Жамият 21.05.2019 82

ЙИFИН РАИСИ ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

Жиноят ва жазо

Бугунги кунда маҳалла ноёб институт сифатида мавқеи баланд, нуфузли жамоат ташкилоти ҳисобланади. Чунки инсоннинг яхши-ёмон куни маҳалла билан. Шу боис маҳаллага раис сайланаётганда биринчи навбатда унинг ҳалол, пок инсонлиги, катта ҳаётий тажрибага эга эканлиги, турмушнинг паст-баландини тушуниб етишига эътибор қаратилади.

Чироқчи тумани Шўрбозор маҳалласи аҳолиси Р.Қ.га ҳам катта ишонч билдириб, уни ўзларига бош - маҳаллага раис қилиб сайлашганди. Инсоннинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, унга мансаб бериб кўр, дея бежиз айтишмаган чоғи. Р.Қ. ҳам маҳаллага раис бўлгач, анча ўзгариб қолди. Иши тушиб келганларга қонун бир чеккада қолиб ўз нафси доирасида талаб қўя бошлади.

Масалан, фуқаро Ж.Н. маҳалла идорасига қатнаб-қатнаб,  боласига нафақа пули олишга эришади. Аммо уч ой ўтар-ўтмай нафақа пули узиб қўйилади.

Фуқаро бунга нима сабаб эканини билиш мақсадида оқсоқолнинг ҳузурига келганида, раис бирдан дангалига кўчиб қўяқолади: "Ишингизни ҳал қиламиз. Тўланмай қолган уч ойлик нафақа пулингизни ҳам тўлаб берамиз,  келгусида яна давом этади. Очиғини айтаман, бунинг эвазига 150 минг сўм берасиз".

Рўзғорини амал-тақал қилиб ўтказиб турган фуқаро раис сўраган пулни қаердан топишни билмай боши қотади. Ўйлаб-ўйлаб масаланинг ечими ҳуқуқ-тартибот идоралари орқали ҳал бўлишини англаб етади. Шунга кўра, маҳалла раиси 150 минг сўмни пора сифатида санаб олаётганда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Чироқчи тумани бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди.

Пушаймонлик ва надоматдан боши хам бўлган маҳалла раиси халқнинг, ҳамқишлоқларининг ишончини йўқотди. Қолаверса, жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судининг ҳукмига кўра,  қилмишига яраша жазосини ҳам олди. Энг асосийси, халқ ишончини йўқотди.

Муҳаммад БЕГАЛИЕВ,

департаментнинг вилоят бошқармаси катта инспектори