Иқтисодиёт 29.01.2019 80

ЁҒ-МОЙ КОРХОНАСИ БЎШ МАЙДОНИДА - КИЧИК САНОАТ ЗОНАСИ

Қарор ва ижро

ЁҒ-МОЙ КОРХОНАСИ БЎШ МАЙДОНИДА - КИЧИК САНОАТ ЗОНАСИ

Қарши ёғ экстракция" акциядорлик жамиятининг умумий майдони қарийб 15 гектарни ташкил этади. Унинг асосий қисмини ишлаб чиқариш объектлари ва ёрдамчи бино-иншоотлар эгаллаган бўлса-да, маълум ер майдонидан мақсадли фойдаланилмай келинмоқда. Шуни эътиборга олиб, келгусида ушбу корхонанинг бўш турган ҳудудида ихтисослашган кичик саноат зонаси барпо этиш кўзда тутилган. Бу ҳақда Президентимизнинг жорий йил 16 январдаги "Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида"ги қарорида келтириб ўтилган.

Бу ҳужжатга мувофиқ, мазкур рўйхатга "Ўзпахтаёғ" АЖ таркибига кирувчи "Косон ёғ экстракция" акциядорлик жамияти ҳам киритилган. Ушбу корхонанинг бўш майдонида ҳам махсус саноат мажмуаси ташкил қилиш бўйича таклиф бериш вазифаси масъул вазирлик ва идораларга топширилган.  Хўш, бундан кўзланган мақсад нима?

- Албатта, асосий муддао ёғ-мой корхоналари тасарруфидаги фойдаланилмай келинаётган ер майдонларини самарали ишлатиш, улар негизида ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйишдан иборат, - дейди "Қарши ёғ экстракция" АЖ бошқаруви раиси Фарруҳ Алимов. - Шунчаки сақлаб туриб, солиқ тўлашдан кўра самарали фойдаланган ҳар томонлама маъқул. Ҳозирда жамиятимиз томонидан ҳам шу масала кўриб чиқилмоқда. Фаолият йўналишидан ташқари, қўшимча йўналишларни ишга тушириш режада бор. Аммо ҳали бир тўхтамга келмадик. Замонавий иссиқхона қуриш таклифи илгари сурилмоқда. Ўз навбатида чет эллик инвесторлар, Германия, Туркия ва Чехия мамлакатлари ишбилармонлари ҳамкорликка қизиқиш билдирган. Муҳими шуки, бу тадбирнинг қўлланиши фақат фойдага хизмат қилади, иш ўринлари яратилади.

Яна бир жиҳати, давлатимиз раҳбари қарорига кўра, бир қатор хўжалик бирлашмаларининг акция улушларини Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш белгиланган. Келгусида ушбу хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари)ни белгиланган тартибда сотиш чоралари кўрилади. Бу рўйхатга киритилган "Косон ёғ экстракция" ва "Қарши ёғ экстракция" акциядорлик жамиятлари устав капиталида "Ўзпахтаёғ" АЖ улуши 51 фоиздан экани келтирилади.

Бу борада амалга ошириладиган ислоҳотлар соҳа корхоналарида илғор технологияларни ўзлаштиришга, инвестицияларни фаол жалб қилиш ва тармоқнинг жадал ривожланишига хизмат қилиши таъкидланади.

М.ШУҲРАТОВ