Сиёсат 31.01.2017 921

ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИ – АМАЛДА

Қонун ижодкорлиги

ЁШЛАРГА ОИД ДАВЛАТ СИЁСАТИ – АМАЛДА

бўлиши учун тегишли соҳа вакилларининг масъулияти ва жавобгарлигини янада кучайтириш зарур

Маълумки, мамлакатимизда мустақиллик йилларида ҳар томонлама етук баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларнинг замонавий билим ҳамда касб-ҳунар соҳиби бўлиши, жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 1989 йилнинг 25 октябридаёқ ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб, уларни тарбиялаш ишига муносабатимизни мутлақо ўзгартиришимиз кераклигини, агар шуни қилмасак, бу юришда катта йўлга чиқишимиз қийин бўлишини таъкидлаганди.

Ана шу фикрларнинг амалдаги ифодаси сифатида истиқлол йилларида эртанги кун эгалари – ёшларнинг ҳар томонлама чуқур билим олиши, ўз иқтидор ва қобилиятини тўла намоён этишлари учун зарур имкониятлар муҳайё этилди. Ёшларга оид дастлабки қонун 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган бўлиб, у “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун ҳисобланади. Шунингдек, Оила кодекси, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунлар ёшлар тарбиясида, уларни соғлом турмуш тарзига ўргатишда, иш билан таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим ҳуқуқий база вазифасини ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йилнинг 14 сентябрь куни имзоланган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун бу борадаги эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Қонун 4 та боб, 33 моддадан иборат бўлиб, ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришни кўзда тутади. Унда ёшларга оид давлат сиёсати, ёшлар (ёш фуқаролар), ёш оила, ёш мутахассис ҳамда ёшлар тадбиркорлиги каби бир қатор тушунчаларга изоҳ берилди.

Хусусан, қонуннинг 3-моддасида қайд қилинганидек, ёшлар деганда ўн тўрт ёшга тўлиб, ўттиз ёшдан ошмаганларни, ёш оила деганда ўттиз ёшдан ошмаган эр-хотиндан иборат бўлган оилани, ёш мутахассис деганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини битирган, ишлаётганига кўпи билан уч йил бўлган ўттиз ёшдан ошмаган ходимни тушуниш керак. Ёшларга оид давлат сиёсати давлат дастурлари ва бошқа дастурлар асосида амалга оширилади.

Ёшларга оид давлат сиёсати деганда, давлат томонидан амалга ошириладиган ҳамда ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш ва уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратишни назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими назарда тутилади.

Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш; ҳаёти ва соғлиғини сақлаш; маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш; улар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш; ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш; ватанпарварлик, фуқаролик туйғуси, бағрикенглик, қонунларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш; ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан, терроризм ва диний экстремизм, сепаратизм, фундаментализм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш; иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш; ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш; ёш оилаларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизимини амалга ошириш ва ҳоказолардан иборат.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ёшлар тадбиркорлиги давлат томонидан қўллаб-қувватланишининг белгиланиши муҳим аҳамиятга молик. Қонунда уларга имтиёзли кредитлар бериш, тадбиркорликка ўқитиш, дастурлар ишлаб чиқиш, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасида шартномалар тузиш назарда тутилган. Шунингдек, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари тартибга солиниб, булар мукофотлар, стипендиялар белгилаш, таълим грантларини тақдим этиш, фан, маданият ва санъат соҳасида ижодий устахоналар ва мактабларни ташкил этишга кўмаклашиш, спорт секциялари фаолиятини ташкил этиш орқали амалга оширилади.

Иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган ёшларни ишга жойлаштиришга ёрдам қўшимча иш ўринлари ва ихтисослаштирилган корхоналарни барпо этиш, ўқитиш бўйича махсус дастурларни ташкил этиш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшларни ишга жойлаштириш учун корхоналар, муассасалар, ташкилотларда иш жойларининг энг кам миқдори захирасини яратиш йўли билан таъминланади.

Кам таъминланган ёш оилаларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда моддий ёрдам бериш чоралари кўрилиши мумкин.

Ўқув жараёни вақтида ўқувчилар ва талабаларни жамоатчилик ишларига жалб қилишга йўл қўйилмайди, бундан улар томонидан танланган мутахассисликка мос ва ўқув-ишлаб чиқариш амалиётининг шакли бўлган ҳоллар ёхуд ўқувчилар ва талабалар ўқишдан бўш вақтида ихтиёрий меҳнат қилган ҳоллар мустасно. Мазкур меҳнат фаолиятига меҳнат тўғрисидаги ёки фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Қонун ҳужжатларида ёшларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг бошқа кафолатлари ҳам берилиши мумкин.

Қайд этиш жоизки, қонунда муҳим масалалардан бири – ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этувчи органлар ва муассасаларнинг ваколатлари ҳамда соҳадаги иштироки белгилаб берилди.

Жумладан, қонуннинг 9-моддасига кўра, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этувчи органлар ва муассасалар тизимига таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, маданият ва спорт ишлари бўйича органлар, меҳнат органлари, прокуратура, ички ишлар, адлия, мудофаа ишлари бўйича органлар киритилган. Шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда бошқа органлар ва муассасалар ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Қонуннинг 30-моддасида эса ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши қайд этилди.

Умуман олганда, амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад ёшларнинг кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлиши, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, Ватан туйғусини чуқур англайдиган, иродаси мустаҳкам, юксак маънавиятли бўлиб етишишига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Хуршида УРАКОВА,

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи