Жараён 29.01.2019 217

ЁНҒИНЛАРНИНГ 70 ФОИЗИ УЙ-ЖОЙЛАРДА РЎЙ БЕРГАН

Олов - тилсиз ёв

ЁНҒИНЛАРНИНГ 70 ФОИЗИ УЙ-ЖОЙЛАРДА РЎЙ БЕРГАН

Жорий йилнинг 14 январь куни, соат кечки 20 ларда Миришкор тумани Ободон маҳалласида яшовчи С.М. уйидаги ҳаммомни қиздирмоқчи бўлиб, ундаги қўлбола иситиш печига ўтин қалайди ва устига тез алангаланувчи нефть маҳсулоти (керосин) сепиб, бўшаган баклажкани ҳам печга солади.

Шундан сўнг оловни ёқиш учун гугурт чаққан вақтида сепилган нефть маҳсулоти бирдан кучли аланга олиб, қочишга улгурмаган С.М ҳамда унинг 2009 йилда туғилган ўғли Н.Ш.нинг оғир даражадаги тан жароҳати олишига сабаб бўлади.

Ёки бошқа бир ҳолатни олайлик, 19 январь куни Қарши шаҳридаги хонадонлардан бирида чақнаш содир бўлгани ҳақидаги хабар интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқалди.

Ушбу ҳолат Отчопар маҳалласи Мустақиллик кўчаси 16/44-уйда яшовчи фуқаро Н.У.нинг яшаш уйида рўй берган. Ачинарли томони, ушбу фуқаро ўтин печига резина шланг орқали газ улаган. Шлангдан доимий равишда газ сизиб чиққан ва хона ичига тўпланган. Н.У.нинг қарамоғида бўлган жияни 2014 йилда туғилган М.Х. хонадаги қўлбола электр иситиш печини электр тармоғига улаган вақтида эса газ ва ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлган. Натижада тўрт ёшли болакай қўл, қорин соҳасидан 20-25 фоиз куйиш тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Эътибор қаратсангиз, ёнғин ёки чақнаш билан боғлиқ бу каби ҳолатлар тасодифдек туюлса-да, аслида унинг келиб чиқишига кишиларнинг эътиборсизлиги, ёнғин чиқарувчи воситалардан хавфсизлик талабларига амал қилмасдан фойдаланиши сабаб бўлади.

Таҳлилларга назар соладиган бўлсак, 2018 йилнинг январь-декабрь ойлари давомида вилоятимизда 1 минг 26 маротаба ёнғин қайд этилган. Улар оқибатида 60 нафар фуқаро тан жароҳати олган бўлса, 8 нафар киши бевақт ҳалок бўлган. Шунингдек, ўтган йил давомида вилоятимиз ҳудудида ис гази билан боғлиқ 11 та ҳолат қайд этилиб, унда 28 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 2 нафар фуқаро эса ҳаётдан кўз юмган.

Ёнғинларнинг 70 фоизи бевосита аҳоли турар жойларида, газ, электр энергияси, нефть маҳсулотлари ёки шунга ўхшаш воситалардан эътиборсизлик билан фойдаланиш натижасида келиб чиққан.

Албатта, ушбу рақамларнинг ўзиёқ аҳоли турар жойлари ва ишлаб чиқариш объектлари, корхона ва ташкилотларни ёнғиндан муҳофаза этишга қаратилган тадбирларни фаол давом эттириш, уларнинг самарадорлигини оширишга эътибор қаратиш лозимлигини англатади.  Шу билан бир қаторда, фуқароларимиз ҳам масъулитни янада теранроқ ҳис этиши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига доимо эътиборли бўлмоғи лозим.

Мирзоҳид ОСТОНОВ,

вилоят ИИБ ЁХБ бошлиғи ўринбосари, подполковник