Сўнгги янгиликлар 26.10.2018 128

ИЖОДИЙ ИШЛАРДА – КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ МАВЗУСИ

Ёшлар ва давр

ИЖОДИЙ ИШЛАРДА – КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ МАВЗУСИ

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Қарши санъат коллежида “Биз ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт!” шиори остида “Энг яхши плакат”, “Энг яхши сурат”, “Энг яхши баён” номинациялари бўйича республика танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ижроси доирасида ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳамда коррупциянинг салбий оқибатларидан огоҳ этиш, ушбу иллатга нисбатан муросасизликни вужудга келтириш мақсадида ўтказилган ушбу тадбир ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда олий таълим муассасалари ёшлари иштирокида ўтди.

Ижодкор ёшлар ўз ишларида она Ватан, бепоён ўлкамиз, яшил табиатимиз, шунингдек, коррупция ва унинг оқибатларини ўзига хос услубда акс эттиришди.

- Ушбу суратда мингйиллик обидаларимиз фонида ёшларнинг эртанги кунга ишончини гавдалантирдим, - дейди “Энг яхши сурат” номинацияси ғолиби, Нишон агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчиси Озода Йўлдошева. – Шунингдек, эгри йўл билан мақсадга эришиш оқибати ёмон бўлишини ҳам тасвирлашга ҳаракат қилдим.

Якуний натижаларга кўра, барча номинациялар бўйича 18 нафар ўқувчи ва талаба ғолиб деб топилиб, улар танловнинг ноябрь ойида ўтадиган республика босқичида қатнашадиган бўлди.

Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлими фахрий аъзоларининг “Коррупцияга йўқ деймиз” мавзусидаги кўргазмаси йиғилганларни ушбу иллатнинг мудҳиш оқибатларидан огоҳ этди.

С.АЛЛАЁРОВА