Иқтисодиёт 16.07.2019 137

ЁШ ОИЛАНИНГ ИККИ АЪЗОСИ ҲАМ ТАДБИРКОР

Кичик бизнес

Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссаси йилдан-йилга ортиб бормоқда. Тадбиркорлик фаолияти ривожланаётгани янгидан бизнес  бошлаётган юртдошларимиз сони ошиб, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда уларнинг иштироки ўсиб бораётгани билан изоҳланади.

Аввало, ишбилармонларнинг давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя этилиши, бизнес фаолиятини бошлаши, ривожлантириши учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, берилаётган имтиёз ва имкониятлар фуқароларда соҳага қизиқиш  ортишига сабаб бўлмоқда.

Ғузор тумани Обод маҳалласида яшовчи Ҳабибулло Абдуллаев ҳам бир неча йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келади. Шу вақтга қадар ҳудудда бир қатор ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларини ишга туширган. Автомобилларни ювиш ва кимёвий тозалаш, кийим-бошларни кимёвий тозалаш, сартарошхона, ташқи реклама баннерларини тайёрлаш каби соҳалар шулар жумласидан.

- Анча пайтдан буён мустақил равишда бирор тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни ўйлаб юргандим, - дейди тадбиркорнинг турмуш ўртоғи. - Бугунги шарт-шароит, имконият ва имтиёзлар фикримни янада қатъийлаштирди. Турмуш ўртоғим, оила аъзоларим ҳам режамни маъқуллади. Уларнинг бевосита қўллаб-қувватлаши асосида "Ёшлар - келажагимиз" жамғармасига ўз бизнес-режам билан мурожаат этдим.

Зулхумор Тошеванинг тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиш режаси жамғарма томонидан маъқулланиб, унга ишни бошлаш учун зарур бўлган 150 миллон сўм маблағ имтиёзли кредит тарзида ажратиб берилди.

- Бу маблағга 5 та энг замонавий тикув ва бичув машиналарини харид қилдик, - дейди тадбиркор. - Тикувчилик ишини пухта эгаллаган 4 нафар хотин-қизни фаолиятга жалб этганмиз. Айни пайтда буюртма асосида ишчи кийимлари тикаяпмиз.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, тикувчилик маҳсулотларига талаб юқори. Буюртмалар сони ҳам кундан-кунга ошиб бормоқда. Шу боис эндиликда фаолиятни янада кенгайтириш, эркаклар, болалар кийим-бошлари тайёрлашни ҳам ўзлаштириш мақсад қилинган.

Жаҳонгир  БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.