Жамият 25.06.2019 140

ЁШ МУХБИРНИНГ "НОЁБ ТОПИЛМАСИ"

Журналист ён дафтаридан

ЁШ МУХБИРНИНГ "НОЁБ ТОПИЛМАСИ"

Ёхуд танқид холва эмас ҳаммага бирдек ёқадиган

Азалдан матбуот нашрларида ишловчиларни "сўз одамлари" дея улуғлашади. Ўз арз ва шикоятлари билан турли идораларга мурожаат қилиб, иши битмаган кишилар сўнгги нажот манзили сифатида газетани билишаётгани ва ўзлари ишонган таҳририят эшигини чертишаётгани ҳам бор гап. Эҳтимол мухбир атамаси алоҳида ҳурмат билан тилга олиниши боиси ҳам шундандир.  Кимлардир бу соҳа кишиларидан ҳадиксираб туришларига кўпчилигимиз гувоҳ бўлганмиз. Айниқса, "ишчи қишлоқ мухбирлари" (илгарилари қишлоқда яшайдиган жамоатчи  мухбирларга нисбатан шундай атама қўлланарди) нишонни бехато уришарди.

“Энди қандай юраман?”

Ҳали мактаб остонасини ҳатламаган эдим. Уйимизга савлатидан от ҳуркадиган қишлоқдошимиз эрта тонг пайти келиб, қўлидаги букланган журнални силкитганича, отамга удағайлай бошлади:

- Ака, муаллим ўғлингизни тергаб турсангиз бўлмайдими, у мени у ер, бу ер эмас, нақ "Муштум"га ёзибди. Энди одамлар орасида қандай юраман?

- Йўғ-э, унчалик эмасдир,- кутилмаган меҳмонни шаштидан туширишга уринди отам.

- Мана, ўзингиз ўқиб қўринг, дея у қўлидаги журнални отамнинг олдига отди.

Маълум бўлишича, мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган акам у киши ҳақида "Қўш хотинли бойвачча" деган шеърий фельетон ёзган экан. Отам меҳмоннинг ҳурмати учун акамни жазолагани ҳамон кўз ўнгимдан кетмайди.

Газетачилик соҳасига кириб келишимга ҳам оддийгина баҳс сабаб бўлганди. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида қишлоғимиз янги очилган туман марказига айлантирилгач, туман газетаси таҳририятига мактабимиз эски биносини таъмирлаб беришди. Болаликдан ижодкорларга ҳавасим баланд бўлгани боис ҳар куни дарс соатларим тугагач, бу ерда ишлайдиган болалик ўртоғим ёнига шошилардим. Қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи бўлиб ишлайдиган дўстим ҳам, ҳамхонаси ҳам қачон келмай бир уюм  қоғозга кўмилиб ўтирарди. 

- Бунчалик ишларинг кўп бўлмаса, - дердим норози оҳангда - Бир оғиз отамлашай деб чиқсам, сизлар бошларингни қоғоздан кўтармайсизлар.

- Ўзинг биласан, бугун газета чиқадиган кун, ҳали режамизни бажарганимиз йўқ, - минғирларди дўстим. - Топшириқни бажармасак, "летучка"да бош муҳаррир пўстагимизни қоқади.

- Икки варақ қоғозни қоралаш шунчалик қийин бўлибдими, шартта ёзиб ташлангларда, - дейман уларнинг ишига беписандлик билан қараб.

- Сенингча мақола ёзиш ўйин эканда, - дейди дўстим киноя аралаш.

Унга ҳамхонаси қўшилади.

Бир-икки насрий машқларим ҳали талабалик йилларимдаёқ матбуот юзини кўрмаганми, катта гапириб юбордим:

- Истасам иккалангиз биргалашиб ёзадиганингизни бир ўзим уддалай оламан.

Хуллас, дўстим билан ҳамхонаси мени муҳаррирга тавсия қиладиган, мен эса улар билан бирга ишлайдиган бўлдим. Шу тарзда мухбирлик фаолиятига қадам қўйгандим.

Рози қилмаса, камчилик топаркан

Қашқадарё ҳақиқати" (ҳозирда "Qashqadaryo") газетаси етакчи мухбири, марҳум устозимиз Темур Шоқулов ёш ҳамкасбларига шундай насиҳат қилар эди:

- Танқид ҳолва эмас, у ҳеч кимга ёқмайди. Шундай экан, танқидий чиқиш қилаётганингизда мавзуга оид бир-икки далилни ёмон куннинг яроғи сифатида асраб қолишга одатланинглар.

Бу маслаҳат қай даражада асқатишига кўп бор шоҳид бўлганман. Бир гал қадрдон ҳамкасбим Ҳамид ака Примқулов (Аллоҳ охиратини обод айлаган бўлсин) билан ҳамкорликда чўл хўжалиги раҳбарининг қинғир қилиқлари, атрофига қариндош-уруғларини жойлаштириб олгани, ширкат мулки талон-торож қилинаётгани хусусида каттагина фельетон эълон қилдик. Газета   тарқалгани эртаси куниёқ икки юк машинасида хўжаликнинг элликдан зиёд ишчиси, фирқа қўмитаси котиби раҳбарлигида таҳририятга бостириб келишди. Улар бизни нотўғри ахборот тарқатишда айблаб, галдаги сонда раддия беришимизни талаб этишди. Масала туман фирқа қўмитаси бюросида ҳам ўз ечимини топмади. Бизга ёмон кўз билан қараш кучайиб боравергач мавзуга қайтиб, "Қора тамға", унга фирқа қўмитаси саркотиби бошчилик қилди" сарлавҳали иккинчи чиқишимизни вилоят газетасида эълон қилдирдик. Мақолада даъвогарлар бизни билмайди деб ўйлаган, давр учун долзарб бўлган янги далилларни ишлатдик. Тортишув хўжалик раиси ва унга ён босган фирқа қўмитаси котиби айбига яраша жазоланиши билан якун топди.

Бугун ОАВни, айниқса, босма нашрларни кам танқидий чиқиш қилишда айблаш ҳолатига тез-тез дуч келамиз. Гўё муштарийларда газета танқидий чиқиши мавжуд муаммоларни бартараф этишнинг ягона йўли деган тасаввур уйғонгандек. Аммо ҳамма вақт ҳам матбуотнинг адолатли чиқишига бир хил - ижобий муносабат билдирилаяпти, деб бўлмайди. Бунга айрим матбуот ходимларининг масалага бир томон фойдасини кўзлаб ёндашаётганлиги ҳам туртки бераяпти. Шундай экан, "сўз одамлари" ўз иш фаолиятларида ҳалол ва ҳақгўйликни асосий мезон деб билишлари лозим. Афсуски, орамизда мухбир номига доғ туширувчи, хизмат сафаридан шахсий манфаати йўлида фойдаланишни урф қилган кишилар ҳам оз бўлсада учраб турибди.

Мен раҳбарлик қилаётган мактабга бундан беш-олти йил муқаддам вилоят тармоқ газетаси гувоҳномасини кўтарган йигит "ташриф буюрди". У менга 50 минг сўм эвазига мактабимиз ҳақида ижобий мақола ёзишини, акс ҳолда камчилигимизни топиб, танқид қилишини шаъма қилди. Матбуот    нашрларида ишлаган йилларимда бирон маротаба сафарга моддий манфаат кўриш ниятида чиқмаганлигим боис унинг писандаси эриш туюлди. Ҳар ҳолда матбуот вакили, балки таниб қолар деган ниятда исми шарифимни айтдим. Суҳбатдошим юзимга бир муддат маъносиз тикилиб турди-да, тағин таклифини қатъий равишда такрорлади. Тўғри, у қилмишига яраша жазосини олди. Аммо дилда ўша газета ходимига нисбатан нохуш муносабат қолди.

Бугун мамлакатимизда мингдан зиёд ОАВ фаолият кўрсатаяпти. Бунга кун сайин кўлами кенгайиб бораётган ижтимоий тармоқларни ҳам қўшсак, мухбирлар аудиторияси нақадар кенг эканлиги яққол намоён бўлади. Агар шолининг ичида кўрмаклар ҳам учраб туришини инобатга оладиган бўлсак, айрим давраларда "мухбирлар роса жонга тегди", "қоч мухбир келаяпти" қабилида гап-сўзлар учраб туриши нақадар ўринли эканлигига кўз етириш қийин иш эмас.

Майли, босма нашрларни лоқайдликда айблайлик, лекин ёмғирдан сўнг бодраб чиққан қўзиқориндек кўпайиб кетган ижтимоий тармоқлар кичик қисми бир кунлик мундарижасига кўз югуртирсак, истаганимизча танқидий  чиқишларни ўқишимиз мумкин. Бироқ бундай чиқишларнинг кўпчилигида мавзуга бир ёқлама, қайсидир томон манфаатларидан келиб чиқиб ёндашиш гувоҳи бўламиз. Ваҳоланки, журналист фаолиятида холислик муҳим ўрин тутади. Мавзу ўрганилишида ҳам, уни ёритишда ҳам ижобий ва салбий томонлар тенг аксини топиши лозим. Тўғри, журналист учун ижобий мақола ёзиш қулай. Мақтов ҳаммага ёқади. Аммо биргина ҳайбаракаллачилик билан журналист сифатида обрў қозониб бўлмайди.

“Зўр чиқибдими, устоз?”

Адабий жараёнда, шунингдек, журналистикада ҳам "плагиат" деган тушунча бор. Бировнинг меҳнатидан фойдаланиб, шуҳрат қозонишга интилиш газетачилар орасида ҳам онда-сонда бўлса-да учраб туради. Таҳририятда эндигина фаолият бошлаган ёш ҳамкасбим майда-чуйда қилиб ўтирмай, бирданига лавҳага қўл урибди.

Пахтакорлар ҳаётидан лавҳа.

Бош муҳарриримиз  "летучка"да уни роса мақтади:

- Шогирдингизнинг лавҳасини ўзингиз ҳам бир кўриб чиқинг, - топшириқ берди у киши менга қарата.  - Чиройли қилиб навбатдаги сонга босиш керак.

Муҳаррирнинг ғалати одати бор, увол-савобни умумий қилиш учун каттароқ мақолани бошқалар ҳам кўриб чиқишини сўрайди, эртага бирон гап-сўз бўлса, танқид ҳам бўлиб олинади-да.

Хуллас, "летучка"дан лавҳани кўтариб чиқдим, беш ярим қоғозни банд этган битик, қарийб бир саҳифани эгаллайди. Ҳалиям мухбир йигит "очерк" ёздим деб даъво қилмаганига шукр қилдим.

Лавҳанинг илк сатрларини ўқиб сергак тортдим: "Қуёш олис уфқдаги тоғлар ортидан бош кўтарди"...

"Ноёб топилма", бийдай саҳрода ёш ҳамкасбим тоғни қаердан топди экан?

Кўп ўтмай у қўлларини қовуштирганча хонамга кириб келди:

- Зўр чиқибдими, устоз?

- Гап йўқ, фақат эртага тонг отмай ишга келсангиз, субҳидамда муҳокама қилиб оламиз.

Эрталаб тонг қоронғисида идорага келсам, ёш ҳамкасбим кутиб турган экан:

- Муҳокамани бошлаймизми, устоз, муҳарриримиз "нега лавҳани номерга туширмаяпсизлар", деб сўраганди.

- Шошмай тур, олдин томга чиқиб олайлик, - дедим уни нарвон томон етаклаб.

- Эрталабдан томда нима қиламиз?

- Шабадада ўтиришга нима етсин, мия тиниқлашади.

Узун-қисқа бўлиб томга чиқдик. Тозароқ жой топиб чордона қурдим. "Шогирд" ҳам жойлашиб ўтирди. Чўнтагимдан сигарет чиқариб тутатдим. У ҳам менинг ҳаракатимни такрорлади.

Кўп ўтмай қуёш ётоғидан бош кўтарди.

- Энди ўрнимиздан турамиз, - дедим суҳбатдошимга. - Менга олис  уфқдаги тоғни кўрсатиб бер!

Уфқда тоғдан дарак йўқ, ҳамкасб елка қисган.

Мулзам бўлган "шогирд" ўша куниёқ таҳририятдан қорасини ўчирди.

Кейин билсам у республика газеталаридан бирида яқиндагина эълон қилинган мақолани тўлиғича кўчириб, фақат исм-фамилияларни, гектарларни ўзгартирган экан, холос.

Сартрнинг мардлиги

- Нуфузли мукофотни олиш осон тушмагандир, - илмоқли гап қилди 2010 йил "Олтин қалам" халқаро миллий мукофотининг "маънавий-маърифий мавзудаги энг яхши мақола учун" номинацияси ғолиби бўлганимда бир танишим.

Рости, биз у ёки бу касб соҳиби ҳақида сўз юритганимизда кўпинча у сазовор бўлган мукофотларга қараб баҳо берамиз. Шу жумладан, газетачи меҳнатига ҳам. Журналист - жамиятнинг виждони деган эски ибора бор. У йиллар мобайнида ўз аҳамиятини йўқотмай келаяпти. Негаки жамият тараққиёти ҳеч бир қирраси журналист синчков нигоҳидан четда қолмайди. Соҳа кишилари меҳнатини тақдирлаш мақсадида ҳар йили мамлакатимизда "Олтин қалам" халқаро-миллий мукофоти, "Йилнинг энг фаол журналисти" танловлари ўтказиб келинмоқда. Бунинг устига турли мавзуларда ташкил этилаётган ўнлаб кўрик-танловларни, кўпгина газета-журналлар таҳририятида  йилнинг, ойнинг энг яхши мақолаларини рағбатлантириш урфга айланиб бораётганини ҳам қўшсак, журналист меҳнати ўзига хос тарзда баҳоланаяпти, дейиш мумкин. Аммо сўнгги йилларда журналистика соҳасидаги нуфузли мукофотлар, шу жумладан, "Олтин қалам" тақдимоти вақтида нохолисликка йўл қўйилаётгани ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ҳам ОАВ юзини кўраяпти. Яқинда "ziyouz.uz" сайтида француз адиби Жан Пол    Сартрнинг 1964 йил 23 октябрь куни Парижда швед журналистлари олдида сўзлаган "Мен нега мукофотдан воз кечдим?" деган нутқини ўқиб қолдим. Буюк адиб нутқида мукофотдан воз кечишига бу ҳақда олдиндан ўзига маълум қилинмаганини сабаб қилиб кўрсатган бўлса-да, мукофотнинг сиёсий қарашларга қараб берилаётганидан норозилигини баён этган.

Шу нуқтаи назардан қараганда   кейинги йилларда "Олтин қалам" тақдим этилган "Тафаккур" журнали, "Китоб дунёси" газетаси нега журналистика соҳасидаги мукофот совриндорлари сафидан жой олди" деган савол туғилиши шубҳасиз. Гапнинг очиғи, юқорида номи қайд этилган журналнинг муштарийларга фалсафий қарашларни сингдиришдаги, газетанинг эса жаҳон ва ўзбек адабиёти ноёб дурдоналарини таништиришдаги хизматига тан бермаслик нотўғри бўларди. Аммо мукофот "журналистика соҳасидаги" деб аталишининг ўзиёқ эътирозларда ўрин борлигидан далолат беради. Ёки, мукофот бош соврини соҳиблари сафида у ёки бу вилоят, туман газетаси таҳририяти эътироф этилаётганида қанчалик мантиқ бор?! Мамлакат газета мухлислари бошқа вилоят ёки туман газетаси билан қай даражада таниш?! Айрим номинацияларда интернет маълумотларидан фойдаланиб тайёрланган биргина мақола совринни қўлга киритиш учун кифоя бўлаётгани исбот талаб қилмайдиган аксиомадир. Энди танишимнинг юқоридаги шаъмасига қайтайлик. Мен мукофот ҳакамлар ҳайъатига ўша йили "Ишонч", "Маърифат", "Qashqadaryo" газеталарида эълон қилинган шу мавзудаги элликдан зиёд мақолани тақдим этгандим. Интернет материаллари асосида тайёрланган биргина мақола шунча чиқиш билан тенг баҳоланиши ўринлими? Нега биз Сартр мардлигини такрорлай олмаймиз? Қачонки ўзимизда шундай муносабатни шакллантира олсак, чинакамига халқ хоҳиш истаги даражасидаги нашрга айланишимиз мумкинлигини унутмаслик лозим.

Абдунаби АБДИЕВ,

фахрий журналист