Қишлоқ хўжалиги 29.06.2017 1029

КЎП ТАРМОҚ ФЕРМЕРГА НИМА БЕРАДИ?

Қишлоқ хўжалиги

КЎП ТАРМОҚ ФЕРМЕРГА НИМА БЕРАДИ?

Бугун фермерлик ҳаракати юртимиз қишлоқ хўжалигида етакчи кучга айланган. Шунга ҳамоҳанг cоҳа ривожини фермерларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Чунки улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчилари ҳисобланади. Мамлакатимиз аҳолиси эҳтиёжи учун зарур бу турдаги ноз-неъматларнинг катта улушини айнан деҳқону фермерлар етказиб бераяпти. Тинмай меҳнат қилган, янгиликларни ўз ишида жорий этган қишлоқ мулкдори борки, муваффақият ҳамиша унга ёр бўлмоқда, ҳар жабҳада маҳсулдорликка эришаяпти. Ҳукуматимиз томонидан соҳа вакилларига кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган қулай шарт-шароит ва имкониятлар ҳам фермерлар қўлга киритаётган ютуқлар залворли бўлишини таъминлаяпти, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Таъкидлаш жоизки, мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераяпти. Қишлоқ хўжалиги экинларини танлашда ҳудудларнинг ўзига хослиги, тупроқ-иқлим шароити ҳар жиҳатдан инобатга олинаяпти. Бу эса фермер хўжаликлари томонидан муайян тармоқларга ихтисослашув жараёни кучайишига олиб келмоқда. Фермерлар ғаллачилик ва пахтачиликдан ташқари юқори истиқболга эга янги тармоқларни йўлга қўйиш, уларни ривожлантиришга ҳам устувор аҳамият қаратаяпти. Сўнгги уч йилда вилоятимизда қарийб 3 мингга яқин фермер хўжалиги кўп тармоқлига айлантирилганини бунинг амалий самараси сифатида кўрсатиш мумкин.

Хўш, кўп тармоқ фермерга нима беради ўзи? Нима учун янги тармоқларни ташкил этиш асосий талаб этиб қўйилаяпти? Бу саволларга қуйида жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Муборак туманидаги “Анзират Ҳазрат” фермер хўжалиги фаолияти йўлга қўйилганига унча кўп бўлмаган. Хўжалик кўп тармоқли мақомга эга. Ушбу субъектга қарашли 47 гектар ернинг 19 гектарида пахта парваришланаяпти. 26 гектар майдонда эса ғалла етиштирилди ва бу йил давлатга дон топшириш режаси ортиғи билан уддаланди. Чорвачилик ҳам хўжаликнинг етакчи тармоқларидан. Ҳудудда яйловларнинг кўплиги хўжаликнинг бу жабҳадаги ишлари яхши юришишига шароит ҳозирлаяпти. Бу ерда маҳаллий зотларга мансуб 200 бош қўй ва эчки боқилаяпти. Хўжаликнинг боғдорчилик тармоғи энди-энди ривож топаяпти. Мазкур йўналишда асосан бодом етиштиришга урғу берилган. Унча кўп сув талаб қилмайдиган бу дарахтлардан мавсумда мўл ҳосил олинаяпти.

- Бугунги бозор иқтисодиётининг талаби шуки, фақат бир йўналишда қотиб қолмаслик керак, - дейди фермер Қувондиқ Суюнов. – Ихчам тармоқларни аста-секин равнақ топтириш орқали молиявий барқарорликка эришаяпмиз, даромадимиз салмоғи ошаяпти. Шунинг ҳисобидан имкониятларимиз ҳам ортаяпти. Кўрилган фойдани хўжалик моддий-техник салоҳиятини янада мустаҳкамлашга сарфлаяпмиз, янги лойиҳаларга сармоя йўналтираяпмиз. Жорий йилда ҳам фаолиятимизни катта даромад билан якунлаш саъй-ҳаракатидамиз. Келгусида бир қанча режаларни амалга оширмоқчимиз. Хусусан, сабзавот маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланиш истагимиз бор. Маҳсулотимизни ички ва ташқи бозорларга етказишни ўйлаяпмиз.

Шаҳрисабз туманидаги “Собиров Суҳроббек” фермер хўжалигига кўп тармоқли фаолиятга ўтиш учун қисқа муддат кифоя қилди. Ўз ишини ғалла ва пахта парваришлашдан бошлаган хўжалик қамрови янги тармоқлар қўшилиши ҳисобига кенгайиб бормоқда. Ўтган йили мазкур субъект тасарруфидаги 1 гектар майдонда иссиқхона барпо қилинганди. Шу тариқа бу ерда помидор, бодринг ва булғор қалампири етиштириш йўлга қўйилди. Хўжалик экспортга маҳсулот чиқариш борасида ҳам кенг имкониятга эга.

- Бу имкониятимиздан самарали фойдаланиш борасида иш олиб бораяпмиз, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Санобар Умарова. – Ўтган йили синов тариқасида кичикроқ жойда саримсоқпиёз эккандик. Ҳосилни йиғиштириб олганимиз ҳамоноқ унга чет элдан харидор  топилди. Маҳсулотимизни Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида намойиш қилгандик. Қозоғистонлик ишбилармонлар ҳамкорлик таклиф қилишди. Оз бўлса-да, 2016 йилда саримсоқпиёз экспортини амалга оширдик. Бу йил учун ҳам шартномамиз бор. Бу сафар 1 гектардан ошиқроқ майдонга саримсоқпиёз экканмиз. Ҳосил пишиб етилиши билан талабгорларга етказиб  берамиз.

Фермернинг айтишича, ушбу йўналишда келгусида яна бир қанча режаларни бажариш мақсад қилинган. Жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатларидан бирига помидор қоқисини экспорт қилишни ташкил этиш мўлжалланаяпти. Бу борада потенциал харидорлар билан келишувга эришилган. Шунингдек, мазкур сабзавотни саноат усулида қуритишни йўлга қўйиш ҳам режада бор. Бундан ташқари, ишбилармон ғалладан бўшайдиган майдонлардан унумли фойдаланишни кўзлаяпти. Жорий йилда 1 гектар ер соя парваришлаш учун ажратилади. Етиштирилган ҳосил вилоятимиздаги ёғ-мой корхонасига топширилади.

Кўп тармоқ – кўп даромад, деганлари рост. Буни  Нишон туманидаги “Нишон кўзгуси” фермер хўжалиги фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Жами 67 гектар ерга эга хўжаликда деҳқончилик асосий ўрин тутади. Ғаллачилик ва пахтачилик билан бирга полизчилик ва боғдорчилик ҳам жадал ривожланаётган тармоқлардан саналади. Бугунги кунда 10 гектар майдонда экспортбоп қовун нави парваришланаяпти. Тез орада маҳсулот юк машиналарига юкланиб, хорижга жўнатилади. 1 гектар ҳудудда барпо қилинган боғда эса маҳсулдор олма ва ўрик дарахтлари ўстирилаяпти. Ўтган йили хўжаликдаги тармоқлар сони яна биттага кўпайди. Чет элдан гўшт йўналишидаги 65 бош наслли қорамол келтирилиши натижасида чорвачиликка асос солинди. Бултур хўжалик 100 миллион сўмдан ортиқ соф фойда билан чиқди. Даромад ошиши эса янги лойиҳалар рўёбга чиқишида муҳим омил бўлмоқда.

Айтиш ўринлики, вилоятимиз иқтисодиётини жадал ривожлантириш, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган харидоргир маҳсулотлар билан тўлдириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш учун юқори иқтисодий-ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар зарур. Ушбу фермер хўжалиги ана шундай режалар ташаббускори сифатида майдонга чиққани эътиборга молик. Мазкур субъект томонидан жорий йилда қиймати 6 миллиард сўмдан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши белгиланган. Аҳамиятлиси, айни вақтга қадар мазкур лойиҳа доирасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.

- Эндиликда саноатда ҳам ўзимизни синаб кўраяпмиз, - дейди фермер Шерзод Узоқов. – Қарши шаҳрида янги мажмуа бунёд этдик. Нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этганмиз. Шу мақсадда чет элдан сўнгги русумдаги, энергиятежамкор печь ва ускуналар олиб келиб ўрнатдик. Ҳозирги кунда цехимизда оби ва қолипли нон, 30 хилга яқин ширинлик тайёрланаяпти. Аҳолига қулай бўлиши учун маҳсулотларимизни шу ернинг ўзида сотишни йўлга қўйганмиз. Шунингдек, бу ерда замонавий типдаги кушхона фаолиятини йўлга қўйдик. У замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Ишлаб чиқариш жараёни автоматлаштирилган тарзда амалга оширилаяпти, иш жараёнида ветеринария-санитария талабларига риоя этилиши таъминланмоқда. Кушхонамизда бир кунда 100 бош йирик қорамол, 200 бош майда молни сўйиб тозалаш имконига эгамиз. Сиғими 40 тонналик совуткич эса гўшт сақлашга мўлжалланган. Мажмуамиздаги 10 сотих ерда ташкил этилган иссиқхонамизда помидор, бодринг етиштириб, бозорга чиқаришга ҳам улгурдик. Келгусида тикувчилик цехини ишга тушириш бўйича иш олиб бораяпмиз. Ушбу цехда трикотаж маҳсулотлари, аёллар либослари тикиш йўлга қўйилади. Шу кунга қадар 100 нафардан зиёд одамни иш билан таъминладик. Уларнинг асосий қисми коллеж битирувчилари.

Эътиборлиси, вилоятимизга ташрифи давомида Президентимиз мазкур лойиҳа билан яқиндан танишган, унинг иқтисодий самарадорлиги ва ижтимоий аҳамиятига юқори баҳо берган, бундай лойиҳалар мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим омил эканини қайд этганди. Бу каби лойиҳалар доирасида қилинаётган ишлар натижасидан ҳам билиш мумкинки, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида халқ фаровонлигини тубдан яхшилаш, аҳолига мустаҳкам даромад манбаи яратиб бериш, турмуш даражасини сифат жиҳатидан ошириш, бозорларимиз тўкинлигини таъминлашдек эзгу мақсадлар ётибди.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.