Сўнгги янгиликлар 26.10.2018 94

ЁШ ТАДБИРКОР КИМЁВИЙ ТОЗАЛАШ ХИЗМАТИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙДИ

Хизмат кўрсатиш

ЁШ ТАДБИРКОР КИМЁВИЙ ТОЗАЛАШ ХИЗМАТИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙДИ

Бундан икки йилча аввал Ғузор туманида талаб даражасидаги кимёвий тозалаш шохобчасини топиш имконсиз эди. Албатта, бу ҳудудда ушбу хизмат турига талаб кам эканлигидан эмас. Балки мазкур фаолиятни йўлга қўя оладиган тадбиркор топилмаган. Натижада аҳоли кийимларни ювдиришга бериш имкониятидан маҳрум эди ёки бунинг учун узоқ жойга боришга мажбур бўларди.

2016 йилда эса туман марказида ана шу хизмат тури ташкил этилди. Бунга эса кўпни кўрган бизнесмен эмас, тадбиркорликка эндигина кириб келган ёш ишбилармон Зулхумор Тошева қўл урди. Якка тартибдаги тадбиркор бугунги кунда кўп сонли мижозларга замонавий кимёвий тозалаш хизматини тақдим этиб келмоқда.

- Шохобчани аввал қаровсиз бўлган жойда барпо этгандик, - дейди ёш тадбиркор. – Умидларимиз бари ўзини оқлади, хизматимиздан фойдаланиш истагида бўлганлар ҳар доим бор. Айниқса, совуқ кунлар яқинлашиши билан мижозлар сони ошади. Хизмат сифатини таъминлаш учун барча чорани кўрганмиз. Кимёвий тозалаш ва дазмоллаш ускунаси хориж мамлакатидан келтирилган. Бу йўналишда 3 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаганмиз. Бироз илгари тикувчилик цехини ҳам ишга туширганмиз. Ушбу фаолиятимиз касаначиликка асосланган. Хотин-қизларга 6 дона тикув машинаси берганмиз, хом ашёни ҳам етказиб берамиз. Ҳозирда аҳоли буюртмаси асосида турли кийим-кечаклар, байрам либослари тайёрланмоқда.

Зулхумор юртимизда амалга оширилаётган “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури асосида тақдим этилаётган имконият ва имтиёзлардан ҳам самарали фойдаланмоқда. Илгари сурган лойиҳаси аллақачон маъқулланган. Ёш ишбилармонга 150 миллион сўм кредит ҳам ажратилган. Бу маблағни эса янги йўналишларни йўлга қўйиш учун сарфламоқчи. Автомобилларни ювиш шохобчаси, гўзаллик салони ва полиграфия хизмати ташкил этилиши ҳисобига ёш тадбиркорнинг фаолият қамрови янада кенгаяди.

МИРЖАҲОН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.