Жамият 29.12.2018 303

ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ

ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ

ЯКУНИГА ЕТАЁТГАН 2018 ЙИЛ ВИЛОЯТ ҲАЁТИДА УЛКАН ВОҚЕЛИКЛАР БИЛАН ЁДДА ҚОЛАРЛИ БЎЛДИ. БИЗ УЛАРНИ СОҲАЛАР БЎЙИЧА, ЭНГ МУҲИМЛАРИНИ ТАСНИФЛАДИК. ЎЙЛАЙМИЗКИ, ҚУЙИДАГИ ТАФСИЛОТЛАР ЯНГИЛАНИШЛАР САЛМОFИНИ, НЕЧОFЛИК ЎЗГАРИШЛАР ЮЗ БЕРГАНИНИ ЯҚҚОЛ КЎРСАТАДИ.

ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ: ТАШРИФ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилда Қашқадарё вилоятида 2 марта бўлди.

28-29 январь, 13-14 декабрь кунларида амалга оширилган ҳар иккала ташриф давомида Президент ўнлаб ижтимоий, иқтисодий лойиҳалар ижроси, таълим муассасалари, тиббиёт масканлари, ишлаб чиқариш субъектлари фаолияти билан яқиндан танишди. Халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилди, уларнинг  муаммолари, фикрлари, орзу-истаклари билан қизиқди. Ташаббускорлар томонидан таклиф этилган юзлаб ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар тақдимотида уларни амалга ошириш юзасидан ўзининг муҳим маслаҳатларини берди.  

Умуман олганда, давлат раҳбарининг вилоятимизга ушбу ташрифлари ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этди.

ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ: БУНЁДКОРЛИК

Йил бошида Яккабоғ туманидаги Бешқўтон қишлоғида 44 миллиард сўм маблағ эвазига зотдор қорабайир отлар парваришланадиган йирик замонавий мажмуа қуриб битказилди. 10,24 гектар майдонни эгаллаган мажмуада от спорти мусобақаларини ўтказишга мўлжалланган битта очиқ ва битта ёпиқ манеж барпо этилди. Ҳар бирига 50 тадан от сиғадиган 4 отхона қурилиб, у ерда 100 бош от алоҳида парваришланса,   1 ёшдан 3 ёшгача бўлган яна 100 бош от келгуси мусобақаларга тайёрлаб борилиши мақсад қилинди.

***

30 январь куни Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали очилди. Маросимда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

***

Қарши шаҳридаги Хонобод кўчасининг Ислом Каримов кўчасига туташ қисмида замонавий инфратузилма иншооти - воҳадаги илк ер усти пиёдалар ўтиш йўли қуриб фойдаланишга топширилди.

Узунлиги 36, эни 4, баландлиги 4,5 метрни ташкил этадиган, барча қулайликларга эга ер усти пиёдалар ўтиш йўлини бунёд этишга жуда қисқа муддат - 3 ой вақт кифоя қилди. Кўприк атрофи ҳам ободонлаштирилиб, зарур коммуникация тармоқлари бунёд этилди. Ушбу қурилиш ишларига маҳаллий бюджет ҳисобидан жами 1 миллиард 700 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

***

Давлат раҳбари топшириғи асосида Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида жойлашган Болалар боғи ўрнида "Ватанпарварлар" боғи барпо этилди. Қарийб 7 гектарлик боғда 2018-2019 йилларда 29,3 миллиард сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилиши белгиланган. Бу ерда сунъий кўл, амфитеатр, блендаж, ўқ отиш жойи, лукодром бўлади. Музей қурилиши тугалланиш арафасида, парашютдан сакраш минораси қурилиши давом этмоқда. Боғ ҳудудига Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилган, турли йилларда хизмат қилган 24 та ҳарбий техника ўрнатилган.

***

"Ватанпарварлар" боғи ёнида янги сув спорти мажмуаси қад ростлади. Ушбу замонавий иншоотда 25х11 метрлик тўрт йўлакдан иборат иккита сузиш ҳавзаси мавжуд бўлиб, сув махсус фильтрлар ёрдамида тўлиқ янгилаб турилади. Мажмуада ювиниш, овқатланиш, тиббиёт ва фитнес хоналари мавжуд.

ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ: ТИББИЁТ

Шаҳрисабзда 20 ўринга мўлжалланган туманлараро эндокринология бўлими иш бошлади. Ташкил этилиши учун 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган тиббиёт маскани айни вақтда Шаҳрисабз, Чироқчи, Яккабоғ туманлари аҳолисига хизмат кўрсатмоқда.

Китоб туманида эса 1 миллиард 700 миллион сўм маблағ эвазига "Шўртангазкимё" мажмуаси ҳомийлигида қурилган бинонинг биринчи қаватида 30 ўринли кардиология, 2-қаватида яна худди шунча ўринга мўлжалланган эндокринология бўлими иш бошлаб, бу ерда юрак, қандли диабет, тери-токсикоз, бўқоқ каби  касалликлар даволанаётир.

***

Миришкор туманидаги Помуқ қишлоғида жойлашган 2-сонли шифохона 3 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Муассасанинг 180 ўринли поликлиника, 25 ўринли туғруқхона, болалар касалликлари, жарроҳлик, шошилинч тиббий хизмат, ички касалликлар бўлимлари бинолари таъмирланди. Барча бўлимлар "Саломатлик-3" лойиҳаси асосида замонавий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди.

***

Вилоятда биринчи марта сунъий бўғим қўйиш бўйича жарроҳлик амалиёти бажарилди. Маълумки, бўғим касалликлари жаҳон тиббиётининг долзарб муаммоси саналиб, бемор ҳаёт сифати бузилишига, ногиронликка олиб келади. Кўп тармоқли тиббиёт маркази травматология бўлими шифокорлари йирик бўғимлар артрозлари касаллиги билан оғриган беморни эндопротезлаш, яъни сунъий бўғим ўрнатиш операциясини муваффақиятли бажарди.

***

Президентимиз кўрсатмасига асосан янгидан бунёд этилган 120 ўринли замонавий Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда 150 ўринли Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалларида беморлар даволана бошлади.

ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ: МАДАНИЯТ

9 апрель куни Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги илк бор у зот туғилган жой - Яккабоғ туманидаги Хўжаилғор қишлоғида кенг миқёсда нишонланди. ОАВ вакиллари учун ташкил қилинган пресс-тур доирасида Хўжаилғор қишлоғидаги қадимий қудуқ, Амир Темур ёшлигида кўтарган деб ҳисобланадиган полвонтош, ўша даврлардан бери сақланиб келаётган масжид меҳроби ва қадимий тут дарахтлари, Чироқчи тумани Тарағай қишлоғидаги Темур ғори, маҳаллий аҳоли хонадонларида сақланиб келинаётган қадимий буюмлар ва бошқа қатор ноёб ёдгорликлар бориб кўрилди.

***

Май ойида замонавий ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов 1992-2016 йилларда яшаган Қарши шаҳридаги уй пештоқига ижодкорнинг бюсти ва ёдгорлик лавҳа ўрнатилди.

***

Қарши давлат университети тузилмасида "Қатағон қурбонлари хотираси музейи" очилди. Унда "Совет давлати қатағон сиёсатининг бошланиши (1926-1936)", 1937-1938 йиллардаги "Катта қирғин" оқибатлари, "1940-1950 йилларда Ўзбекистон жанубида амалга оширилган сиёсий қатағонлар", "1980 йиллардаги қатағон. "Пахта иши" кампанияси" ўз аксини топган. Қарши шаҳридаги Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ зиёратгоҳида жойлашган музей фаолияти шу замин, шу юрт тинчлиги учун жонларини аямай курашган ватандошларимиз номларини абадийлаштиришга қаратилган бўлиб, фото ва видео материаллар, қўлёзмалар, тарихий хариталар, китоблар, суратлар яқин тарихимизнинг аёвсиз кунлари ҳақида яққол тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

***

Маданият соҳасида йилнинг энг муҳим воқеаси, албатта, Президент ташаббуси билан Шаҳрисабз шаҳрида 6-10 сентябрь кунлари ўтган Халқаро мақом санъати анжуманидир. Мамлакатимизда биринчи бор ўтказилган ушбу санъат байрамида дунёнинг 73 давлатидан 300 га яқин иштирокчи ва меҳмонлар қатнашди. Улар орасида нафақат ўз юртида, балки жаҳон миқёсида ҳам машҳур хонанда ва созандалар, маданият ва санъат арбоблари, мусиқашунос олимлар борлиги эътиборли.

Халқаро ҳакамлар ҳайъати хулосаларига кўра, Озарбайжоннинг "Ҳайрати" жамоаси солисти Нигор Шабанова ва Ўзбекистоннинг "Сақил" ансамбли 1-ўринга сазовор бўлиб, ҳар бири 10 минг АҚШ долларидан олди. Бош  соврин - Гран-при Тожикистон мақом академиясига берилиб, улар 15 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотини қўлга киритишди.

Шаҳрисабзда мақом музейи очилди. Муассаса 5 бўлимдан иборат бўлиб, бу ерда мусиқа санъати тарихи ҳақида қимматли маълумотлар берувчи фотосурат ва ҳужжатлар, экспонатлар билан танишиш мумкин.

ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ: ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ ВА ДИН

Президентнинг 2016 йил 28 декабрдаги "Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ  ташкил этилган "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони билан жорий йилда вилоятимиздан 62 нафар кекса-нуроний тақдирланди. Уларнинг 7  нафари I даражали, 55 нафари II ва III даражали "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони соҳибига айланишди.

***

"Обод қишлоқ" дастурига муқобил   Президентнинг 2018 йил 27 июндаги "Обод маҳалла" дастури тўғрисида"ги фармони асосида жорий йилда мамлакат бўйлаб ҳар бир шаҳарда 2 тадан, кейинги йилларда эса 3 тадан маҳалла обод қилиниши белгиланди. Шунга кўра, 2018-2019 йилларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб бориладиган маҳаллалар рўйхатида Қарши шаҳридаги Отчопар, Шайхали, Кунчиқар, Буюк Турон, Қарлиқхона ҳамда Шаҳрисабз шаҳридаги Ғалаба, Ипак йўли, Қушхона, Дўстлик, Тепарлик маҳаллалари бор. Бунинг учун 188,7 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 50 мингдан зиёд аҳоли турмуш тарзи, яшаш шароитлари яхшиланиши кўзда тутилган. "Обод қишлоқ" дастури асосида эса вилоят туманларидаги 28 та қишлоқ обод бўлди.

***

Шавкат Мирзиёев таклифлари асосида юртимизда биринчи марта Қуръон мусобақалари ўтказила бошланди. Шу асосда вилоятимиз қори ва қориялари ҳам 18-25 ҳамда 25-40 ёшлилар ўртасида ҳифз ва тиловат йўналишида беллашишди.

Эътиборлиси, мусобақанинг республика босқичида тиловат йўналиши бўйича вилоятимиздан қатнашган Қарши шаҳрилик, 1998 йилда туғилган Ҳасан қори Комилов 18-25 ёшлилар орасида 2-ўринни қўлга киритди.

Аёл-қизлар ўртасида эса олий ўринга Тошкент ислом институти талабаси, қашқадарёлик Робия Нажмиддинова муносиб деб топилди. Унинг опаси Нозима Нажмиддинова эса 18-25 ёшлилар орасида тиловат йўналиши бўйича 1-ўринни эгаллади. Олий ўрин соҳибасига уч кишилик, 1-ўрин ғолибига икки кишилик Умра сафари сертификатлари тақдим этилди.

***

5-19 август кунлари вилоятимиздан 7 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Россия Федерациясининг Кисловодск шаҳридаги баҳаво ва хушманзара ҳудудда жойлашган, табиий минераллашган булоқлари билан машҳур "Ўзбекистон" санаторийсида даволаниб, ўз саломатлигини тиклаб қайтди. Ушбу сафар давомида уларга ўз яқинларидан бир нафардан кузатувчи ҳамроҳлик қилди. Президентнинг тегишли қарори доирасидаги ушбу сафар харажатлари давлат ҳисобидан қопланди.

Айтиш жоизки, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийларига 5 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар ҳам берилганди.

***

Маҳаллий ҳокимлик бюджетидан 4 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилиб, Қарши шаҳридаги Шайхали маҳалласида жойлашган, анчадан буён фойдаланилмасдан келаётган кўп қаватли бинода капитал қурилиш ишлари олиб борилди. Сентябрь ойида 72 эҳтиёжманд оила бу ердаги 2 ва 1 хонали хонадонларига кўчиб киришди.

***

"Юксалиш" ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова, Туркман миллий маданият маркази вилоят бўлими раҳбари Норбой Жўраев, Қарши давлат университети ҳузуридаги "Замон" минтақавий тадқиқот маркази раҳбари Гулбаҳор Эркаева, Ўзбекистон экологик ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Носир Ҳалимов, "Аёллар маслаҳат маркази" раҳбари Ойдин Анорова жамиятимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардаги фаол иштироки учун "Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" кўкрак нишони билан тақдирланди.

***

Президентнинг 2018 йил 8 декабрдаги "Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, Қарши туманидаги "Бахт" фермер хўжалиги раҳбари Иброҳим Холиёров "Меҳнат шуҳрати" ордени билан, вилоят асаларичилар уюшмаси аъзоси Қаҳрамон Раҳимов "Дўстлик" ордени, "Миришкор туманидаги "Тожикистон" сув истеъмолчилар уюшмаси сувчиси Абдирашит Ташматов ва Китоб туманидаги "Шарипов Қобил Комиддинович" фермер хўжалиги бошлиғи Қобил Шарипов "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.

 

***

Қарши шаҳридаги "Мурувват" ногирон болалар учун интернат уйи 12 миллиард сўм маблағ эвазига капитал реконструкция қилинди. 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган ақлан заиф ва ногиронлиги бўлган 285 нафар бола яшаб, тарбия олаётган интернат қисқа вақт ичида бутунлай янги қиёфа касб этди, бош бино, ошхона мажмуаси, қозонхона, иссиқлик, электр ва вентиляция тизимлари таъмирланди, мебеллар янгиланди, ҳудуд ободонлаштирилди.

ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ: ТАЪЛИМ

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 июлдаги қарори асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Қашқадарё ҳудудий бўлими ўз фаолиятини бошлади.

***

Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида март ойида вилоят мактабларига Президент совғаси - 92 номдаги 110 минг дона китоб, мактабгача таълим муассасаларига 50 турдаги 16 минг нусхадаги адабиётлар етказиб берилди.

***

Давлат раҳбарининг 2018 йил 2 мартдаги қарорига мувофиқ, Китоб иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Юлдуз Нейматова ҳамда Қарши туманидаги 59-умумий ўрта таълим мактабининг ўқувчиси Малика Чориева Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

***

Апрель ойида Деҳқонобод туманидаги агросаноат коллежи қошида ёш бахшилар мактаби иш бошлади.

***

1 июлдан Шаҳрисабзда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадларига қаратилган яна бир лойиҳа - Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) кўмаги билан касб-ҳунарга ўқитиш маркази иш бошлади. Ўқув марказини бунёд этиш учун Корея республикаси томонидан 8,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. 250 ўринли ўқув биноси, машғулот ва лаборатория хоналари, замонавий ётоқхона, кутубхона, ошхона ва спорт майдончаси барча зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Марказда меҳнат бозорида талаб юқори касб ва мутахассисликларга ўқитиш назарда тутилган. Шу билан бирга, инглиз ва рус тиллари, тадбиркорлик ва бизнес асослари чуқур ўргатилмоқда.

***

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 6 августдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг  Гулистон, Қарши, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларида ҳудудий филиаллари ташкил этилди.

Қарши давлат университети бош биносида фаолият бошлаган филиалда дастлабки навбатда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг шаҳар ва туманлардаги бўғинлари раҳбарлари малака оширишди. Малака ошириш курси 6 кун давом этиб, 72 соатлик вебинар, суҳбат, тренинг машғулотларидан иборат.

***

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрдаги қарорига мувофиқ, илк марта Қарши давлат университетига абитуриентлар мусиқа, рассомлик ва жисмоний тарбия йўналишларида тест синовларисиз, фақат ижодий имтиҳонлар натижаларига кўра қабул қилинди.

***

Япония ташқи ишлар вазирлиги томонидан таъсис этилган "Инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича кичик   миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам дастури" асосида вилоят 18-сонли кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасига 30 минг 710 АҚШ долларилик компьютер синфи жиҳозлари олиб келинди.

***

Жанубий Кореянинг Сежонг университети докторанти, қашқадарёлик ёш олим Элёржон Жумаев "The Korean Institute of Metals and Materials" таълим муассасаси томонидан олимлар ўртасида ташкил этган конференцияда ўз кашфиёти билан ғолиб деб топилди.

Кашфиётнинг моҳияти шундаки, унда юқори легирланган янги металл қотишма тақдим этилди. Бундай материал асосан юқори температурада ишлайдиган, коррозиябардош ва механик характерини йўқотмайдиган қотишма бўлиб, ички ёнув двигателлари ва юқори юкламаларда ишлайдиган технологияларда қўлланилади.

ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ: СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИ

2018 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида икки йўлакли тизим жорий қилинди. Унга кўра, "яшил" йўлак орқали ҳаракатланаётган йўловчи товар ва валюта бойликларини оғзаки, "қизил" йўлак орқали ҳаракатланаётган йўловчи ёзма декларациялайди. Ушбу тизим 2021 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали автомобиль ва темир йўл ўтказиш пунктларида ҳам йўлга қўйилиши белгиланди.

***

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан Шаҳрисабз туманида "Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак" шиори остида илк марта "Адлия сайли" ўтказилди. Вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги давлат нотариал идоралари ҳамда ФҲДЁ бўлимлари, судлар, солиқ, ички ишлар, тижорат банклари, бандликка кўмаклашувчи идоралар, Ёшлар иттифоқи вакиллари халқ билан мулоқот асносида ҳуқуқий тарғибот олиб боришди.

***

Май ойидан вилоят иқтисодий суди ўз ишини янги бинода бошлади. Лойиҳа қиймати 6 миллиард 67 миллион сўмни ташкил қилган ушбу замонавий бинода фаолиятни самарали олиб бориш учун барча шароит муҳайё этилган. Шунингдек, 20 ўринга мўлжалланган ошхона, тренажёр зали, очиқ ва ёпиқ автомобиллар тураргоҳи, фуқаролар кутиш заллари мавжуд.

***

Август ойида Қарши шаҳрида "Хавфсиз шаҳар" тизими ишга тушди. Шу асосда 4 та сектор жойлашган 4 ҳудудда Қарши шаҳар ИИБнинг алоҳида бўлимлари ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқарма ташкил этилди. Ходимлар хизмат автомобиллари, скутерлар билан таъминланди.

***

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида берган кўрсатмасига кўра, бундан буён аскарлар ҳарбий қасамёд қилишдан олдин албатта Ўзбекистон тарихи ва "Темур тузуклари" фанидан синов топширади.

***

Президентнинг 2018 йил 14 майдаги Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий-ҳаво кучлари жанговар қобилиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига асосан Қарши шаҳридаги ҳарбий шаҳарчага Олий ҳарбий авиация билим юрти жойлаштирилиши муносабати билан 7 та объектда маҳаллий бюджет ҳисобидан ободонлаштириш ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилиши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунгача лойиҳа қиймати 18 миллиард 457 миллион сўм бўлган ушбу ишларга маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 500 миллион сўм ва республика ҳарбий-маъмурий секторларни ривожлантириш жамғармасидан 10 миллиард сўм ажратилди.

***

Вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида "Эзгулик патрули" фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг учун йўл патруль хизмати инспекторлари ичидан муомаласи, ўзини тутиши намунали бўлган тўрт нафари танлаб олинди ва "Эзгулик патрули"га жалб қилинди. Улар учун алоҳида автомобиль ажратилиб, махсус кўринишда жиҳозланди.

Мазкур патрулнинг асосий вазифалари сирасига йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилиш, пиёдалар, кексалар, болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, маданиятли ҳаракат иштирокчиларини рағбатлантириш, йўлларда нохуш вазиятларга тушиб колганларга ёрдам қўлини чўзиш каби ишлар киради.

***

8-9 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан вилоятдаги жазони ижро этиш муассасаларида ўтказилган инсонпарварлик актларини қўллаш бўйича сайёр суд мажлисларида жазони ўташ мобайнида яхши хулқ-атворга эга, меҳнатга виждонан ёндашган 8 киши муддатидан илгари жазодан озод қилинди ва 19 маҳкумнинг жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тури билан алмаштирилди. 34 маҳкумнинг сақлаш шароити енгиллаштирилиб, манзил-колонияларга ўтказилди. 2 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиб, суд залидан қамоқдан озод қилинди.

ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ: ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ВА ТРАНСПОРТ-КОММУНИКАЦИЯ

"Урал ҳаво йўллари" авиакомпанияси томонидан Москва-Қарши-Москва йўналиши бўйича тўғридан-тўғри илк парвоз амалга оширилди. Мазкур авиакомпаниянинг "Airbus A320" русумли йўловчи самолёти Москванинг Домодедово аэропортидан ҳавога кўтарилиб, 3 май куни Қарши халқаро аэропортига қўнди. Шундан бери ушбу йўналишда ҳафтада 2 марта рейс йўлга қўйилган.

***

Мустақилликнинг 27 йиллиги арафасида "Афросиёб" поезди Шаҳрисабзга илк йўловчиларини олиб борди. Ушбу линияда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 14 жамланма йўл ўтказгичлар янгисига алмаштирилган бўлса, қурилиш ишларига 100 га яқин илғор техника, 300 нафардан зиёд тажрибали мутахассис жалб қилинди.

Эътиборлиси, "Афросиёб" поездининг мамлакатимиз қадимий шаҳарлари - Самарқанд, Бухоро, Қарши ва Шаҳрисабзга қатновни амалга ошириши уларни бир йўлда бирлаштириш имконини беради, ўзига хос туристик занжир яратишга шароит ҳозирлайди. Агар "Афросиёб" поезди Тошкентдан Қаршига 3 соатдан камроқ вақтда етиб келса, Шаҳрисабзгача яна 54 дақиқа вақт сарфлайди.

***

Вилоят ҳудудидаги 49 меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ягона реестрига киритилган 16 та уй-меҳмонхонада "Е-меҳмон" электрон тизими асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

***

Косон тумани Мустақиллик кўчасида янги инновацион лойиҳа асосида хавфсиз пиёдалар йўлакчаси ишга туширилди. 50 ва 30 метр масофада виброшовқинли қопламалар ётқизилиб, детекторлар "Аудио воситалар ва қўл телефонларидан фойдаланманг", деб пиёдаларни ҳам огоҳлантиради.

ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ: ИҚТИСОДИЁТ

Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва илғор технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида вилоятимиз иқтисодиёти жабҳаси ўзгариш ва янгиликларга тўла бўлди. Инвестициявий фаоллик ҳар қачонгидан кўпроқ ошгани кузатилди. Талайгина инвестиция лойиҳалари муваффақиятли рўёбга чиқарилди, баъзиларини ҳаётга татбиқ этиш учун муҳим пойдевор қуйилди. Чел эл сармоясини кенгроқ жалб қилиш мақсадида муҳим чора-тадбирларга қўл урилди.

2018 йил аввалида вилоятимизда биринчи марта қаттиқ чиқиндини утилизациялаш ва қайта ишлаш бўйича янги ва юқори технологияли тизим ишга туширилди. Ҳудудда шу йўналишда иш бошлаган янги корхона - Қарши шаҳридаги "Қашқадарё эко транс" МЧЖда бунга кенг шароит яратилди. Ушбу лойиҳани рўёбга чиқариш учун тадбиркор томонидан 2 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя йўналтирилди. Ўзига хос кластер саналган мазкур корхонада чиқинди тўплашдан тортиб, ундан харидоргир саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришгача бўлган жараён тўлиқ қамраб олинган. Қурилиш чиқиндисидан шлакоблок, мокалатурадан картон қоғоз, резина маҳсулот ва шинадан пиролиз, яъни суюқ ёқилғи, пластик идишлардан синтефон - синтетик тола тайёрлаш шулар сирасига киради.

***

Иссиқхона  хўжалиги юритишда харажатни камайтиришнинг инновацион ечимини қўллаш миқёси янада оммалашди. Гап шундаки, шу вақтгача ишлаб чиқариш мақсади учун ишлатилган иккиламчи иссиқ сувдан бугун иссиқхона иноотларида мақбул хароратни сақлашда кенг фойдаланилмоқда. Мисол учун, Муборак туманидаги "Азиз агро транс файз" МЧЖ томонидан 5 гектардан ошиқ мақдонда барпо қилинган парникларда шу усулда маҳсулот етиштирилмоқда. Асосан помидор, бодринг ва булғор қалампири сингари сабзавот етиштиришга эътибор қаратган тадбиркорлик субъекти гектаридан 60-70 тонна атрофида ҳосил олишга эришаяпти. Ҳозирги вақтда ушбу ҳудудда иккиламчи сув билан иситилувчи иссиқҳоналар умумий майдони 100 гектардан ошиб кетди. Яқиндан бошлаб мазкур амалиёт Нишон тумани ишбилармонлари томонидан ҳам кенг қўлланилмоқда.

***

Ўтаётган йилда Қашқадарёда мамлакатимиз аграр соҳасида буткул янгилик саналган илк пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилди. "Guzor Tekstil Impeks" МЧЖ эса бу лойиҳа ташаббускори бўлди. Тадбиркорлик субъекти биринчи босқичда пахта етиштиришни кластер тарзида йўлга қўйди. Шу мақсадда корхонага Миришкор туманидан 10 минг гектар, Сухрондарё вилоятининг Ангор туманидан эса 3,5 минг гектар ер майдони узоқ муддатга ижарага берилди. Ерга ишлов беришга ихтисослашган юзлаб замонавий техникалар харид қилинган. Жорий мавсумда кластерда хирмон ҳам кўтарилди. Ҳозирча хом ашёга чуқур ишлов бериш имконияти йўқ. Аммо кейинги босқичларда, хусусан, 2019 йилда толани йигиришни ташкил этиш мақсад қилинган. Мато тўқиш ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш қувватлари ҳам изма-из ишга туширилади. Аҳамиятлиси, ҳукуматимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, кластер тизимига ўтиш бўйича воҳамиздан яна 4 та потенциал ташаббускор танлаб олинган. Жумладан, Қарши шаҳридаги "Sulton tex group" масъулияти чекланган жамияти ҳам фақат хом ашёни қайта ишлаш билан чекланмай, эндиликда уни етиштириш жараёнида ҳам бевосита иштирок этади. Бу корхонага Қарши туманидаги 10 минг гектар экин майдони бириктирилган. Шундай қилиб, 2019 йил ҳосили учун вилоятимиздаги 31 минг 700 гектар майдонда пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш янгича тизимда бажарилади.

***

Шу вақтгача фақат Қарши шаҳри, Шаҳрисабз ва Нишон туманларида кичик саноат зоналари фаолият кўрсатиб келган бўлса, 2018 йилда уларнинг сони кўшимчасига 7 тага кўпайди. Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги "Қашқадарё вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори шунга шароит ҳозирлади. Ўзига хос кичик индустриал мажмуалар Қарши, Қамаши, Китоб, Муборак, Чироқчи туманлари, Қарши ҳамда Шаҳрисабз шаҳарларидаги давлат мулки бўлган ва давлат улуши мавжуд хўжалик юритувчи жамиятларнинг ишлаб чиқариш майдонлари ва объектлари негизида барпо қилинди.

***

Қашқадарёда шу вақтгача юқори даражадаги электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича бирорта ҳам замонавий қувват ташкил этилмаган. Бироз аввал эса маҳаллий ишбилармонлар саъй-ҳаракати билан воҳада  биринчи марта замонавий телевизор ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Biss electronics system" МЧЖ ишга туширилди. Ушбу корхона Қарши туманидаги 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида қаровсиз ётган бино негизида иш бошлади. Импорт ўрнини босиш имконини берувчи бу лойиҳага 6 миллиард сўмга яқин сармоя киритилган. Тадбиркорлик субъекти ҳозиргача ўзи ишлаб чиқарган 3 минг донадан ортиқ LED-телевизорни реализация қилишга ҳам улгурган. Мавжуд қувват эса ойига 4500 дона маҳсулот тайёрлашга етади. Келгусида бу турдаги маиший техниканинг яна 2 хилини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўзда тутилган.

***

Маълумки, асаларичилик вилоятимиз қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи саналади. Мазкур фаолият ривожи учун ҳудудда барча шароит етарли. Бу эса мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишни тақозо этади. Қарши туманидаги "Asl aktiv logic" хусусий корхонаси томонидан жорий йилда ҳаётга татбиқ этилган лойиҳа ҳам жуда кенг қамровли. Бунда асаларичиликни ривожлантиришга комплекс ёндашувни кўриш мумкин. Шу мақсадга 1,3 миллиард сўм маблағ тикиб, соҳага ихтисослашган йирик мажмуа барпо этилган. Натижада барча зарур юмушларни бир жойда бажариш имкони пайдо бўлди. Субъект нафақат асал етиштириш, балки наслчилик ишларини юритиш,  асаларичилик учун зарур асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, маҳсулотни сифатли қадоқлаш каби жараёнларни ҳам тўлиқ қамраб олди.

***

Косон туманидаги "Бунёдкор" МЧЖ текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, корхона мавжуд қувватларнинг маънан эскирганлиги, сифат талабларига жавоб бермаслиги боис бир неча йилдан буён фаолият кўрсатмай келаётганди. Жорий йилдан эса  корхона негизида замонавий технологиялар билан жиҳозланган, пахта толасига чуқур ишлов беришдан тортиб, тайёр маҳсулотлар тайёрлашгача бўлган барча босқичларни амалга оширишга мўлжалланган йирик мажмуа бунёд этишга киришилди. Илк босқичда қиймати қарийб 4 миллион АҚШ долларига яқин бўлган қувват ишга тушди. Йилига 800 тонна ип-калава ишлаб чиқариш имкони юзага келди. Бу ипдан асосан трикотаж мато тўқилади. Корхона ушбу ярим тайёр маҳсулотни хорижга экспорт қилишни ҳам бошлаб юборган.

***

Мамлакатимизга ўзимизда ишлаб чиқариш имкони бўлган товарлар импортини чеклашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бундай маҳсулотларни юртимизда тайёрлашни йўлга қўйишга рағбат билдирган маҳаллий ишбилармонлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланади. 2018 йилда Нишон туманида ишга тушган "С-Гранд" МЧЖ вилоятимизда тайёрланиши ҳали деярли оммалашмаган маҳсулот - чарм-атторлик буюмлари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Асосан четдан импорт қилинадиган аёллар сумкаси, кармонини шу ерда тайёрлаш тўлиқ ўзлаштирилди. 70 та тикув машинаси ўрнатилган ишлаб чиқариш цехида 100 нафарга яқин киши меҳнат қилаяпти.

***

Якунланаётган йилда Қашқадарё ва дунё мамлакатлари муайян минтақалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳар қачонгидан ривожлангани кўзга ташланди. Мисол учун, вилоят ҳокими бошчилигидаги маҳаллий ишбилармонлардан иборат делегация Корея ва Туркияда бўлиб қайтди. Ушбу сафарлар давомида имзоланган келишувлар ҳудуд равнақи учун юксак ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлди. Мустаҳкам ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган мазкур ташрифлар асносида вилоятимиз иқтисодиёти тармоқларига ушбу икки хориж мамлакати сармоядорлари инвестицияларини фаол жалб этиш, биргаликда йирик истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида Корея сармоядорлари билан умумий қиймати 49,5 миллион долларлик 7 та инвестиция   лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳужжатлар имзоланган.

Шунингдек, 2018 йилда Қашқадарё ва Украина Республикасининг Сума, Эрон Ислом Республикасининг Қазвин вилоятлари ўртасида қатор соҳаларни қамраб олган ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Икки ўртада имзоланган расмий ҳужжатларда тарафлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдан манфаатдор эканини баён қилишган. Алоқалар туризм, спорт, маданият, санъат, таълим, соғлиқни сақлаш, фан-техника, саноат, қишлоқ хўжалиги ва савдо каби соҳаларни қамраб олди.

***

Сўнгги вақтда воҳамизга чет эллик сармоядорлар қизиқиши сезиларли ортгани сир эмас. Хорижлик ишбилармонлар ҳудуддаги мавжуд хом ашё-ресурслардан самарали фойдаланиш, замонавий қувватларни барпо этишга хоҳиш билдиришган. Жумладан, Хитой мамлакатининг "AnHui Conch Cement Company Limited" корпорацияси сармоядорлари вилоятимизга 200 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя олиб кираяпти. Чироқчи туманида цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш янги ташкил этилган "Қарши конч цемент" хорижий корхонасининг асосий йўналиши бўлади. Лойиҳа 2019 йилда тўлиқ ҳаётга татбиқ этилиши лозим. Бунинг натижасида 500 янги иш ўрни яратилади. Ҳозирда саноат корхонаси қурилиши ишлари давом этмоқда.

***

Жорий йилда вилоятимизда пиллачилик тармоғида тўлиқ ишлаб чиқариш занжирига эга янги саноат паркини ишга тушириш учун пойдевор қуйилди. Гап шундаки, вилоятимизда ушбу соҳада икки муҳим истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда. Хусусан, яратилажак кластер ҳудудда пилла хом ашёсини етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлашгача бўлган барча жараёнларни қамраб олади. Лойиҳанинг умумий қиймати 32 миллион АҚШ долларига баҳоланган. Унинг асосий қисмини хорижий сармоя ташкил этади. Натижада 450 та доимий иш ўрни яратилади.    

***

"Муборак текс" МЧЖ ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулот - пайпоқни экспорт қилишга киришди. Ҳозиргача БАА ва Молдова сингари мамлакатларга катта ҳажмда товар етказиб берилган. Асосан ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулот билан таъминлаб келган енгил саноат корхонаси учун бу жиддий натижа саналади. Фабриканинг йиллик қуввати 8 миллион жуфт пайпоқни ташкил этади. У илғор технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, маҳсулотни тайёр ҳолга келтириш учун зарур барча жараёнлар тўлиқ шу ернинг ўзида бажарилмоқда. Ҳозирги вақтда 60 хилдан ортиқ харидоргир ва рақобатбардош пайпоқ тайёрланаяпти.

***

Вазирлар Маҳкамаси Чироқчи, Миришкор ва Деҳқонобод туманларини 2018-2019 йилларда комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида-алоҳида қарорлар қабул қилди. Бу юзасидан махсус чора-тадбирлар дастурлари ҳам тасдиқланди. Уларнинг муваффақиятли амалга оширилиши эса ҳар бир ҳудуднинг саноат салоҳиятини янада кенгайтиришга имкон беради. Зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмаси ҳам бунёд этилади. Муайян истиқболли ло-йиҳалар рўёби эса ушбу туманларда қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси равнақига кенг йўл очиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси жойларда аҳоли бандлиги ва даромадлари ошишига муҳим шароит ҳозирлаши   лозим. Тегишли муддатда учала туманни қўшиб ҳисоблаганда, жами 1 минг 305 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши даркор. Уларни танлашда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги, салоҳияти эътиборга олингани муҳим. Бунинг учун эса турли манбалар ҳисобидан 1,3 триллион сўмга яқин маблағ ўзлаштирилади. Натижада 4420 та янги иш ўрни яратилиши режа қилинган.

***

Шу вақтгача сайёҳлар бориши тақиқланган объект ва ҳудудлар сирасига воҳамиздаги айрим диққатга сазовор жойлар ҳам киритилганди. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 29 майдаги қарори билан қатор манзиллар рўйхатдан чиқарилди. Жумладан, вилоятимиз ҳудудида жойлашган ва илгари бориш чекланган Қаласой дарасидаги Амир Темур ғори, динозавр излари ва шаршара, Сувтушар шаршараси, Тошқўрғон, Жовуз, Ғилон ва Кул қишлоқлари, "Хўжа Каршавар" платоси, Жанқа кўли, Северцев музлиги, Ҳазрат Султон муқаддас қадамжоси барча учун очиқ бўлди. Ўтган даврда қанчадан-қанча сайёҳлар хушманзара ва фусункор табиатли, шунингдек, ғаройиботларга бой бу масканлар жозибасидан баҳраманд бўлиш бахтига  муяссар бўлди.

ЙИЛ  ВОҚЕАЛАРИ: ЁШЛАР ҲАЁТИ

27 апрель куни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев хорижда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган қашқадарёлик ёшлар билан видеоконференцалоқа тизими ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали мулоқот қилди.

Тадбирни Россия, Германия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон давлатларида истиқомат қилаётган вилоят ёшлари Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида ташкил қилинган студиялар орқали, шунингдек, АҚШ, Австралия, Дания ва жаҳоннинг турли мамлакатларида фаолият олиб бораётган қашқадарёликлар "Facebook" ижтимоий тармоғи орқали кузатиб бордилар.

Мулоқот хориждаги ўзбекистонлик ёшлар билан тўғридан-тўғри алоқа тизимини йўлга қўйиш, уларни мамлакатимизда ёш кадрларга яратиб берилаётган имконият ва шарт-шароитлар билан яқиндан таништириш, хориждаги салоҳиятли ёшларни юртимиз соҳаларини ривожлантиришга истиқболда жалб қилиш, хориждаги ёшлар имкониятларидан фойдаланиб Қашқадарё вилоятининг туристик, иқтисодий ва инвестицион салоҳиятини тарғиб қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўриш каби мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятли бўлди.

***

Май ойида Ўзбекистон давлат консерваториясида ўтказилган "Наврўз садолари" IV халқаро халқ чолғулари оркестрлари ва кўп овозли ансамблларнинг мусиқа фестивалида Қарши санъат коллежининг 40 нафар истеъдодли ёшларидан иборат халқ чолғулари оркестри жамоаси 3-даражали диплом ва ғолиблик сертификати билан тақдирланди.

***

19-24 май кунлари Шаҳрисабз туманидаги "Лочин"  болалар соғломлаштириш оромгоҳида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва "Камалак" болалар ташкилоти сардорларининг "Ватан, дўстлик ва бахтли болалик учун!" шиори остидаги анъанавий XVII анжумани ўтказилди. Унда йил давомида самарали фаолият кўрсатган, ноанъанавий лойиҳалари билан бошқаларга ўрнак бўлган 800 нафардан ортиқ сардорлар иштирок этишди.

***

30 июнь Ёшлар куни муносабати билан Яккабоғ туманидаги Айғиркўл маҳалласи ҳудудида қуриб битказилган 84 хонадонли "Ёшлар уйи" тантанали тарзда ўз эгаларига топширилди.

***

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан 1 июлдан барча туман ва шаҳарларда "Yoshlar - kelajagimiz" Давлат дастури амалга оширила бошланди.

Шакллантирилган тегишли рўйхатга кўра, вилоятимизда 400 нафар ёшга 52 миллиард 997 миллион сўм кредит тақдим этилиши кўзда тутилган эди. Ҳозиргача 216 нафар ишбилармоннинг лойиҳалари молиялаштирилди. Бунинг учун 31 миллиард 651 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Қатор лойиҳалар қисқа муддатда ишга тушиши ортидан 2 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилган.

***

Жорий ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари вилоятимизда ягона бинода - Қарши ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати манежи ва спорт залида 1 августдан 15 августгача давом этди. Бу ўзгариш тест синовларини такомиллаштириш, унинг адолатли ва холис ўтишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Қарши давлат университетига топширилган ҳужжатлар яна рекорд даражага етди. Бир ўринга талабгорлар сони 17 кишини ташкил этди.

***

Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Жиноят Кодексининг 164-моддаси 2-қисми, "б" банди билан айбланган, Қарши туманилик Суннат Шомуродовнинг жиноят иши бўйича ўтказилган судда жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этди. Эндигина 23 ёшга тўлган С.Шомуродов бир гуруҳ тенгдошлари алдовига учиб, қорамол ўғирлаш мақсадида босқинчилик жиноятини содир этган эди. Суд унга нисбатан қўлланилган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазони бекор қилди ва судланувчи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кафиллиги эвазига суд залидан озод этилди.

Шунингдек, чироқчилик, айни пайтда Қорақалпоғистондаги ҳарбий қисмда хизмат қилаётган оддий аскар Ҳумоюн Шерматов ҳам Ёшлар иттифоқи кафиллиги эвазига  озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтамайдиган бўлди.

"Ташаббус-2018" кўрик-танловининг вилоят босқичида Чироқчи туманидаги "Абдураҳмон асали" хусусий корхонаси раҳбари, ёш ишбилармон Заҳриддин Бобоев "Йилнинг энг ёш тадбиркори" номинациясида ғолибликни қўлга киритди. Танловнинг мамлакат  босқичида эса у шу номинацияда 3-ўринга сазовор бўлди.

***

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан ўтказилган "Ёш китобхон" танловига топширилган энг кўп ариза вилоятимизда қайд этилди. Иштирокчилар орасида 10 ёшдан 14 ёшгача бўлганлар 45 520, 15 ёшдан 19 ёшгача бўлганлар 35 754, 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 11 415 нафарни ташкил этди.

***

Тегишли дастур асосида жорий йилда мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган қашқадарёлик 110 дан ортиқ ёш оилага янги уйлар қуриб берилиши кўзда тутилган эди. Бу уй-жойларнинг 50 га яқини воҳамиз марказида, қолгани туманлар ҳудудида бунёд этилди. Имтиёзли ипотека кредити асосида тақдим этиладиган бу уй-жойларнинг дастлабки бадал пуллари эса Ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан, кейинчалик қайтариш шарти билан тўлаб берилмоқда.

***

"Ватанпарварлик ойлиги" доирасида Қарши шаҳридаги "Ватанпарварлар боғи"да таълим муассасалари ўқувчи ва талаба ёшлари учун "Мардлик ва жасорат" дарслари ташкил этилди.

ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ: СПОРТ

21-22 апрель кунлари Шаҳрисабз шаҳри Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Амир Темур хотирасига бағишланган VII халқаро турнирга мезбонлик қилди. Умумий соврин жамғармаси - 50 минг АҚШ доллари бўлган турнирда дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан 300 га яқин спортчи ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Мутлақ вазн тоифасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини - 10 минг АҚШ долларини ғузорлик Шерали Жўраев қўлга киритди.

Шерали Жўраев сентябрда Президент соврини учун Тошкентда ўтказилган халқаро мусобақада ҳам кураш бўйича мутлақ вазн тоифасида ғолибликка эришиб, 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди. Индонезиядаги Осиё ўйинларида дзюдо бўйича иштирок этиб, (-) 100 килограммлик вазн тоифасидаги баҳсларда бронза медалга сазовор бўлди.

***

Май ойида Қарши шаҳрида "Умид ниҳоллари" спорт мусобақаларининг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Умумжамоа ҳисобида ғолиб бўлган Косон тумани жамоасига Президент совғаси - "Дамас" автомашинаси топширилди.

***

6-11 август кунлари шахмат бўйича "Qarshi Open" II халқаро турнири ўтказилди. Мусобақада бир қанча давлатлардан 6 ёшдан 70 ёшгача бўлган 200 нафар шахматчи иштирок этди.

***

18 августдан 2 сентябргача Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтган XVIII Осиё ўйинларида умумжамоа ҳисобида 5-ўринни қайд этган юртимиз спортчилари таркибида қашқадарёлик 9 нафар спортчи иштирок этиб, 1 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медални қўлга киритди.

***

6-13 октябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган III ёзги Параосиё ўйинларида юртимиз спортчилари томонидан  жамғарилган 35 олтин, 24 кумуш ва 18 бронза медалнинг салмоқли қисми вилоятимиз атлетлари ҳиссасига тўғри келди. Хусусан, сузиш бўйича баҳсларда Фотимахон Амилова 4 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза, Шоҳсанам Тошпўлатова 3 та олтин ва 4 та кумуш медалга эга чиқди. Эркаклар ўртасидаги сузиш баҳсларида иштирок этган Дмитрий Хорлин 3 та олтин, 2 та бронза медални ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Яна бир бронза медални эса ёш атлетчимиз Асила Мирзаёрова узунликка сакраш баҳсларида қўлга киритди.

***

Қаршининг "Севинч" аёллар футболи жамоаси ўн етти марта ўтказилган Ўзбекистон Кубоги мусобақасида ўнинчи бор кубок соҳиби бўлди.

***

Президент Шавкат Мирзиёев 13-14 декабрь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида III Параосиё ўйинлари ғолиби, Қарши давлат университетининг 3-босқич талабаси Шоҳсанам Тошпўлатовани муносиб тақдирлаб,  икки хонали квартира совға қилди. Президент совғасини спортчига топшириш маросими катта тантанага айланди. 

Йил воқеаси сифатида вилоятимизга оид бундай мисол, факт ва рақамларни яна юзлаб келтириш мумкин.   Бироқ, санаб ўтилганлари билан ҳам воҳамизда, бутун республикада кечаётган ривожланиш шиддатини бемалол тасаввур этиш мумкин. Бинобарин, ана шу ўзгаришлар, ҳар бир соҳада эсаётган тараққиёт насимларини барчамиз ўз ҳаётимиз мисолида ҳам ҳис этиб, кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Бекзод САЙФИЕВ, Мирзоҳид ЖЎРАЕВ, Нуриддин ЭГАМОВ тайёрлашди.

Суратларни Собир НАРЗИЕВ олган.