Иқтисодиёт 13.09.2019 171

ЁШ ТАДБИРКОРНИНГ ЯНГИ ЛОЙИҲАСИДАН ҲУДУД АҲОЛИСИ ҲАМ МАМНУН

Кичик бизнес

Юртимизда қишлоқ хўжалигининг тараққий этиши бошқа бир қатор соҳалар ривожига ҳам туртки бўлаётгани сир эмас. Масалан, бугун чорвачилик, паррандачилик ёки деҳқончилик билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари, шахсий томорқа эгаларида уруғлик, ем-озуқа, минерал ўғитлар ёки ветеринария воситаларига бўлган эҳтиёжнинг ошгани табиий.

Миришкорлик Музаффар Ўринов шуни инобатга олган ҳолда, ўз фаолиятини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга ветеринария дори-дармонлари етказиб бериш хизматини йўлга қўйиш билан бошлаган.

- Бу лойиҳани амалга ошириш учун "Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси туман бўлимига мурожаат этдим, - дейди у. - Лойиҳам жамғарма томонидан қўллаб-қувватланиб, ишни бошлашим учун  зарур бўлган 46 миллион 500 минг сўм маблағ имтиёзли кредит тарзида ажратиб берилди. Зарур бино эса ўзимизда бор эди. У ерни жиҳозлаб, керакли дори-дармонларни олиб келдик ва ишни бошлаб юбордик.

Эътиборли томони, ёш тадбиркор ташкил этган ветеринария дорихонасида унинг ўзи билан бирга яна 2 киши иш билан таъминланган. Ҳудуд аҳолиси эса ўзларига керакли ветеринария воситаларини шу ердан сотиб олиш имконияти яратилганидан мамнун.

С.НАРЗИЕВ

Муаллиф олган сурат.