Қишлоқ хўжалиги 02.07.2019 183

КЎП ТАРМОҚНИНГ ДАРОМАДИ ҲАМ КЎП

Қишлоқ хўжалиги

Кечаги фермер бир ёки иккита тармоқ билан чекланган бўлса, бугун ўнлаб йўналишларда самарали иш юритаётган хўжаликлар сони кўп. Эндиликда қишлоқ тараққиётини уларнинг иштирокисиз тасаввур этиш қийин.

Косон туманидаги "Шермат Саидов" фермер хўжалиги ҳам ҳудуддаги йирик тадбиркорлик субъектларидан бири ҳисобланади. Бир неча йил муқаддам пахта ва ғалла етиштириш билан фаолият бошлаган фермер ўзининг ташаббускорлиги, тадбиркорлиги эвазига яна 10 дан ортиқ қўшимча тармоқларни ишга туширди. Натижада даромад келувчи манбалар сони ошиб, хўжаликнинг иқтисодий салоҳияти юксалиб бормоқда. Бу эса яна янги лойиҳаларни йўлга қўйиш имконини бераяпти.

- Айни пайтда 152 гектар сувли ҳамда 21 гектар лалми ер майдонимиз бор, - дейди хўжалик иш юритувчиси Икром Суяров. - Бу ерда пахта, ғалла ва чорва озуқаси етиштирамиз. Чунки сўнгги йилларда чорвачилик ҳам асосий тармоқларимиздан бирига айланиб улгурди. Ҳозир 80 га яқин йирик шохли молларимиз бор. Уларнинг 30 таси хориждан олиб келинган зотдор сигирдир. Бундан ташқари, 500 бошдан ортиқ маҳаллий зотга мансуб қўй, 50 бош от ҳамда 20 га яқин туя боқаяпмиз. Ҳудуддаги кўплаб тадбиркорлик субъектлари билан чорва маҳсулотлари етказиб бериш борасида шартномаларимиз мавжуд.

Шу билан бир қаторда, хўжаликда бошқа қишлоқ хўжалиги субъектлари ва аҳоли томорқаларига шартнома асосида техника хизматларини кўрсатиш ҳам самарали йўлга қўйилган.

- Иш бошлаган дастлабки йилларимизданоқ хўжаликнинг моддий техника базасини шакллантиришга, фаолиятимиз учун зарур шарт-шароитларни яратишга ҳаракат қилганмиз, - дейди Икром Суяров. - Бугунга келиб "Кейс", "Магнум" каби замонавий ўрим ва ҳайдов техникаси, 5 та янги "МТЗ" русумидаги трактор, шунингдек, барча турдаги қишлоқ хўжалиги учун зарур агрегатларимиз мавжуд. 

Албатта, даромаднинг ошиши фермерга бошқа соҳаларга ҳам сармоя киритиш имконини бермоқда. Масалан, бир неча йил аввал у туманда 600 ўринли замонавий тўйхона қуриб, фойдаланишга топширган эди. Сўнг ёнига яна кўплаб хизмат кўрсатиш ва савдо дўконлари тармоғи қўшилди.

Хўжалик вакилининг таъкидлашича, айни пайтга келиб хўжаликда 130 дан ортиқ киши доимий иш ўрнига эга. Йил давомида яна кўплаб мавсумий ишчи кучидан ҳам фойдаланилади. Даромад ҳам шунга яраша. Ўтган йили хўжаликда фақат соф фойданинг ўзи қарийб 400 миллион сўмни ташкил этган. Бу йил эса камида ярим миллиардни кўзлаб меҳнат қилишмоқда. Шу билан биргаликда, яна янги тармоқларни ташкил этиш, энг аввало ўзи етиштираётган маҳсулотларни шу ернинг ўзида қайта ишлаб, бозорга тайёр маҳсулот ҳолида чиқариш фермернинг навбатдаги режаларидан бирига айланган.

Албатта, фақат битта тармоқни ушлаб, келаётган даромадга қаноат қилиш бугунги давр учун бегона. Буни тўғри англаб, шунга монанд ҳаракат қилаётган, янги-янги лойиҳаларни рўёбга чиқараётган фермер борки, соҳада янада катта ютуқларга эришмоқда. Шу аснода эл-юрт фаровонлигига, қишлоқлар ободлигига ҳисса қўшаяпти. Аслида фермерлик ҳаракатидан кўзланган мақсад ҳам ана шу: ҳар бир фермер аҳолининг фаровон ҳаёти, қишлоқ тараққиётига ҳисса қўшадиган етакчи кучга айланишига эришишдир.

Ж.БОЙМУРОДОВ