдан 300 туп бор. Ҳар бир дарахт 15-20 килограммдан ҳосил бераяпти. Пўсти юмшоқ, серсув, узоқ сақлаб бўлмайди. Шу боис меваларни териб, бозорга чиқаришни бошлаб юборганмиз. "Санта Мария" навлиси августда, "Аббат Фетель" эса сентябрда узишга тайёр бўлади. Охиргиси пўсти қалин бўлгани учун яхши сақланади. Ҳозирча бу сархил ноз-неъматлар билан фақат юртимиз аҳолисини баҳраманд эта олаяпмиз, холос.

 

Фермернинг айтишича, хўжаликда кўп тармоқли фаолият ташкил этилган. Нок етиштиришдан ташқари анорчилик ҳам асосий тармоқ саналади. 4 гектар майдонни эгаллаган анорзорда ушбу меванинг 3 хил нави етиштирилмоқда. Қуванинг ширин, Сурхондарёнинг йирик донали анори ҳам бор бунда. Маҳсулот экспорт талабига жавоб беради. Келгусида айни масалада жиддий иш олиб бориш мақсад қилинган. Ишбилармон узумчиликни ҳам ривожлантириб келаяпти. 3 гектар лалми ерларда узумнинг саноатбоп навлари парваришланаяпти. Ҳосил тумандаги қайта ишлаш корхоналарига етказиб берилади.

Ҳудуднинг иқлими чорвачилик учун жуда қулай. Фермер бу имкониятни ҳам тўғри ишга сола билган. Қўйчилик тармоғи йўлга қўйилган. 200 бош ҳисори зотли гўшт йўналишида маҳсулдор қўйлар боқилмоқда. Бунинг учун фермерга 70 гектар яйлов ҳам ажратилган. 1 гектар майдонда етиштириладиган арпа ҳосили ҳам асосан шу мақсад учун ишлатилади. Алишер Каримов бу соҳани янада кенгайтирмоқчи эканини айтади. Тегишли дастурга асосан хориждан яна 200 бош эделбай зотли қўйларни олиб келиш мўлжал қилинган. Шунингдек, ҳозирда 0,5 гектар майдонда сунъий ҳавза ҳам тайёр ҳолга келтирилган. Балиқчиликни ташкил этиш учун шароит яратилаяпти. Ҳавзага балиқ чавоғи ташлаш шу йилдан кечиктирилмайди. Қўшимча йўналишлар ишга туширилиши хўжаликда иш ўринлари кўпайишини таъминлайди, албатта.

М.ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.