Қишлоқ хўжалиги 03.07.2017 1033

КЎЧАТ ЭКИБ, БОҒ ЯРАТИШ – ЭЗГУ АНЪАНА

Қишлоқ хўжалиги

КЎЧАТ ЭКИБ, БОҒ ЯРАТИШ – ЭЗГУ АНЪАНА

Халқимизда “яхшидан боғ қолади” деган нақл бор. Бу мажозий маънода айтилган бўлса-да, инсон ўз умри давомида авлодларига мерос қилиб қолдирадиган жамики яхши нарсаларнинг айнан боғга менгзалишида катта маъно-мазмун мужассам. Зеро, бозорлар тўкин-сочинлигида, фойдали ва экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўллигида боғларнинг аҳамияти беқиёс.

Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда боғдорчиликни ривожлантириш ва шу асосда аҳолининг мева-сабзавот, узум ва бошқа маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини тўла таъминлаш, уларни экспортга чиқаришга катта эътибор қаратилмоқда. Натижа эса бозорларимизда сархил меваларнинг мўл-кўллигида, хорижлик ҳамкорларнинг бизда етиштирилаётган маҳсулотларга талаби ортиб бораётганида намоён бўлмоқда.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда етиштирилаётган мева-сабзавот миқдорининг ошишида, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан ишончли таъминлашга эришишда Биринчи Президентимизнинг 2006 йил 9 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда ушбу фармон ижросини таъминлашга қаратилган 2006 йил 11 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор муҳим дастуриламал бўлаётир. Ушбу ҳужжатларга асосан мева-сабзавот ва узумчиликка ихтисослашган хўжаликлар кўплаб имтиёзларга эга бўлди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва умумхалқ муҳокамаси асосида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда боғдорчиликни ривожлантиришнинг аниқ механизмлари белгилаб берилди. Ушбу дастурга асосан, юқори ҳосилдорликка эга бўлган, эртапишар ҳамда ширин таъмга эга пакана ва ярим пакана дарахтларни экиш орқали интенсив боғ ва узумчиликни ривожлантириш ва дунё бозорларида харидоргир экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида жорий йилда 13 минг гектар майдонда янги интенсив боғ ва 7,3 минг гектар токзорлар ташкил қилиш ҳамда 15,4 минг гектар боғ ва 9 минг гектар токзорларни реконструкция қилиш белгиланган.

Яратилган имкониятлар самарасида бу йўналишда иш бошлаётган, янги-янги лойиҳаларни амалга оширишга киришаётган юртдошларимиз сони кўпайиб бормоқда. Буни вилоятимизда биргина 2016 йилда 142,7 минг тонна мева ва 113,4 минг тонна узум маҳсулотлари етиштирилгани, маҳсулотнинг бир қисми ички бозорлар орқали аҳоли дастурхонига етказиб берилган бўлса, яна бир қисми қайта ишлашга ҳамда экспортга йўналтирилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Эътиборга молик жиҳати, боғдорчилик ва узумчилик йўналишида фаолият кўрсатаётган хўжаликлар сони ҳам, етиштирилаётган маҳсулот салмоғи ҳам йилдан-йилга ошиб бораяпти. Мисолларга мурожаат этадиган бўлсак, 2016 йилда вилоятимизда токзорлар барпо этиш бўйича 167 та лойиҳа рўёбга чиқарилган. Яна 244 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1328 гектар ерда маҳаллий ва интенсив боғлар барпо этилди. Ушбу лойиҳаларнинг асосий ташаббускори фермер хўжаликлари эканлиги ҳам эътирофга муносиб. Пировардида улар том маънода қишлоқдаги етакчи кучга айланаяпти, ҳудуд ривожланишига муносиб ҳисса қўшаяпти.

- Ҳар йили фермер хўжаликларида қўшимча ёки асосий тармоқ сифатида мевали боғ ва токзорлар барпо этишга алоҳида аҳамият берилмоқда, - дейди вилоят фермерлар кенгаши бош мутахассиси Руслан Назиров. – Жумладан, жорий йилда 105 та фермер хўжалиги томонидан 304 гектар майдонда интенсив боғлар ташкил этилган бўлса, 325 та фермер томонидан 840 гектар майдонда токзорлар барпо этиш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилди.

Масаланинг муҳим томони, истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида фермернинг иқтисодий имкониятлари кенгайиб, яна янги ташаббусларга қўл уриш таклифи билан чиқмоқда. Қўшимча иш ўринлари яратилаяпти.

- Фаолиятимиз пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган, - дейди Чироқчи туманидаги “Эргашев Нормурод” фермер хўжалиги раҳбари Зайниддин Эргашев. – Шу билан биргаликда, қўшимча тармоқ сифатида боғ ва токзорлар барпо этишга ҳам аҳамият қаратмоқдамиз. Ниятимиз ҳам ички бозорда, ҳам ташқи бозорда бирдек қадрланадиган қуруқ мевалар тайёрлаб, хўжалигимиз даромадини янада ошириш. Худди шу мақсадда бу йил 1 гектар майдонга майизбоп узум кўчатларини экдик. Келгуси йил яна 3 гектар ерни токзорга айлантирмоқчимиз. Узум ниҳолларининг уч йилда ҳосилга киришини инобатга олсак, кўп ўтмай хўжалигимизда майиз етиштириш бошланади. Бундан ташқари, 1 гектар ерда бодомзор барпо этганмиз.

Тўғри, боғ барпо этишнинг ҳам ўзи бўлмайди. Зеро, ниҳол экиб, боғ яратиш, ундан мўл ҳосил кўтариш кишидан машаққатли меҳнат, билим ва тажриба талаб қилади. Оддийгина кўчат танлашда адашиш, дарахтларга нотўғри ишлов бериш натижасида боғдан файз кетиши, ҳосил кутилган миқдорда бўлмаслиги ҳеч гап эмас. Афсуски, ҳамма хўжаликларда ҳам шу соҳани пухта биладиган мутахассислар топилавермайди. Қолаверса, томорқасида мевали дарахтлар парваришлаётган кўпгина юртдошларимизда ҳам ана шундай мутахассислар маслаҳатига, ёрдамига эҳтиёж мавжуд.

Яқинда боғдорчиликка ҳаддан ортиқ қизиқадиган бир танишим билан гурунглашиб қолдик. У кафтдеккина томорқасида 150 тупга яқин турли мевали дарахтларни парваришлаётган экан. Аммо дарахтларни экиш тартибига риоя қилмагани, қолаверса, кўчатни тўғри танлай олмагани боис кутилган ҳосилни олаётгани йўқ экан. Бундан ўзи ҳам нолиди.

- Мана бу дарахтни экканимга 10 йилдан ошди, - деди у шохлари тарвақайлаб кетган ёнғоқ дарахтини кўрсатиб. - Ҳали бир дона ҳам ҳосил олганим йўқ. Билишимча, бу турдаги дарахтлар 15 йилдан сўнг ҳосилга кирар экан. Демак, илк мевани яна камида 5 йил кутишим керак. Мана бунисини эса тўрт йил аввал бозордан олиб эккандим. Бу йил беш-олтита мева тугди. Келаси йил тўлиқ ҳосилга киради. Тўғриси, кўчат танлашга уқувим йўқ. Шу боис айрим дарахтлар манави ёнғоқ каби 15 йиллаб ҳосил бермай ерни эгаллаб ётибди, айримларининг мевасида маза йўқ.

Кўринадики, юртимизда боғдорчилик ривожланиб борар экан, бу йўналишда етук мутахассисларга эҳтиёж ҳам ошиб бораверади. Замон талабидан келиб чиққан ҳолда, касб-ҳунар коллежларида айнан шу йўналишда ҳам нафақат назарий билимга, балки етарли тажриба ва кўникмага эга кадрлар тайёрлашга эътибор қаратиш керак, назаримда. Шунда эккан боғларимиздан янада кўпроқ бол терамиз.

Ж.БОЙМУРОДОВ