Қишлоқ хўжалиги 29.03.2019 223

ЙИЛИГА 20 МИНГ ТОННА ПАРҲЕЗБОП МАҲСУЛОТ ЕТИШТИРИЛАДИ

Балиқчилик

Халқимиз балиқни "луқмаи ҳалол", дея эъзозлайди. Сабаби, ушбу неъмат таркибида инсон саломатлиги учун зарур  кўплаб фойдали моддалар мавжуд. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юрак-қон томир касалликларида, камқонлик, беҳоллик ва жисмоний зўриқишда, невроз, тери касалликлари, подагра ва ревматизмда, кўриш қобилияти сустлашганда, балиқ гўшти кони фойда экан.

Қолаверса, балиқчилик энг сердаромад тармоқлардан бири ҳамдир. Уни ҳар томонлама ривожлантириш орқали мамлакатимиз истеъмол бозорини парҳезбоп озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, минглаб қўшимча иш ўринларини яратиб, аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш мумкин.

Шунинг учун ҳам ҳукуматимиз томонидан балиқчилик тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, балиқчилик фаолияти билан шуғулланаётган субъектларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятида замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги қарорида мамлакатимизда балиқчилик соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратиб бериш, қўшимча имтиёзлар тақдим этиш бўйича қатор чора-тадбирлар кўзда тутилганки, бу аҳоли ва ишбилармонларнинг мазкур фаолият турига бўлган қизиқишини янада рағбатлантирмоқда. Юқорида қайд этилган  қарор ҳамда Президентнинг ўтган йил 13-14 декабрь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берилган топшириқ ва кўрсатмалардан келиб чиққан ҳолда, Қашқадарёда 2019 йилда балиқ етиштириш бўйича манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Унга асосан жорий йилда воҳамизда 20 минг тонна, яъни ўтган йилдагидан (2018 йилда 10 минг 157 тонна эди) қарийб икки баробар кўп  балиқ етиштириш режалаштирилган. Шунинг 2 минг 400 тоннаси табиий сув ҳавзаларидан овланса,    9 минг 750 тоннаси сунъий ҳавзаларда етиштирилади.  Яна 7 минг 850 тонна балиқ қафас (садок, ёпиқ сув айланма тизимлари (УЗВ) ҳамда бошқа кичик сув ҳавзаларида парваришланади.

Эътиборга молик жиҳати, сўнгги йилларда вилоятимизда кичик ҳавзалар, хусусан, дарё ва канал бўйлари, аҳоли томорқалари, хонадонларда балиқ етиштириш тобора оммалашиб бормоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатимиз шароитида кичик сунъий ҳавзаларда балиқ боқиш табиий шароитга қараганда анча фойдали ва самарали усул. Боиси, бунинг учун кўп ер, кўп ишчи кучи ва катта маблағ ҳам талаб этилмайди, сув ва ердан оқилона фойдаланилади. Масалан, оқар сув каналлари, кичик дарёлар бўйида бир неча сотихдан иборат балиқчилик ҳавзаларини ташкил этиш мумкин. Бунда сувнинг бир қисми ушбу ҳавзага ташланади ва иккинчи томондан чиқиб яна ўз ўзанига қўшилади. Яъни, сув далаларга қайтарилади ва оқар сув сифатига ёки сув балансига ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Қолаверса, кичик ҳавзада балиқни етарли озуқа билан таъминлаб, тез етилтириш имкони бор. Бу усул билан ҳатто тўрт ёки беш сотих ерда ҳам ҳавза ташкил этиб, тонналаб балиқ етиштириш мумкин. Буни ўз фаолияти мисолида кўрсатиб бераётган юртдошларимиз кўп.

- 4 йил олдин уйимиз ёнидаги 30 сотих майдонда ҳавза ташкил этиб, балиқ етиштиришни йўлга қўйган эдик, - дейди Чироқчи туманилик Музаффар Абдуллаев. - Ҳозир ҳавзада мингдан ортиқ сазан ва бошқа балиқларни парваришлаяпмиз. Ўтган йили ана шу ернинг ўзидан қарийб 15 миллион сўм  даромад олдик. Тўғри, кичик ҳавзада балиқ етиштиришнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Аввало, сувнинг тозалигига, турли чиқиндилар тушмаслигига эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, балиқларни озиқлантиришда ҳам эътибор талаб этилади. Уларга қанчалик тўғри ва етарли даражада озуқа берсангиз, шунча тез семиради.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, дунёнинг бир қатор давлатларида кичик ҳавзаларда балиқ боқилиб, миллион тонналаб маҳсулот олинади. Мисол учун, Хитой Халқ Республикасини олайлик. Ушбу давлатда кўплаб балиқчилик хўжаликлари 1 гектардан ер майдонига эга. Бундай жойларда ҳар бирининг ўлчами 5х22х2,5 метр бўлган 3 донадан балиқ боқиш ҳовузлари ўрнатилган. Ана шу ҳовузлардан йилига ўртача 150 тоннадан балиқ олишади. Вилоятимизда ҳам шу тажрибага эътибор қаратилгани ҳолда, кичик ҳавзаларда балиқ етиштиришнинг бир неча турлари оммалаштирилмоқда.

Маълум бир соҳанинг юксалиши, албатта, унга алоқадор бир қатор тармоқлар, зарур инфратузилманинг ҳам ривожланишини талаб этади. Бевосита балиқчилик соҳасини оладиган бўлсак, биргина сув ҳавзаларини ташкил этиш ва уларга балиқ чавоқларини ташлаш билан натижага эришиб бўлмайди. Тармоқни тараққий эттириш учун, аввало, сифатли балиқ личинкаларини етиштириш, соҳада ветеринария хизматини йўлга қўйиш, омихта ем ишлаб чиқариш ва хом ашёни қайта ишлаб, ички ва  ташқи бозорга етказиб бериш чораларини кўриш зарур. Вилоятимизда бу борада ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, айни пайтда ҳудудда умумий қуввати 110 миллион дона личинка   олиш имконини берадиган 3 та инкубацион цех фаолият юритаётган бўлса, жорий  йилда бу борада яна бир йирик лойиҳа амалга оширилади. Яъни, Миришкор туманидаги "Сечанкўл" сув ҳавзасида "Бо-Зариф" фермер хўжалиги томонидан йиллик қуввати 50 миллион дона личинка ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган инкубация цехи ишга туширилмоқда. Айни пайтда мазкур цехга Хитойдан замонавий технологиялар келтирилиб, жиҳозлаш ишлари олиб борилаяпти. Бундан ташқари, жорий йилда олдиндан мавжуд бўлган, майдони 134 гектарга тенг  репродуктор ҳавзаларда 11,3 миллион дона балиқ чавоқларини етиштириш ҳамда 70 гектар майдонда янги репродуктор ҳавзалар барпо этиш режалаштирилган.

Шунингдек, балиқ учун зарур омихта ем ишлаб чиқариш саноати ҳам ривожланиб бормоқда. Тадбиркорлар томонидан бу борада кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётгани эътиборга молик. Хусусан, ўтган йили Қарши шаҳрида фаолият бошлаган "Мастерок гарант" масъулияти чекланган жамияти  томонидан қиймати 1 миллиард 360 миллион сўмни ташкил этадиган замонавий технологик линия харид қилиниб, бир ойда 450 тонна омихта тайёрлаш қуввати ишга туширилди.

- Бу йил балиқчиликни ривожлантиришга қаратилган яна бир лойиҳани ишлаб чиққанмиз, - дейди "Мастерок гарант" масъулияти    чекланган жамияти раҳбари Баҳриддин Муртозаев. - Лойиҳамиз 250 тонна осётр балиғи етиштириш ва яна 10 минг тонна бойитилган  ем ишлаб чиқариш қувватини ишга туширишни кўзда тутади. Кредит олиш билан боғлиқ молиявий масалалар ҳал бўлгач, зарур жиҳозларни харид қилиб, қувватни ишга туширамиз.

Шу пайтга қадар вилоятда балиқни қайта ишлаш ва сақлаш бўйича атиги 3 та субъект фаолият юритаётган эди. Жорий йилда эса бу борада яна 4 та йирик лойиҳа амалга оширилиши белгиланди. Жумладан, "Қашқадарёбалиқсаноат" масъулияти чекланган жамияти томонидан балиқни сифатли сақлаш имконини берадиган йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

- Айни пайтда лойиҳа бўйича Миришкор туманида керакли ўлчамда кўл қазиш ишлари олиб борилмоқда, - дейди "Қашқадарёбалиқсаноат" масъулияти чекланган жамияти раҳбари  ўринбосари Нуриддин Пирназаров.  - Шунингдек, бу ерда замонавий технологиялар асосида 100 тонна балиқни музлатилган ҳолда сақлаш имкони яратилади.

Албатта, мамлакатимизда балиқчиликнинг ривожланиши аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, уларнинг турини кўпайтириш ва таннархини арзонлаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

* * *

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.