Тиббиёт 08.02.2019 244

ЁШЛАРНИ АСР ВАБОСИДАН ҲИМОЯ ҚИЛАЙЛИК!

Февраль - гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги

ЁШЛАРНИ АСР ВАБОСИДАН ҲИМОЯ ҚИЛАЙЛИК!

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади.  Оқибатда ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи ҳам айнан гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.

Қарши шаҳридаги Маҳаллот маҳалла фуқаролар йиғинида ўтган  "Вояга етмаганлар ўртасида гиёҳванд моддалар истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари" мавзусидаги давра суҳбатида шу ҳақда айтиб ўтилди.

Вилоят ҳокимлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий маркази ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қарши шаҳар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирга мактаб ва академик лицей ўқувчилари ҳамда маҳалланинг уюшмаган ёшлари жалб этилди.

- Гиёҳвандлик ёшлар ҳаётига  жиддий хавф  солаётган глобал муаммога айланган, - деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий маркази бўлим бошлиғи Шуҳрат Ғуломов. - ОИТС, заҳм, вирусли гепатит, сил каби касалликлар  ҳам шу иллат таъсирида юзага чиқади. Бунинг олдини олиш учун "Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз" шиори остидаги тадбирларни ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айлантиришимиз зарур.

Тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Ш.БОЗОРОВА