Сўнгги янгиликлар 07.01.2019 109

ЁШЛАР МАСАЛАСИ ҲАМИША ЭЪТИБОРДА БЎЛАДИ

Учрашув

ЁШЛАР МАСАЛАСИ ҲАМИША ЭЪТИБОРДА БЎЛАДИ

Вилоят ҳокими Қарши шаҳрида воҳамизнинг бир гуруҳ фаол ёшлари билан учрашди.

 

Тадбирдан аввал ёшлар вилоят ҳокими ҳамроҳлигида шаҳар бўйлаб саёҳат қилиб, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишди. Айниқса, янгидан бунёд этилган республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали, “Ватанпарварлар” боғи, реконструкция қилинган Қарши шаҳридаги “Мурувват” ногирон болалар учун интернат уйига ташриф ёшларда катта таассурот қолдирди.

 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ташаббуси билан “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви лойиҳаси доирасида ташкил этилган учрашувда сўзга чиққан иқтидорли ва фаол ёшлар юртимизда ёшларга яратилаётган имкониятлардан мамнун эканликларини билдиришди.

 

Шундан сўнг ёшларнинг келгусидаги режалари, уларни қийнаётган муаммолар ҳақидаги таклиф-мулоҳазалар тингланди. Вилоятимизда туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, талаба-ёшлар учун йўналишли автобуслар ташкил этиш, вилоят “Ёшлар маркази” биносини замон талаблари доирасида қайта қуриш сингари мавзулардаги кўплаб таклиф ва муаммоларга вилоят ҳокими ўз муносабатини билдирди. 

 

– Жамиятнинг энг илғор қатлами сифатида ёшларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳар жиҳатдан баркамол шахс бўлиб вояга етишларини таъминлаш масаласи давлатимиз раҳбарининг Парламентга Мурожаатномасида ҳам ўз аксини топган, – деди Зафар Рўзиев. – Мурожаатномада “Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган ёшлар билан ишлаш масаласи, бундан буён ҳам энг асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади”, дея қайд этилгани бежизга эмас.

 

Тадбирлар давомида узоқ масофадан мактабга қатнайдиган ёшларга велосипедлар совға қилинди.

 

Аҳрор СОДИҚОВ