Сўнгги янгиликлар 21.05.2019 109

ЁШЛАР ҚОНУНЧИЛИКНИ ҚАЙ ДАРАЖАДА БИЛАДИ?

Танлов

Қарши шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш марказида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида "Ёшлар ва қонун" танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги, адлия, халқ таълими бошқармалари, суд органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигидаги тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 январдаги "Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида жамиятда ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, миллий ҳуқуқ тизимига ҳурмат муносабатини шакллантириш, қонун бузилиши ҳолатларига муросасизлик ҳиссини уйғотиш мақсадида ўтказилди. Унда ёшлар "Суд мажлислари", "Ҳуқуқий савол-жавоб", "Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган видеоролик тақдимоти", "Ҳуқуқингни англа" мавзулари доирасида ўзаро беллашдилар. Ғолиблик эса Қарши шаҳридаги 4-мактаб жамоасига насиб этди. Улар энди июнь ойида танловнинг республика босқичида қатнашади.

Танлов доирасида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунлари тўпламлари ҳуқуқий адабиётлар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.

С.АЛЛАЁРОВА