Жараён 17.09.2019 34

"ҚИЗИЛ КИТОБ" САҲИФАЛАРИДА

Табиат ва инсон

Маълумки, кейинги юз йил ичида табиий ландшафтларнинг кескин ўзгариши, ҳайвонот оламидан шафқатсизларча фойдаланиш боис уларнинг тури ва сони камайиб кетаётганлиги кузатилмоқда. "Қизил китоб"ни яратишдан мақсад эса ўсимлик ва ҳайвонларнинг муҳофазага муҳтож турларини халқаро ҳамкорлик орқали йўқолиб кетиш хавфидан қутқариб қолишдир. Қуйида ушбу китобдан ўрин олган айрим ўсимликлар ҳақида маълумот берамиз.

ТИЗМА ТАНГАЎТ

Жануби-ғарбий Помир-Олойдаги ола жинсли қолдиқ тоғларда учрайдиган камёб ўсимлик. Бўйи 70 сантиметрга боради, кўп йиллик. Пояси ғовак, оч яшил рангли. Баргларининг узунлиги 3-8 сантиметр, эни 5 сантиметр, учта овал шаклидаги баргчалардан ташкил топган, учидаги баргчаси йирикроқ. Гули хира бинафша рангли, баъзан оқиш. Май-июнь ойларида гуллаб, июлда меваси етилади.

Бу ўсимлик Ҳисор ёнбағирларида, Деҳқонободнинг Оқработ аҳоли пункти атрофларида, Оқсув, Мачай дарёлари яқинида, Қамашининг Қизилқишлоқ ва Қизилмачит қишлоқлари ораси ва Кўҳитанг тизмасида тарқалган. Шунингдек, Туркманистонда ҳам учрайди. Тош-шағалли ёнбағирларда ўсимликлари сийраклашган ола жинсли ва гипсли қолдиқ тоғлардаги ётқизиқларда ўсади. Якка-якка ҳолда бир-биридан 10-15 метр оралиқда ёки кичик тўплар ҳосил қилиб учрайди.

Уруғидан кўпаяди. Табиатда кузатилишича, намлик кўп бўлган йиллари яхши униб чиқади.

ОЛАТОҒ ЗАЪФАРОНИ

Денгиз сатҳидан 700-2200 метр баландликда шағалли ва соз тупроқли ёнбағирларда ўсадиган ушбу ўсимликнинг бўйи 15 сантиметр, туганак  пиёзли, кўп йиллик. Барглари 10-15 тагача, ингичка, тўқ яшил, оч чизиқли. Гул туби сариқ доғли.

Табиатда якка-якка ёки тўп-тўп бўлиб учрайдиган Олатоғ заъфарони февраль-апрель ойларида гуллаб, июнь-июлда меваси етилади. Уруғидан кўпаяди. Гуллари ва туганак пиёзларининг кўплаб йиғиб олиниши сабабли камайиб бормоқда.

Айни пайтда Тошкент ва Олмаота ботаника боғларида ўстирилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ФА Ботаника боғида  1959 йилдан буён ўстириб келинади.

СВЕТЛАНА ГУЛСАФСАРИ

Гулсафсардошлар оиласи вакили бўлган мазкур ўсимлик Ғарбий Помир-Олойда учрайдиган камёб эндемик тур саналади. Барглари ўроқсимон, эни 3-4 сантиметр, силлиқ, четлари оқ ҳошияли, учи ўткир. Гуллари сариқ тусда, 1-2 та бўлади. Апрель ойида гуллаб, май ойида мева беради.

Светлана гулсафсари Ҳисор тизмасининг ғарбий қисми - Қизилча, Қўрғонтош, Торқопчиғай қишлоқлари атрофида тарқалган. Асосан қизил қумтошли тупроқларда ўсади. Мазкур тур табиий ўсиб турган жойларининг қисқариши ва чорва молларининг боқилиши туфайли камайиб кетган. Ушбу камёб турни сақлаб қолиш учун муҳофаза чораларини ташкиллаштириш лозим.    

ПРАТОВ КОВРАГИ

Зирадошлар оиласига мансуб ушбу ўсимлик Ҳисор тизмасининг жануби-ғарбий тармоқларида, Вори қишлоғи атрофида тарқалган. У асосан денгиз сатҳидан 2400 метр баландликдаги гипсли ёнбағирларда ўсувчи ўсимлик бўлиб, уруғи орқали кўпаяди. Бўйи 30-60 сантиметр. Пояси туксиз. Баргларининг кўпчилиги илдиз бўғзида жойлашган. Гултожи оқиш, овалсимон. Тугунча ва меваси туксиз, июнда гуллаб, меваси июлда етилади. Пратов коврагининг 60 туп ўсимликдан иборат 2 та популяцияси аниқланган. Ҳозирги кунда табиий ўсиб турган жойларининг бузилиши ва кўплаб мол боқилиши туфайли камайиб кетган.

Ш.БОЗОРОВА тайёрлади.