Сўнгги янгиликлар 24.09.2019 103

ЁНҒИНЛАР СОНИ НЕГА ОШМОҚДА?

Мавсум мавзуси

Ўтган 2018 йил давомида вилоятимиз ҳудудида 1 минг 26 маротаба ёнғин, 11 маротаба ис гази билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар қайд этилган. Улар оқибатида 88 киши шифохонага ётқизилган бўлса, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, 11 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган.

Бу ҳақда куз-қиш мавсумида ёнғин хавфсизлиги талабларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган давра суҳбатида таъкидлаб ўтилди.

Вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда Ёнғинга қарши кураш жамияти вилоят бўлими, ҳудудий газ таъминоти филиали, "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти, халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармалари ва қатор ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этди.

Унда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, одатда куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонларида чақнаш, ёнғин ёки ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатлар кўп учрайди. Бунинг асосий сабабларидан бири эса фуқароларимизнинг иситиш воситаларидан нотўғри фойдаланиши, белгиланган ёнғин хавфсизлиги талабларига етарлича риоя қилмаслигидир. Айнан мана шундай эътиборсизликлар охир-оқибат қимматга тушаяпти.

Давра суҳбатида куз-қиш мавсумида ёнғин ва ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш, аҳоли хонадонларида тарғибот ва профилактика ишларига масъул ташкилотлар томонидан олиб бориладиган ишлар самарадорлигини ошириш масалалари хусусида фикрлашилди.

Ж.БОЙМУРОДОВ