Жамият 02.07.2019 45

ЁШЛАР КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Тадбир

Вилоятимизнинг барча ҳудудларида 30 июнь - Ёшлар куни кенг нишонланди.

 

Маълумки, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида иштирок этган Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиш таклифини билдириб, келгусида ушбу санани мамлакатимизда "Ёшлар куни" сифатида нишонлаш ташаббусини илгари сурган эди. Шунга монанд, 30 июнь мамлакатимиз бўйлаб "Ёшлар куни" сифатида кенг байрам қилинмоқда.

Бу йил ҳам байрам муносабати билан вилоятимизнинг барча ҳудудларида Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда кўплаб тадбирлар, концертлар, спорт мусобақалари, танловлар, учрашувлар ўтказилди. Йил давомида эришилган ютуқлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар сарҳисоб қилинди, галдаги режалар белгилаб олинди.

Вилоятнинг асосий байрам тантаналари вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтди.

Тадбирни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев очиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон ёшларига байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Сўнгра Президентимизнинг 2019 йил 28 июндаги қарори билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб келаётган ёшлар қаторида "Мард ўғлон" давлат мукофоти билан тақдирланган Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари ҳарбий қисм гуруҳ командири Элмурод Абдураимов  ҳамда "Ҳунарманд" уюшмасининг Ғузор тумани бўлими аъзоси, ҳунарманд-заргар Шарифжон Рауповга совриндорлик дипломи ва кўкрак нишонлари топширилди.

Байрам муносабати билан тайёрланган концерт давомида Ватанни, ёшликни, илмни улуғлаган қўшиқлар куйланди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ