Жамият 23.04.2019 242

КЎМИЛГАН ТОКЗОРНИ ҚАБРИСТОН ДЕБ ЎЙЛАЙДИГАН МАСЪУЛЛАР

Нуқтаи назар

КЎМИЛГАН ТОКЗОРНИ ҚАБРИСТОН ДЕБ ЎЙЛАЙДИГАН МАСЪУЛЛАР

асъасаю дабдаба билан келиб, нимани қойил қилаяпти?

Бу воқеа Китоб-Шаҳрисабз йўлида бўлган. Пойтахтдан келган нуфузли идора етакчиси йўл бўйи ҳадеб юзига фотиҳа тортаверган. Бошда "дуо қилаётгандир" деган ўйда бепарво қараган маҳаллий масъулларнинг бориб-бориб ҳайронлиги ортган. Охири юрак ютиб, бирови бунинг сабабини сўрашга жазм этган. "Э, бу ерда қабристонлар кўп экан, шунга фотиҳа қилаяпман", жавоб берган у. Масъуллар эса гап нимадалигини тушуниб, кулгидан ўзларини зўрға тийиб туришган (ва кейин воқеани латифага айлантириб юборишган).

Аён бўлишича, амалдор айтаётган "қабристон" қишда кўмилган токлар экан...

Яқинда ҳудудларда томорқалардан фойдаланиш аҳволини ўргангани келган яна биттаси мутлақо кутилмаган таклифни илгари сурибди.

- Ҳаммасини қўйинглар, - дебди у. - Энг аввал маҳалла раисиникига борайлик-чи, унинг ўзи томорқадан қандай фойдаланар экан?

Кутилмаган бу таклифдан бошқалар довдираб қолгандир эҳтимол, ҳарнечук раис ўзини ҳурмат қиладиганлардан экан, катталар олдида уялиб қолмабди. Ҳовли тўлдириб экилган исмалоқ бу йилги ёғин-сочиндан роса бўй чўзиб, тизза баравар бўлиб кетибди. Юқоридан келган масъулнинг эса негадир ҳеч қовоғи очилмасмиш. "Нима учун ҳовлини ўт босиб ётибди, шуми томорқадан унумли фойдаланиш?" дебди у норози оҳангда. "Қанақа ўт, исмалоқ-ку бу..." тушунтиришибди унга. "Исмалоқ? Нима у?.." дермиш томорқа бўйича масъул...

Хуллас, ана шундай гаплар. Ҳар гапларки, бир қарашда тўқимадай кўринади, афсуски, айни ҳақиқат бу. Аслида ҳудуд ҳақида айтарли билим ва тасаввурга эга бўлмаганларнинг ақл ўргатишларига ўрганиб ҳам кетганмиз. Айниқса, томорқа масаласида.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда аҳолининг томорқадан унумли фойдаланишига қаратилган тарғиботлар авж олди. Қаерга нима экиш керак, нима экса, даромад мўл бўлиши хусусида, кўчага чиқмай ҳовлининг ўзидан миллионлаб даромад қилаётганлар ҳақида лавҳалар тайёрланиб, зарур тавсиялар берила бошланди. Тўғри-да, томорқадан мўмай даромадли бўлиш имкони бўлсаю, нега ундан фойдаланмаслик керак?!

Чамаси кимдир бу тавсияларга азбаройи берилиб кетган чоғи, кейинги тавсиялар "хурмача"дан сал ортиб кетаяпти.

Кўраяпмиз, эшитаяпмиз жойларда беда, макка экилган майдонларни ағдартириб, картошка-пиёз, помидор эктираётганларни. Шундай қилинса, томорқадан унумли фойдаланилаётган бўларкан.

Хўш, киши фалон минг сўмга уруғ олиб нега томорқасига беда экади? Меҳнати кам, дебми? Ё қишин-ёзин яшнаб тургани учунми? Унисиям, бунисиям бўлиши мумкин, бироқ одатда кўпчилик чорвага озуқа бўлсин, деган умидда топган ерига уруғ сочади. Бунинг қадри айниқса ўтган йили бир қучоқ сомоннинг (!) нархи осмонга сапчиб кетганида билинди.

Энди бир ўйлаб кўрайлик. Бир одам 5-6 бош чорва парваришлаб, шунга кетадиган ем-хашакни томорқасига экилган макка-беданинг ҳисобидан қоплади. Ҳар чорваси 5 миллиондан сотилса, 30 миллион сўм нақд дегани. Шундай экан, бу одамни томорқадан унумли фойдаланмаяпти, деб бўладими? Деса бўларкан. Масъуллар назарида бундай одам томорқани ўз ҳолига ташлаб қўйган саналаркан.

Шу жойда хонаки ҳисоб-китоб қилиб кўрсак. Мисол учун, 4-5 сотих келадиган ҳовлини тўлдириб, картошка экдик. Оз эмас, кўп эмас, 1 тонна ҳосил олдик, шу кеча-кундузда бу 2 миллион сўмга тенг бўлади. Борингки, ана 5 тонна картошка бўлса ҳам унинг пули 10 миллион сўмга етади. Ёки помидор. Мавсумда минг сўмдан 5 тонна сотганимизда ҳам 5 миллион сўм фойда оламиз.

Тўғри, деҳқончиликнинг устаси бўлган томорқачилар ердан бир йилда бир неча марта ҳосил кўтариб, даромад чўғини ошираётганлари бор гап. Бироқ беш қўл баравар бўлмаганидек, ҳаммаям уста томорқачи эмас. Кимнингдир қўли чорвага келишади, кимдир парранданинг бутун сир-асрорини эгаллаган, яна биров иссиқхонанинг уддасидан чиқади.

Шундай экан, ҳаммага бир хил талаб қўймай, имконияти ва хоҳишига кўра томорқадан фойдаланиш тавсия этилгани тўғри эмасми?

Биз-чи? Йиллар давомида қўй-ҳўкиз боқиб, рўзғор тебратгани учун томорқасига беда, макка эккан кишининг яшнаб турган ерини мажбуран ағдартириб, унга пиёз, помидор экиши шартлигини айтамиз. Қани бу ерда мантиқ? Умрида деҳқончилик билан астойдил шуғулланмаган одам сабзавот экиб, бойиб кетиши мумкинми?

Ёки ҳовлида 10 туп ёнғоқ экишни олайлик. Ҳар бир ёнғоқ 10 метр радиусда жой олса, бунча дарахтга 100 квадрат метр ер керак бўлади. Шунча жойга ёнғоқ экилса, қаерда деҳқончилик қилиш мумкин? Ёнғоқ ўстирмаслик керак, деган фикрдан йироқмиз, бироқ буни ҳаммага шарт қилиб қўймаган маъқул. Кимдир ёнғоқ экишнинг ҳадисини олганми, майли, экаверсин. Фойдасини кўрсин. Ва унга сабзавот экиш талабини қўймайлик.

Яна бир жиҳати, ҳозир бир кило гўшт 40 минг сўмнинг нари-берисида бўлса, бир кило сабзавот ўртача 3-4 минг сўм. Сабзавотдан олинадиган 100-200 кило ҳосил пулини чорва учун озуқага сарфласак қанча хашак беради? Чорвадор оилага рўзғор учун сабзавот сотиб олиш арзонга тушадими ёки молига хашак сотиш олиш? Ваҳоланки, истеъмол учун гўшт ҳам керак, сабзавот ҳам.

Телевизорда эса томорқадан фойдаланмаётган "танбал" томорқачилар ҳақида кўрсатувларни кўрамиз, энг қизиғи, уларнинг ҳовлида дуруст экин-тикин қилмагани танқид қилинадию, сал нарида кўриниб турган 3-4 бош қорамол ҳақида лом-мим дейилмайди.

Бу ерда масаланинг қонуний томони ҳам борки, унга ҳам аниқлик киритилиши керак. Яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 октябрдаги фармони ҳамда ўша йил 10 октябрдаги қарорида томорқадан унумли фойдаланилмаганда жарима қўлланиши кўрсатиб ўтилган. Қуйида кўраётганингиз - тегишли ишчи гуруҳ томонидан томорқада етиштирилиши таклиф қилинган экинлар ҳақидаги маълумотнома. Унга кўра, ҳар бир томорқада эртачи экинлар - пиёз, картошка, сабзи, помидор, кўкат, бодринг, редиска, қулупнай, ўртапишар - булғор қалампири, яна сабзи, помидор, бодринг, бақлажон,  булғор қалампири, тўқсонбости - пиёз, саримсоқ, исмалоқ, кўкат экилиши, шу билан бир қаторда, мевали дарахтлар - гилос, олма, нок, шафтоли, хурма, ўрик, анжир, беҳию ҳоказолар бўлиши, сигир-бузоғу, эчки-қўй, товуқ, қуён ва улар учун озуқа экинлари экилиши зарур экан. Ана шулар таъминланмаса, томорқа эгаси жаримага тортиларкан...

Шу ўринда бир савол туғилади: томорқа эгаси шу экинларни экмагану, қўлидан келадиган ишга қўл уриб қўйган: чорва боқиб, 20-25 миллион сўм даромад қилган. Хўш, уни ҳам жаримага тортамизми? Ахир у "ўзбошимчалик" қилган, томорқани "ўз ҳолига" ташлаб қўйган-ку... Солиққа тортадиганлар ҳовлига хўжакўрсинга ё жарима тўлашдан қўрқиб номига экилган помидор-бодрингга қарайдими ёки олинадиган фойдага?! Томорқасида на чорва, на экин-тикин қилмаганларнинг эса ёнини олмоқчи эмасман.

Албатта, ҳаммаям ҳовлисида шунча нарса бўлишини хоҳлайди. Буларнинг барини уддалаган одам эса камида миллиардер бўлиб кетади. Бироқ 5-10 сотихли томорқа ортидан миллиардерга айланган одамни ҳали кўрганимиз йўғу аравасини  тортиб юрганлар бор.

Шундай экан, "юқори"дан келаётган тавсияларда талаб тўғри қўйилиши, деҳқон чорва боқишга, чорвадор сабзавот экишга ундалмаслиги  даркор. Томорқадан фойдаланиш маданиятига шу тариқа ёндашсак, ҳаммаси жойига тушиб кетади. Мана кўрасиз...

Н.ХЎЖАЕВ