Жараён 10.09.2019 115

ЁНҒИНЛАР НАТИЖАСИДА ЎТГАН 8 ОЙДА 4 КИШИ ҲАЛОК БЎЛДИ

Олов - тилсиз ёв

Ўтган ойда Китоб туманидаги новвойхонада содир бўлган чақнаш ҳақидаги хабар оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқалган эди. Ҳодиса жойи — Ҳамид Олимжон маҳалласи Зилолбулоқ кўчасидаги хонадонларда ўтказилган ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, чақнашга новвойхонада турган сиғими 50 килограммлик маиший газ баллонининг пайвандланган жойидан ёрилиши ва ундан газ сизиб чиқиши сабаб бўлган. Келиб чиққан аланга оқибатида хонадон ва новвойхонанинг 60 квадрат метр ҳажмдаги томи ёниб кетган. Афсуски, йўқотиш фақат булар эмас.

Ачинарли томони, рўй берган чақнаш натижасида ўша пайтда новвойхонада бўлган, 1994 йилда туғилган Т.С., 1999 йилда туғилган Б.М., 1994 йилда туғилган О.Р. ҳамда 2000 йилда туғилган Н.Ж. оғир даражадаги куйиш тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тезкор тиббий ёрдамларга қарамай, 19 ёшли Н.Ж. шифохонада вафот этган.

Айни пайтда бу ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан тергов, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ёки бошқа бир мисолга эътибор қаратайлик: Чироқчи тумани Чоштепа маҳалласида яшовчи У.И.нинг яшаш хонадони ҳовлисида ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда ёнғин хавфсизлиги хизматига хабар берилган ва аланга ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган.

Ушбу ҳолат бўйича ўтказилган ўрганишлар давомида маълум бўлдики, ҳовлида турган 20 килограмм сиғимли маиший газ баллонидан носозлиги боис доимий равишда газ сизиб чиқиб турган. Натижада ёнғин содир бўлган.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида вилоятимизда жами 757 маротаба ёнғин ҳолатлари қайд этилган. Улар оқибатида 32 киши тан жароҳати олган,  4 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Содир бўлган ёнғинларнинг 70 фоизи бевосита аҳоли турар жойларида, газ, электр энергияси, нефть маҳсулотлари ёки шунга ўхшаш воситалардан эътиборсизлик билан фойдаланиш натижасида келиб чиққан.

Соҳибжон ВАЙИТОВ,

Отабек ШЕРБОЕВ,

вилоят ЁХБ ходимлари